Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Ноябр, 2026   |   9 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:11
Пешин
12:14
Аср
15:19
Шом
17:04
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Ноябр, 2026, 9 Жумадул сони, 1448

Рамазон ва гўзал хулқлар

18.05.2019   50537   4 min.
Рамазон ва гўзал хулқлар

Саҳобаи киромлар айтадилар: Биз муборак Рамазон ойи келганида,  Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амаллари ичида уч нарсани янада зиёда бўлишини сезар эдик.

Биринчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга жуда кўп машғул бўлар эдилар. Ваҳоланки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий кунлардаги ибодатлари ҳам шундай эдики “кўп ибодат қилганларидан муборак оёқлари ишиб кетар эди”. Шундай бўлсада, муборак Рамазон ойида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдингидан ҳам кўпроқ ибодат қилар эдилар.

Иккинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам  Рамазон ойида Аллоҳнинг йўлида жуда кўп хайр-садақа қилар эдилар. Рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетар эди.

Учинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам  Рамазон ойида Аллоҳга кўп дуо қилиб йиғлар эдилар.

Ушбу уч амалда Рамазон ойи ичи янада зиёдалик кўзга ташланар эди. 1.Ибодатга жуда кўп ғайрат қилишлик.

2.Аллоҳ таъолонинг йўлида кўп хайр-садақа қилишлик.

3.Аллоҳ таъолога ихлос билан дуо қилиб кўз ёш тўкишлик.

Биз ҳам муборак Рамазон ойида мана шу уч амалга хос эътибор қаратайлик. Ибодат орқали жисмимизга таскин берайлик. Бизнинг жисмимиз дунё ишлари учун ҳар куни толиқади. Ҳаётда бирор шундай вақт ҳам келсинки, у Аллоҳнинг ибодати учун ҳам толиқиб турсин. Бирор шундай вақт ҳам келсинки, бизнинг кўзларимиз уйқуга муштоқ бўлсин ва биз: “Агар сен Аллоҳнинг розилиги учун уйғоқ турсанг, у ҳолда қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг дийдори насиб бўлади. Бу кўзлар бугун уйғоқ бўлса, у ҳолда эртага қабр ичида ширин уйқуда бўлади” деб  ўзимизга тушунтирайлик. Дарҳақиқат, ибодатда уйғоқ туриш ойи келяпти. Биз оромимизни камайтириб олайлик. Бу ибодат машаққатини кўтариш ойидир деб ўзимизга тушунтирайлик.

Шу ўринда Ифтор вақтидаги мукофот ҳақида ҳам эслатиб ўтсак:

Шариъат буюрадики, агар бирор мардикор бировнинг уйида ишласа ва иш вақти тугаса, унинг пешона териси қуримасдан туриб, унга иш хаққини бериб юбориш керак. У ҳолда нима деб ўйлайсиз? Қачонки, шариат биз ожиз бандаларга мардикорнинг пешона териси қуримасдан иш хаққини бериб юборишга буюриб турганда, қайси банда Аллоҳ таъоло учун бутун кун  бўйи Унинг буюрган ишини қилса, рўза тутса, очқолса, чанқаса ва машаққатларга чидаса, энди, унинг ифтор вақти бўлганда, (гўёки, иш вақти тугаганда) Аллоҳ таъоло унга ўша заҳоти меҳнатининг мукофотини бермайдими?  Шундай бир фарқ борки, биз бирор мардикорни ишлатиш учун уйга олиб келсак, эй, биродар! Сенга шунча ҳақ бераман, сен эса бизга мана бу ишни килиб бер, деб у билан иш ҳаққини келишиб оламиз. Ўша ишни қилиб бўлгандан кейин биз унга келишилган иш ҳаққини бериб юборамиз. Лекин кимнинг ҳиммати баланд бўлса, у мардикор билан иш ҳаққини келишиб ўтирмайди, қанча десанг бераман, сен эса бизга мана бу ишни қилиб бер дейди. Худди шунингдек,  Аллоҳ таъоло ҳам: “Эй, Менинг суюкли маҳбубимнинг рўзадор умматлари! Сиз холис Мен учун рўза тутинг ва ифтор вақти бўлганда, нима сўрасангиз бераман. Сизлар нимани сўрасангиз, Мен Роббингиз сўраганингизга кўра ато қиламан. Сўрашлик сизнинг ишингиздир. Сизларни сўраган нарсаларингизга тўлдириб ташлашлик Менинг ишимдир” деб шундай муомала қилади. Шунинг учун, рўзадорнинг дуоси қабул бўлади.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إن للصائم عند فطره دعوة لا ترد

“Албатта, рўзадорнинг ифтор вақтида рад қилинмайдиган дуоси бор” деганлар.

Шу ўринда инсон фикридан кичик бир мулоҳаза ўтади: Ҳар куни ифторликларга борамиз, афсуски, шундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз, кун бўйи Роббимизнинг буюрган ишини қилиб, рўза тутамиз, очқаймиз, чанқаймиз, машаққатларга чидаймиз, ифтор вақтида Роббимиз меҳнатимиз мукофотини бераман, дуоларингизни қабул қиламан деб турганда эса, беҳуда гаплар билан оворамиз. Қудрати чексиз бўлган Роббимиз Рамазонни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдек фойдаланишимизни ва ифторликда унумли дуо қиладиган ва дуолари ижобат бўладиган бандаларидан қилсин. Валҳамдулиллаҳи Роббил аламин.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

катта  ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания муфтийси Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлини юқори баҳолади

19.11.2026   6348   2 min.
Иордания муфтийси Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлини юқори баҳолади

Иордания сафари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот жаноблари билан учрашув ўтказдилар.

Мулоқотда икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари самараси ўлароқ, барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, хусусан, малака ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, диний таълим ҳамда фатво ишлаб чиқиш йўналишларида салмоқли натижаларга эришилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ҳамда Иордания Фатво уйи ўртасида қўшма илмий ҳайъат ташкил этилгани, мазкур ҳайъат замонавий долзарб масалалар юзасидан фатволар ишлаб чиқиш ва илмий таҳлиллар ўтказиш борасида салмоқли натижаларга эришаётгани эътироф этилди.

Аҳмад Ҳасанот Ўзбекистон буюк аллома ва мутафаккирлари билан бутун дунёга машҳур экани, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний ва Қаффол Шоший каби буюк алломалар мероси билан нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё мусулмонлари фахрланишини эътироф этди.

Иордания Бош муфтийси шу кунларда Аммон шаҳридаги нуфузли ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда подшоҳликнинг миллий кутубхоналари ҳамда етакчи университетларида «Янги Ўзбекистон китоб бурчаклари» ташкил этилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.

Ушбу маърифат масканларида Давлатимиз Раҳбарининг араб тилига таржима қилинган асарлари ҳамда юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган китоб-альбомлар тақдимотлари ўтказилгани халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий ришталарни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, Иордания жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, илм-фан намояндалари, уламолар ҳамда дин ва давлат арбоблари иштирокида «Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган халқаро анжуман-тақдимот долзарб аҳамиятга эга эканини билдирди.

Учрашув якунида Давлатимиз Раҳбарининг араб тилига таржима қилинган «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон», «Ватан ва халқ ҳақида ўйлар», «Динлараро мулоқот ва бағрикенглик» каби асарлари ҳамда Янги Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларга бағишланган китоб-альбомлар Иордания фатволар марказига тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари