muslim.uz

muslim.uz

Янгиланаётган Ўзбекистон диёрида муборак Рамазон ойи тинчли, меҳру оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан кутиб олинди. Президентимизнинг жорий йил 8 апрель куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида, ҳар томонлама муносиб ўтказиш дастури ишлаб чиқилди.

Дастурга мувофиқ, жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда ёш авлодни Ватанимизга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарғибот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишлар замирида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғояси ётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий ишлар диққат марказидадир.

Юртимизда муқаддас Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, эзгу амалларни адо этиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Ўтган йилги Рамазон ойи панде­мия шароитида, карантин талаблари палласида ўтгани ҳаммамизнинг ёдимизда. Шундай қийинчиликларни ҳам давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва метин интизом асосида енгиб ўтдик. Бироқ ҳали хавф чекингани йўқ, эҳтиёт чоралари ҳам бекор бўлмади. Шу боис, бу йил ҳам ушбу ойни карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказишга мажбурмиз. Бу вазият барчамиздан ҳушёр ва сергак бўлиш, масъулиятни янада оширишни талаб этади. Зеро, Рамазон ойида масжидларда таровеҳ, хатми Қуръон ибодатлари ташкил этилиб, уларда кўплаб намозхонлар иштирок этади.

Шунга кўра, барча масжидларда тозалик ва ободонлаштириш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш ва муқаддас Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ишлари олдиндан жиддий назоратга олинди ҳамда жорий йилнинг 20 февралидан 20 мартига қадар “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш” ойлиги эълон қилинди. Қайд этиш жоизки, мазкур ойлик давомида жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, мавжуд қабристонлар, зиёратгоҳ ва масжидларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда биноларни тўлиқ дезинфек­ция қилиш ташкил этилди;

— имом-хатиблар ташаббуси асосида маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда 9 мингга яқин маҳалла ва аҳоли яшаш пунктида, маҳаллалардаги ёлғиз кекса, боқувчисини йўқотган 6231 нафар фуқаро хонадонларида ҳашар тадбирлари ўтказилди;

131 574 туп гул, мевали ва манзарали дарахтлар экилди, 335 минг метр ариқ тозаланди;

ОАВ ва интернет орқали аҳолини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига тарғиб этиш йўналишида мунтазам чиқишлар қилинди.

Шу билан бирга, COVID-19 касаллиги тарқалиши бўйича мавжуд ҳолатни эътиборга олиб:

санитария-гигиена ва дезинфек­ция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарини ҳар куни дезин­фекция қилиш, уларнинг кириш жойларини пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич), антисептик воситалар билан жиҳозлаш;

ижтимоий масофаланишни (1,5­2 метр) сақлаш, бунинг учун ҳудуд ва ибодат жойларига махсус белги қўйиш, таровеҳ намозлари учун асосан, масжид ҳовлиси, очиқ ҳудудларда жойлар ташкил этиш, ибодат тугаганидан сўнг ҳудудни тез фурсатда тарк этиш;

фуқаролар масжид ичида ва намоз асносида тиббий ниқоб таққан ҳолда бўлиши ва масжидга киришда қўлларни дезинфекциялаш воситасидан фойдаланишини назорат қилиш;

диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни амалга оширишда 60 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ҳамда сурункали касаллиги мавжуд шахсларга улар томонидан кунлик диний тадбирларни имкон қадар уй шароитида амалга ошириш бўйича мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш;

жамоавий ибодатлар ташриф буюрувчилар тиббий ниқобда бўлган ҳолда қатъий санитария-гигиена қоидалари асосида ўтказилиши, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида шахсий масъулиятни ошириш юзасидан тарғибот йўлга қўйилди.

Юртимизда қадимдан Рамазон кечалари Қуръони каримни тўлиқ хатм қилиш чиройли анъанага айланган. Бу йил ҳам кўплаб жоме масжидларимизда хатми Қуръонлар тизимли давом этмоқда. Жорий Рамазон ойида мамлакатимизда фаолият юритаётган 2088 та масжиддан 1373 тасида хатми Қуръон (Қуръон китобини тўлиқ ўқиш) ва 685 та масжидда аҳоли талаби­га кўра, қисқа таровеҳ намозлари ташкил этилмоқда. Ҳозир таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли 30 та масжидда таровеҳ намозлари адо этилмаслиги маълум қилинган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсиясига кўра, ушбу тадбирларга 2320 нафар қори жалб этилди.

Рамазон ойининг улуғворлиги, алоҳида фазилатли томони шундаки, у саховат ойи ҳамдир. Меҳр-мурувват, саховат халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Саховатли зотлар, уларнинг тарихда қолдирган яхши номлари, саховатпешалик билан амалга оширган ишлари биз учун, ёшларимиз учун ибратдир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни саховат мавсумий қадрият эмас. Бироқ муқаддас китобларимизда Рамазонда қилинадиган ҳар қандай хайрли амаллар, жумладан, хайр-саховатга ҳам бошқа ойлардагидан бир неча ҳисса кўпроқ ажр берилиши қайта-қайта таъкидланади.

Буюк аллома Алоуддин Самарқандий “Туҳфат ул-фуқаҳо” асарида: “Кишиларда Рамазон ойида савобли ишларни ҳар қачонгидан-да кўпроқ қилишга интилиш иштиёқи янада ортади. Айниқса, давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан”, дейди.

Диёримиз мусулмонларига қулай бўлиши учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъатининг милодий 2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори ҳам эълон қилинди. Қолаверса, бир ой давомида фақат яхши ниятда, яхши амалда бўлган кишиларнинг Рамазондан кейинги ойларда ҳам бундай яхшиликларни давом эттиришлари табиий.

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарорида Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш борасида тавсиялар берилган. Шунга кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, “Зиё” медиа маркази билан биргаликда “Ҳидоят сари”, “Зиё” кўрсатувлари ва “Рамазон туҳфаси” эшиттириши эфирга узатилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида берилаётган материаллар эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги, Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгулик, мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ғоялари, динимиз арконларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик фазилатларини улуғлашга даъват этадиган суҳбат ва маърузалар шаклида ташкил этилмоқда.

Телеканалларда миллий қадриятларни улуғлаш, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришга бағишланган бадиий фильмлар, муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишларни ёритувчи ҳужжатли-публицистик фильмлар намойишини ташкил этиш масаласи эса айни муддао бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний соҳа ходимлари томонидан интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали Рамазон ойида саҳарлик, ифторликларни хонадонларда оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона ўтказиш, карантин қоидаларига риоя этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини сунъий равишда оширмаслик, турли бидъат ва хурофотлардан сақланиш, ёт ғояларга асосли раддиялар бериш, аҳоли саломатлигини сақлаш каби мавзуларда тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жума маърузаларида алоҳида мавзулар бериб борилмоқда.

Масжидлар имом-хатиблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамкорлигида Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларида истиқомат қилаётганлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ногирон, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилаларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ҳамда саховатпеша инсонларни жалб қилган ҳолда моддий ёрдам кўрсатиш ишлари бошлаб юборилди.

Умуман, амалга оширилаётган барча эзгу ишлар Рамазон ойининг диёримизда янада шукуҳли ва кўтаринки руҳда ўтишига хизмат қилмоқда. Ватандошларимиз бугунги эркин ибодатларига мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, барқарорлик сабаб бўлаётганини чин дилдан ҳис этаётганлари таҳсинга сазовор.

Музаффар КОМИЛОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

2021 йил 15 апрель, №75 (331)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Рўзадорларнинг дуоси рад этилмайди (Имом Ибн Ҳиббон ривояти), деганлар. Нега? Чунки рўзадорнинг қалби синиқ, шикаста бўлади. Парвардигорга яқин, Унга итоатда, Ваҳҳоб зотдан қўрқиб, таом-шаробини тарк этади, шаҳватлардан тийилади. Рамазон – дуолар ижобат бўладиган, тавба-тазаррулар қабул этиладиган ой.

Дуонинг ўзига яраша одоблари бор. Аввало, мусулмон киши Аллоҳ азза ва жалланинг фазлу марҳаматига қатъий ишониши керак. Шунингдек, дуо бошида, ўртасида ва охирида Аллоҳга ҳамд, Набий алайҳиссаломга салавотлар айтиш зарур.

Дуода муҳими кечанинг охирги учдан бир қисми, саждалар, азон билан такбир ораси, беш вақт намоздан сўнг, жума кунининг охирги соати, аср намозидан кейин, Арафа куни каби дуо ижобат бўладиган вақтларга интилишдир.

Эй рўзадор, қуёш ботишидан аввал, қорин очиб, чанқаган пайтда – ифторликдан аввал фазилатли соатлар бор! Бас, дуони кўпайтиринг, ёлвориб сўранг. Саҳар пайтида ҳам бир вақт борки, у вақтда Ҳайй Зотдан сўраш керак. Бас, биз фақирмиз, У Бойдир. Биз заифмиз, У Кучлидир. Биз фониймиз, У Боқийдир.

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси: «Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этгувчи қилгил. Парвардигоро, дуоимни қабул айла» (Иброҳим сураси, 40-оят).

Мусо алайҳиссаломнинг дуоси: «(Мусо) деди: “Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин, ишимни осон қилгин”» (Тоҳо сураси, 25–26-оятлар).

Сулаймон алайҳиссаломнинг дуоси: «Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан» (Сод сураси, 35-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари: “Жаброил, Микоил, Исрофилнинг Парвардигори, ғайбу шаҳодатни билгувчи Зот – Аллоҳим, Сен бандаларинг орасида улар ихтилоф қилаётган нарсаларда ҳукм қилурсан. Мени Ўз изнинг билан ҳаққа ҳидоят қилгин. Сен истаган бандангни тўғри йўлга ҳидоят қиласан”.

Дуонинг тўрт қоидаси бор:

  1. Аллоҳ азза ва жаллага қуллик қилиш, ўта хокисорлик билан Унга ишонган ва умид қилган ҳолда сўраш.
  2. Яхшиликнинг келишини ёки ёмонлик даф этилишини сўраш.
  3. Агар мўмин кишининг дуоси бу дунёда ижобат бўлмаса, ажри охиратга олиб қўйилади.
  4. Дуо билан Аллоҳнинг ягоналигини эътироф қилиш, одамлардан, уларнинг қўлига қараб қолишдан узоқ бўлиш.

«Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара сураси, 201-оят). «Парвардигоро, Ўзинг бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин!» (Оли Имрон сураси, 8-оят).

Абдураҳмон ОРТИҚОВ,

Андижон шаҳридаги “Уйғур” жоме

масжиди имом-хатиби

 

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди

 

ЎМИ матбуот хизмати

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).

Дастлаб рўза тутиш маълум кунлардагина фарз бўлган эди. Муоз ибн Жабал, Ибн Аббос, Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳум) ривоятига кўра рўза Исломнинг аввалида олдинги умматларнинг рўзаси каби ҳар ойда уч кун тутилган. Бу ҳолат Нуҳ (алайҳиссалом) даврларидан то Рамазон ойи рўзаси фарз қилингунча давом этган.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида ҳар ой уч кун ҳамда ашуро куни рўза тутганлар. Сўнг: "Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир" (Бақара, 183) ояти нозил бўлди.

Ўшанда соғлом ва муқим киши ихтиёрли бўлиб, хоҳласа рўза тутар, хоҳламаса бир мискинга таом берарди. Салама ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: "Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятни (Бақара, 183)нозил қилганидан сўнг, бизлардан ким хоҳласа, рўза тутар, хоҳламаса рўзаси ўрнига бир мискинга таом берарди".

Сўнгра: "Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин" ояти тушди ва мусулмонлар учун рўза тутиш қатъий лозим бўлди.

Бу оят нозил бўлганида мусулмонлар ифторликдан то уйқуга ётгунгача таомланишлари мумкин эди.

Агар туннинг бир қисмида уйғонсалар таом ейишлари ва аҳли билан яқинлик қилиш мумкин эмасди.

Кейин бу оят: "...Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!" (Бақара, 187) нозил бўлди ва бандалар кечаси тонг отгунгача еб-ичиши ва бошқа мубоҳ ишларни қилишлари мумкин бўлди.

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Одам боласининг ҳамма амали бир неча баробар оширилади: битта яхшилик ўн баробаридан етти юз баробаригача оширилади. Аллоҳ таоло: "Рўза ундай эмас. Рўза Мен учундир. Ўзим унинг мукофотини бераман. Зеро, Одам боласи шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади", деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганидаги бир қувонч, Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир. Рўза пардадир. Бирортангиз рўза тутса, ёмон гапирмасин ва бақириб-чақирмасин. Бирор киши уни сўкса ёки уришса, "Мен рўзадорман!" десин" (Муттафақун алайҳ).

Рўза ибодатларнинг энг улуғи, фазилатлисидир. Унинг савоби фақат тутган киши учундир, камайтирилмайди ҳам, бошқаларга олиб берилмайди ҳам. Аллоҳ таоло бу ойни барчамиз учун баракотли қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мўмин-мусулмонлар интиқиб кутган Рамазон ойи ҳам кириб келди. Юртдошларимиз ўзгача кайфият ва шукуҳ билан ушбу фарз амалини адо этишмоқда. Айниқса, бу йилги Рамазони шарифда мамлакатимиздаги 1380 дан ортиқ жоме масжидларида таровеҳ намозлари ўқилаётгани, Қуръони карим хатм қилинаётгани барчамизнинг кўнглимизни шод қилмоқда.
Ўтган йили мўмин-мусулмонлар каронавирус пандемияси сабаб таровеҳ намозларини жамоат бўлиб ўқий олмаган, хатми Қуръон фазлидан баҳраманд бўлолмаган эди. Бу гал эса Аллоҳ таолонинг инояти билан ана шундай бахтга сазовор бўлмоқдамиз.
Афсуски, коронавирус хасталиги ҳали-ҳамон бутунлай бартараф бўлгани йўқ. Шунинг учун намозхонларимиз таровеҳ намозларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилмоқда.
— Ҳар оқшом масжидга чиқиб, таровеҳ намозларини чиройли тарзда, ҳушу ва завқ билан адо этмоқдамиз, — дейди пойтахтимизнинг “Новза” маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек ота Отажонов — Ҳамма тиббий ниқобда, саломатлигимизга жиддий эътибор бермоқдамиз. Дуоларимизда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, шу билан бирга жаҳонга ташвиш солиб турган коронавирус касаллиги тезроқ бартараф бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо билан сўрамоқдамиз.
Юртимиз масжидларидаги қуръонхонликлар бутун дунё мусулмонларида ҳавас ва шодлик уйғотмоқда. Айниқса, хорижда ишлаб, ўқиётган ватандошларимиз бу ҳақда илиқ фикрларини изҳор этишяпти.
— Ижтимоий тармоқларда ушбу хабарларни ўқиб жуда хурсанд бўлдим, — дейди Жанубий Кореянинг Пусон шаҳридаги Dong-A университети талабаси Олмосжон Қодиров. — Ҳамма юртдошларимга Рамазон ойи муборак бўлсин! Таровеҳ намозлари ҳамда хатми Қуръон савобларидан Ўзбекистонимиз тинч, осуда, янада равнақ топаверсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Рўзадорлар мазкур дамларни ғанимат билиб, муборак ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар қачонгиданда эзгу ва хайрли ишларга бош қўшмоқдалар. Хусусан, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган кишилар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашилмоқда, беморлар ҳолидан хабар олинаяпти.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғилиб турган Рамазон ойида барчаларимизнинг дуоларимиз қабул, муродимиз ҳосил бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Top