Рамазон-2019

Рамазон тавбага йўл

Танловга!     

Аллоҳ таолога ҳамд, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига саловоту саломлар бўлсин!

          Рамазон… Бу сўзни эшитганда қалбларга қувонч, кўнгилларга хушнудлик киради. Мўмин кишиларнинг қалбларини сакинат ўраб олади. Беихтиёр унинг хотирига хурсандчилик, шодлик дамлари келади. Ўтган раамазон ойининг шукуҳини эслайди. Ҳам жисмий ҳам ботиний кирликлардан тозаланишини ўйлаб хурсанд бўлади. Қандай қилиб ҳам бундай бўлмасин? Ахир бу ойда шайтонлар кишанланиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг биз гуноҳкор бандаларга раҳмат эшиклари очилиб, Аллоҳ таоло “Қани тавба қилувчи борми? Унинг тавбасини қабул қиламан. Қани дуо қилувчи борми? Унинг дуосини ижобат қиламан” деб бизларга Ўзининг раҳматини ва мағфиратини айнан мана шу ойда ёғдирадиган бўлса. Биздан фақат гуноҳлардан ҳақиқий тавба қилиб, Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига холис амал қилиб, қайтариқларидан қайтиб, ўзимизни ислоҳ қилиб, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манҳажларини маҳкам ушлаб, дунё ва охират саодатларини қўлга киритишимизгина қолмайдими? Рамазон ойи келди. Чин тавба қилиш вақти келмадимикан?

          Аслида тавба эшиклари ҳар доим очиқ. Модомики, жонимиз ҳалқумимизга тиқилмас экан ва қуёш мағрибдан чиқмас экан бизларнинг чин дилдан қилган тавбаларимиз қабул қилинади ин ша Аллоҳ. Лекин ҳозир Рамазон ойида турибмиз, бу ой тавба учун айни фурсат эмасми? Шубҳасиз бу ойда бошқа ойларга қараганда чин тавба қилишимиз осон бўлади. Чунки, биз бу ойда бошқа ойларга қараганда Роббимизнинг раҳматини кўпроқ ҳис қиламиз. Лекин бу гапдан тавба учун Рамазон ойини кутиш керак экан деган гап келиб чиқмайди. Жон Аллоҳ таолонинг омонати. Уни қачон хоҳласа ўша пайт олади. Шундай экан, бизга ҳозир Рамазон ойида турибмиз, бу ойни ғанимат билиб, тавба-тазарруга шошилишимиз лозим бўлади. Бекорга ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рамазонга етиб, мағфират қилинмаган кишининг бурни ерга ишқалсин, хор бўлсин!” демаганлар. Чунки Рамазонни ғанимат билмаган киши тавба қилмаган, мағфират сўрамаган бўладида. Биродарларим! Бундай бадбахт кишилардан бўлиб қолмайлик. Бу ойда гуноҳлардан тавба қилиб, бу ойдан чиққанимиздан кейин ҳам бу гуноҳларга қайтмайлик. Зероки, Рамазонда тавба қилмасак, қачон тавба қиламиз? Рамазонда Аллоҳга қайтмасак қачон Аллоҳга қайтамиз?

          Шу ўринда бир савол туғилади. Чин тавба қандай бўлади? Бу саволга Аллоҳ таолонинг Китоби Қуръони каримдан жавоб қидириб кўрайлик. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади “Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қилади? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар”.

          Демак, оятдан келиб чиқадики, гуноҳда бардавом бўлинмаса, гуноҳни эътироф қилинса ва истиғфор айтиладиган бўлса, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирар экан. Чин тавба қандай бўлиши борасида уламоларимиз ҳам кўп гапларни айтганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз.

          Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейдилар “Ҳақиқий тавба, худди соғилган сут елинга қайтмаганидек, тавбадан кейин гуноҳларга қайтмасликдир”.

          Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтадилар “Учта шарт бўлмаса тавба қабул бўлмайди:

  1. Тавбани қабул бўлмай қолишидан қўрқиш
  2. Тавбани қабул бўлишига умид қилиш
  3. Тоат-ибодатда давомли бўлиш”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар “Ҳақиқий тавба ўзи аввал яхши кўрган гуноҳидан нафратланиш. Гуноҳини эслаганда истиғфор айтишдир”.

Али ибн Ҳусайн роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар “Тавба амал билан ва гуноҳлардан қайтиш билан бўлади. Тавба шунчаки сўз билан бўлмайди”.

Шайх Шаъровий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Тавба” китобларида қуйидаги лафзларни келтирадилар “Тавба қилган киши уч нарсани доим ёдда тутиши лозим бўлади:

  1. Қилган гуноҳининг ниҳоятда қабиҳлигини
  2. Аллоҳ таолонинг бу гуноҳга азоби қаттиқлигини ва Аллоҳ таолонинг бу гуноҳга бўлган азобига, У Зотнинг ғазабига банда тоқат қила олмаслигини
  3. Ўзининг заифлигини ва тадбири озлигини”.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар “Ҳар битта гуноҳга тавба қилиш вожибдир. Агар гуноҳ банда ва Аллоҳ таоло ўртасида бўлиб, бу гуноҳга бошқа бир банданинг ҳаққи аралашмаган бўлса, тавбанинг учта шарти бор:

  1. Қилган гуноҳидан батамом ажралиш
  2. Қилган гуноҳига надомат қилиш
  3. Гуноҳига абадул абад қайтмасликка азму-қарор қилиш”.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг гапларидан келиб чиқадики, агар гуноҳга бошқа бир банданинг ҳаққи аралашган бўлса, тавба токи у бандани рози қилмагунча қабул бўлмайди. Шунинг учун бировнинг ҳаққига эъҳтиёт бўлиш керак. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, тавбада яна бир дақиқ сир бор. Тавба фақат гуноҳ сабабидан қилинмайди. Қанчадан-қанча солиҳ инсонлар, Аллоҳ таолонинг авлиёлари бор, улар ҳар дамларида тавба билан, истиғфор билан машғуллар. Ҳаттоки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар куни юз марта истиғфор айтганлари ҳадисларда ривоят қилинади. Бунинг сабаби эса, бу Аллоҳ таолога тавозуъ намунаси, ҳар доим Аллоҳ таолога муҳтож эканини эътироф этишдир. Бошқа жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, инсонларнинг ҳеч қайси бири, Аллоҳ таолонинг берган мўл-кўл неъматларига шукр қилиб, адоғига етказа олмайди. Шунинг учун ҳам у тавба билан машғул бўлади.

Мана бу – гуноҳлар билан машғул бўлиб юрганидан сўнг, биз юқорида баён қилгандек чин тавба қилиб, солиҳ амалларда бардавом бўладиган кишиларнинг тавбасидир. Бу эса Аллоҳ таолонинг олдидаги улуғ даража ҳисобланади.

Азизлар! Мана чин тавба қандай бўлишни ҳам оз бўлсада билиб олдик. Рамазон ойларида турибмиз, бу ойни мана шундай тавбалар қилиш учун ғанимат билайлик. Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи тугаса, бу ойдан ажралганлари учун йиғлар эканлар. Кўп нарсаларга улгурмай қолганларидан надомат чекар эканлар. Мана бу нарса ҳам уларнинг тавбаларига далолат қилади. Албатта бу уларнинг ўта солиҳ бўлганларидан ва қалблари тоза бўлганликларидандир. Биз ҳам ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, мана шундай солиҳ кишиларнинг йўлларини тутишимиз керак бўлади.

Аллоҳим бизларни солиҳ бандаларингни муваффақ қилган нарсаларга муваффақ қилгин. Бизларни тўғри йўлингга ҳидоят қилгин! Амийн.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг

4-курс талабаси Хушвақтов Абдулҳай тайёрлади.

34483 марта ўқилди
Top