Мақолалар

Нозик хилқат тарбияси муҳим вазифа

Oила муқаддас ватан, дея таърифланади. Чунки у тарбия маскани, одамийлик фазилати, ахлоқий қадриятлар шаклланадиган даргоҳ. Ана шу масканда аёлнинг ўрни беқиёс.

Рўзғор тутуми, хонадоннинг иқлими, табиати уй бекасининг хусусиятларига ҳамоҳанг бўлади. Аёл яхши бека бўлса, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди, оила аъзолари ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини боғлаб туради. Аксинча бўлса, ўша уй зиндонга айланади. Шундай экан, қиз фарзанд ўстириш, тарбиялаш энг нозик масала. Кексаларимиз уйланмоқчи бўлган йигитга насиҳат қилиб: “Солиҳ фарзанд дунёга келишини истасанг, яхши она танлаш керак”, дейди. Албатта, қиз бола она бўлганида ўғилми-қизми фарзандига андоза бўлади. Гўдак ҳомила пайтидаёқ онасининг хусусиятларини ўзлаштиради. Ёруғ дунёга келиб, биринчи кўргани ҳам онаси бўлади. Уни эмади, ундан гап-сўз ўрганади, ҳаракатларига тақлид қилади. То мустақил бўлгунича онасининг измида юради. Қиз бола учун энг яқин кишиси она эканини ҳамма билади. Онанинг ҳам сирдоши, дардкаши қизидир. Шунинг учун “Онасини кўриб, қизини ол”, дейишади.

Кўп оталар қизига “Онам” деб мурожаат қилишади. Чунки қиз фарзанд ота-онасига меҳрибон бўлади. Қиз кўрганида хафа бўлган айрим оталар кейин қизлари борлигидан жуда қувонишади. Чунки қиз бола ширин ва меҳрли сўзлари билан отасининг ғам-тафтини олади, ғамхўрлиги билан жонига ора киради.

Қизи бор уйнинг файзу таровати бошқача. Нафосат иси келади у хонадондан. Аёлнинг яратилишида гўзалликка, покликка интилиш, зийнатга ўчлик бор. Зеро, вазифалари ҳам уй-жой юмушларига боғлиқ.

Ўзбек хонадонларида қиз бола тарбияси оғир, деб бу масалага алоҳида ёндашилади. Ёшлигидан ёмон кўздан, қабиҳ сўздан асраб-авайланади. Вояга етгунича шаънига гард тушмасин деб ота-она парвона бўлади.

Қиз бола бировнинг хасми. Эртага ота-онасининг юзу кўзи бўлиб бошқа хонадонга боради. Бахтини топсин, тахтига етсин, деб эртаю кеч дуода бўлишади. Балоғатга етган қизларига меҳмондай муомала қилишади. Ҳар бир хатти-ҳаракатини тўғрилаб, келин бўлиб тушадиган хонадон учун тайёрлашади.  Аслида, бу одоб-ахлоқ йўриғи қиз болани бекаликка тайёрлаш, оналикка кўниктиришдир. Демак, аёлнинг энг биринчи вазифаси ҳам айнан мана шуларда акс этади.

Хулоса қилиб айтганда, Она гулдек жигарпорасини шафқатига ўраб, қалб қўрида асрайди. Унинг меҳрини ифодалаш учун сўзнинг кучи етмаса керак.

 

Гулнора МАЪРУПОВА,

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

7486 марта ўқилди
Top