Мақолалар

Бегоналар назарига нишон бўлманг

Аллоҳ таоло бандаларини бундай огоҳлантиради: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиган бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар... Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).

 Аёлларнинг юзи, икки кафти (ва баъзи бир ривоятларда икки оёғининг тўпиғидан пасти)дан ташқари бутун бадани авратдир. Ушбу ояти карималарга мувофиқ, аёлларга баданидаги аврат жойларини тўсадиган кийим кийиши фарздир. Барча ибодатларни қандай амалга ошириш, қай миқдорда, қандай кўринишдалигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда умумий тарзда баён этган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ана шу умумий ҳукмлар борасида таълим бериб, либосга оид ҳукмларни ҳам батафсил тушунтирганлар.

Ҳозирги кунда либосда хаддан ошишлик яққол кўзга ташланади. Масалан, баъзи ўзбек қизларининг кийими авратини ўндан бир қисмини зўрға ёпиб юрганини кўриб кайфиятингиз бузилади. 

Рўмол – ўзбекнинг шаъни ва ғурури. Мусулмоннинг ҳақиқий ифтихори. Аёлнинг эркаклар кийимидан фарқ қиладиган томони ҳам унинг рўмоли ва кийимининг узунлигидир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Эй Асмо! Агар аёл ҳайз ёшига етса, ундан бу ва мана бугина кўриниши жоиз бўлади”, дедилар ва юз ҳамда икки кафтга ишора қилдилар (Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ ҳайз кўрувчи – ҳайз ёшига етган (яъни, балоғатга етган) аёлнинг намозини фақат рўмол билангина қабул қилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини эркакка ўхшатиб юрувчи аёлларни лаънатладилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари).

Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиз ҳузурига бир гуруҳ аёллар келиб: “Аёлларнинг бўяниши, тилла зирак, билагузук каби тақинчоқларни тақиши ва нафис кийимларни кийиб юриши тўғрисида нима дейсиз?”, деб сўрашганда, Ойша (розияллоҳу анҳо): “Эй, аёллар! Ҳаммангизнинг муаммоларингиз бир хил. Аллоҳ таоло сизларга барча зийнатни ҳалол қилди. Фақат очилиб-сочилиб кўринмасангиз бас”.

Либосни жумладан, рўмолни Аллоҳ фарз қилишидан сабаб аёлларни бегоналар, номаҳрамлардан тўсиш ва гуноҳлардан тийиш учундир. Ҳар бир ёмонлик, ноқулайлик ва муаммолар аслида ўз гуноҳларимиз эвазига келади.

Бундан бир неча йиллар олдин рўмол ўраган қўшниларим билан мени маҳалла идорасига чақиртиришди. Ҳаммамиз суҳбатдан ўтдик. Мен буни огоҳлик, юртимиз тинчлиги йўлида қилинган бир саъй-ҳаракат деб қабул қилдим. Ҳеч қандай ортиқча савол беришмади. Аммо турмуш ўртоғимни маҳалла оқсоқоли ёнига чақириб: “Дўхтир, сизни яқин олиб огоҳлантиряпман, аёлингизнинг рўмолини ечтирмасангиз, қамалишингиз ва ортиқча маш-машаларга учрашингиз мумкин”, деб кўплаб мисоллар келтириб, саросимага туширибди. Турмуш ўртоғим уйга келганларидан кейин: “Қамалиб кетишни истамайман, рўмолингни ечасан”, деб қатъий қарорини айтдилар. Мен эса: “Қўрқманг, ҳеч ким сизни рўмолим учун қамамайди. Бу шунчаки гап-сўзлар. Барибир рўмолимни ечмайман. Агар сизга жиддий зарар етишидан қўрқсангиз, мендан ажралинг, шунда барчасидан қутуласиз”, дедим. Мени бироз койидилар-да, сўнгра умуман бу мавзуга қайтмадилар.

Ҳаётим давомида “ўша ёлғон даъво” қилувчилардан-да кўпроқ синовларга дуч келганман, Аллоҳга беадад шукрки, рўмолим бошимда, ҳеч ким рўмолимни тортиб олгани йўқ. Шу жараёнда имони заиф инсонлар нафақат рўмолларини ечишди, балки намоз ва рўзаларини ҳам унутиб, сочларини ҳар хил бўёқларга бўяб, ўзларини ўзлари йўлдан оздиришди. Аслида ўзимизнинг миллий кийимларимиз ҳам қулай, динимиз аҳкомларига ҳам ҳар томонлама мос келади.

Бир онахоннинг эътирофини мисол келтирсам: “Бир куни жамоат транспортида кетаётсам, ўрта ёшли эркак, тўсатдан гап бошлади. Кўринишимдан норози кайфиятда бўлгани шундоқ сўз оҳангидан билиниб турарди. “Ҳайронман, шундай кенг, катта рўмолни ўраб нима қиласиз, шу сизга ёқадими, опа?” деб савол берди. Мен шунда сизга-чи, ёқадими, дедим. Шунда у: “Йўғе, нималар деяпсиз, асло” деб елкаларини силкитиб қўйди. “Биз бу кийимни номаҳрам эркаклар худди шундай баҳо бериши учун кийганмиз”, деган жавобимга: “Узр опа, мен буёғини ҳисобга олмабман”, деб ўнғайсизланиб, кейинги бекатда шоша-пиша тушиб кетди”.

Аслида барча фаҳш ишларнинг боши аёлларнинг очиқ-сочиқ, беҳаё кийинишларидан, ўзгаларга қоматини кўз-кўз қилишидан кўпаяди, деб ўйлайман. Кенгроқ либос ва рўмол аслида аёлларнинг иффати, ҳаёси, назокатини ғаразли назарлардан ҳимоялайди.

Бу кичик, лекин натижаси улкан муаммога қарши курашишда асосий куч ота-онадир. Таассуфки, ота-оналарнинг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги сабаб баъзи қизларимизнинг кийиниши шарм-ҳаё чегарасидан йироқлашган.

Ёшларнинг кийиниши борасида юзага келаётган ҳаёсизликка биз катталар: “Ахир ота-онаси шундай кийинтириб қўйгандан кейин бизга нима?” деб қараш билан ўзимизни оқлолмаймиз. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз ёки бўлмаса Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангизда дуоингиз қабул бўлмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Демак халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилиш лозим бўлади. Аксинча, ҳеч кимнинг биров билан иши бўлмаса, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлса, бундай ҳолда Аллоҳ таоло ҳам биздан юз ўгиради, дуоларимиз қабул бўлмайди.

Деярли ҳар куни бир хил манзаранинг гувоҳи бўламан. Роса тиқилинч бўлган автобусда ярим яланғоч кийинган қиз-жувонларнинг аҳволи жуда ачинарли. Калта юбка кийган қизларга тиқилиб турган эркаклар уларнинг авратини томоша қилишади. Бу эса беҳад хатарли ва ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлиши аниқ.

Биз ҳаммамиз мўмина-муслималармиз. Кўча-кўйда ўз юриш-туришимиз билан ўзгаларга етарлича намуна бўлишимиз даркор. Бизга яратиб берилаётган шароитлардан мамнуниятлик ила хаддан ошмаслик даражасида фойдаланиб, ўзимизни ва ўзгаларни ислоҳ этишда, айниқса, кийиниш борасида чиройли ўрнак бўлайлик. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини шундай огоҳлантиради: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят).

Тарихда момоларимиз енги ва этаги калта кийим кийиб ёки рўмолсиз юрмаганлар. Бошдан фаришталарни қочирмаслик мақсадида ҳозирда ҳам бувижонларимиз бошларини ним очган ҳолда сочларини тарайдилар. Бунинг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор, албатта.

Хусусан, Хотира майдонида она ҳайкали сиймосига назар солсангиз, ибо-ҳаё билан кийинган ҳақиқий ўзбек аёлини кўрасиз. Бундай кийимда аёлга бегоналарнинг ғаразли нигоҳи ҳеч қачон қадалмайди.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

8745 марта ўқилди
Top