Рамазон

Таровеҳ неча ракат?

Абу Салама ибн Абдурраҳмон Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазонда ўқийдиган намози қандай эканлигини сўраганларида, уммул мўъминин Оиша онамиз разияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракатга зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракат (витр) ўқир эдилар”. – деб жавоб берганлар

Мазкур ҳадиси шарифга биноан пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳни саккиз ракат ўқиганликлари маълум бўлмоқда.

 Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан қилинган ривоят ҳам юқоридаги ҳадисни қувватлаб келган.  Зеро, у зот  “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида бизга саккиз ракат намоз ўқиб бердилар ва витр ўқидилар. Эртаси куни биз масжидга йиғилдик, ул зоти шариф чиқади, деб ўйладик. Бас, тонг отгунча бизнинг олдимизга келмадилар. Сўнг келганларида, биз айтдикки: “Эй, Расулуллоҳ! Кеча масжидда тўпланган эдик, бизга намоз ўқиб берасиз деб умид қилган эдик”. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга фарз бўлиб ёзилишидан қўрқдим”, – дедилар”.

Шундоқ бўлса-да, таровеҳни йигирма ракат эканлигига саҳобалар, тобеъинлар, ҳамда улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар. Жумладан,  Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда йигирма ракат таровеҳ ўқиганлар ва витрни ҳам ўқиганлар. Имом Байҳақий ҳам мазкур ҳадисни ривоят қилиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма ракатни жамоатсиз ўқир эди”, деб қўшимча қилганлар. Абу Абдураҳмон Суламийнинг ривоятида, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Рамазонда қориларни чақириб, улардан бирига одамларга йигирма ракат ўқиб беришни буюрган, Ҳазрати Али эса уларга витрни ўқиб берганлар.

Язид ибн Румон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг замонида одамлар йигирма уч ракат ила қоим бўлар эдилар”. Йигирмаси таровеҳ, учтаси витр. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларнинг рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракат жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Ҳатто ҳазрати Умардан кейинги ҳазрати Усмон ва ҳазрати Алийдек хулофои рошидинлар мартабасидаги зотлар ҳам бу амални тўхтатишмаган. Ваҳоланки, бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг рўпарасида ҳаргиз сабр қилиб турмаганлар, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатардилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: “Ўзингларга менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий бўлган (яъни, ҳидоят, тўғри йўлда юрувчи) халифаларимни суннатини лозим тутинглар, буни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар”. (Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўрсатмаларига мувофиқ Мулло Али қори раҳматуллоҳи алайҳ “Мишкатул масобиҳ”нинг шарҳи “Мирқотул мафотиҳ”да саҳобалар таровеҳ намозининг йигирма ракат эканлигига ижмо қилишганлигини келтирганлар.

Юқоридаги ривоятлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, таровеҳ намозининг йигирма ракатлиги кеча ёки бугун пайдо бўлган нарса эмас, балки Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларидан бошлаб жорий қилинган суннат экан. Ўтган аждодларимиз ушбу суннатга оғишмай амал қилиб келган. Аллоҳ таоло бизларга ҳам ана шундай мустаҳкам эътиқодда бўлишимизни насиб этсин. 

Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдуғофур Ниязқулов

82289 марта ўқилди
Мавзулар
Top