Cавол: Нафл намозларни овоз чиқариб ўқисак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар нафл намозни кундузи ўқисангиз, махфий ўқийсиз. Кечаси ўқисангиз, жаҳрий ёки махфий ўқиш борасида ихтиёрли бўласиз. Агар ён-атрофда ухлаётган ёки бошқа иш билан машғул бўлаётганларга халал бермасангиз, жаҳрий ўқисангиз бўлади. Имом Бурҳониддин Марғилоний бу борада бундай деган:
“Кундузги нафл намозда махфий қироат қилади. Кечасидаги нафл намозда махфий ёки жаҳрий қироат қилишда ихтиёрли бўлади. Бу ҳукм фарз намозни ёлғиз ўқиётган кишига қиёслаб олинган. Чунки нафл намозлар фарз намозларни тўлдирувчи ҳисобланади. Демак, ҳукмда у билан бир хил бўлади” (“Ҳидоя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан