Жаҳон фани учун Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар қаторида фақиҳларнинг меросини ўрганиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда ислом ҳуқуқи тарихий-маънавий мерос сифатида баҳоланиб, уни илмий ўрганиш жараёни бошланган. Мазкур жараёнда мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг жаҳон ҳуқуқий тафаккури тараққиётига қўшган ҳиссасини нечоғлик аҳамиятли эканини атрофлича чуқур тадқиқ қилиш давр талабига айланди. Бу борада Марказий Осиёдаги фақиҳлар фаолияти, ҳанафий мазҳабининг юртимизда ривожланиш тарихи ҳамда уни ўрганишга бағишланган айрим комплекс ишларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, фақиҳларнинг ҳуқуқий қарашлари фақат улар яшаб ижод этган давр учунгина хос бўлиб қолмасдан, ҳозирги даврда ҳам ўз илмий қийматини йўқотган эмас. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар ислом оламининг бошқа минтақаларида ҳам эътироф этилган бўлиб, улар томонидан таълиф этилган фиқҳий асарлар ҳозирги кунда ислом оламининг нуфузли илм даргоҳларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий қўлланма вазифасини ўтамоқда. Бу эса ўз навбатида Мовароуннаҳр фиқҳ илмининг юзага келиши, ривожланиш босқичлари, йўналишлари, ўзига хос жиҳатлари ва анъаналарини ўрганишга жиддий ёндашув лозимлигини кўрсатади.
Юртимизда фиқҳ илми ривожланган марказларни минтақавий жиҳатдан тадқиқ этиш ўзига хос бир йўналиш бўлса, йирик фақиҳлар ҳаёти ва илмий меросларини махсус ўрганиш яна бир бошқа сермаҳсул ёндашув ҳисобланади. Мовароуннаҳрлик йирик фақиҳлардан бири Маждуддин ал-Уструшаний (577-637/1180-1240 йилдан кейин)нинг ҳаёти, ижоди ва аллома яшаган даврни илмий ўрганиш долзарб масалалардан биридир.
Мовароуннаҳр минтақасида фиқҳ илми тарихи ва фақиҳлар фаолияти бўйича Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда қатор илмий тадқиқотлар олиб борилди. Минтақанинг нуфузли марказларидан бири бўлган Самарқанддаги мазкур илм ривожини ёритишда асосан унинг кўзга кўринган вакили Бурҳонуддин ал-Марғиноний ҳаёти ва ижодига эътибор қаратилади. Унинг шогирди Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний фаолияти ва илмий мероси ҳам тадқиқотчилар эътиборидан четда қолмади. Бир қатор олимлар фақиҳнинг таржимаи ҳолини тарихий-биографик асарлар маълумотларига таянган ҳолда бир оз ўрганганлар. Аммо Маждуддин ал-Уструшанийнинг ўз асарларида берилган қимматли автобиографик маълумотлар эса тадқиқотчилар диққат эътиборидан четда қолди.
Алломанинг кўп сонли асарларидан биргина «Жомиъ аҳком ас-сиғор» чоп этилган бўлса-да, у ҳозиргача етарлича тадқиқ қилинмаган. Шуни ҳам айтиш лозимки, ушбу нашрларни амалга оширишда маълум текстологик хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Бир гуруҳ саудиялик тадқиқотчилар алломанинг «Китоб ал-фусул» асаридан муайян бўлакларни илмий жиҳатдан чегараланган, фақат замонавий шариат илмлари доирасида таҳлил этиб, тадқиқот олиб бордилар. Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихига бағишланган умумий хусусиятдаги тадқиқотларда Маждуддин ал-Уструшаний ҳаёти ва баъзи асарларигина зикр этиб ўтилади. Аммо юқорида кўрсатилган ишларда Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ҳаёти, илмий мероси ва алломанинг Мовароуннаҳр маданияти тарихида тутган ўрни масалалари комплекс равишда махсус тадқиқ этилмаган.
Алломанинг тўлиқ номи Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний бўлиб, у XII асрнинг охири ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. Олим Уструшанада туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Маждуддин ал-Уструшанийнинг ҳаётлик даври Самарқанд фиқҳ мактаби ривожининг сўнгги даври ва мўғуллар истилосининг дастлабки босқичига тўғри келади. Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий меросини ўрганиш орқали мўғуллар истилосидан кейинги дастлабки йиллар жамиятда фақиҳларнинг ўрнини белгилашга тааллуқли масалаларга ойдинлик киритишга имкон яратилади.
Шарқ мусулмон мамлакатларида яратилган табақот туркумидаги манбаларда Муҳаммад ибн Маҳмуд Маждуддин ал-Уструшаний илмий-маънавий мероси ҳақида умумий маълумот бериб ўтилган. Жумладан, Абдулқодир ибн Аби-л-Вафо ал-Қураший (ваф. 775/1373 й.), Ҳожий Халифа (ваф. 1067/1657 й.), Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий (ваф. 1304/1886 й.) ва Хайруддин аз-Зириклий каби биографларнинг асарларида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг таржимаи ҳоли ва унинг икки асари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Туркиялик Аҳмед Узел ўз тадқиқотида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний илмий мероси тўғрисидаги қисқа маълумотларни баён этган. Яна бир туркиялик олим Холит Унал эса Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг қисқача таржимаи ҳоли ва унинг «ал-Фатово» асари бўйича дастлабки маълумотларни келтирган.
Хорижий Шарқ мусулмон мамлакатлари замонавий тадқиқотчилари Абдулҳамид Абдулхолиқ ал-Байзалий, Абу Мусаб ал-Бадрий ҳамда Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмуним кабилар Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарини янгидан нашр қилганлар. Саудиялик Фаҳд ибн Носир ибн Фаррож ал-Фаридий, Абдурраҳмон ибн Усмон ал-Муршид, Сулаймон ал-Хамис каби тадқиқотчилар алломанинг «Китоб ал-Фусул» асари асосида тадқиқот иши олиб борганлар.
Тадқиқотчи А.Мўминов ўзининг номзодлик диссертациясида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий меросига қисқача тўхталиб ўтган. Ўзбекистонлик тадқиқотчи олимлардан М.Комилов, О.Қориев, А.Ш. Жўзжоний, Н.Ж.Юсупова кабилар ўз тадқиқотларида Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг отаси ҳақида қисқа маълумот берганлар.
Аммо юқорида зикр этилган ишларда Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг ҳаёти ва унинг илмий мероси комплекс равишда тадқиқ қилинмаган. Уларнинг изланишларида алломанинг исмигина таъкидлаб ўтилган бўлиб, уларнинг бош илмий мақсади Маждуддин ал-Уструшанийнинг асари матнини нашр этишдан иборат бўлган.
Европалик шарқшунослар томонидан Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ҳаёти ва илмий меросига оид тадқиқотлар амалга оширилмаган. Фақат биргина Карл Броккельман (Германия) Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг илмий мероси ҳақида умумий тарздаги мухтасар маълумотларни келтириш билан кифояланган, холос.
Кўриниб турибдики, Маждуддин ал-Уструшаний ҳаёти ва мероси ҳақидаги маълумот етарли эмас. Аммо тадқиқот жараёнида олимнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалардан бирида унинг замона илмий жамоатчилиги эътиборидан четда қолиб келаётган «ал-Асъила ва-л-ажвиба» («Саволлар ва жавоблар») асари мавжудлиги аниқланди. Бу асар ҳанузгача ҳеч бир табақот жанрига оид асарларда қайд этилмаган. Асар бизга аллома ҳаёти ҳақида тамомила янги маълумотларни берди. Натижада аллома ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалар бир томондан ойдинлашса, иккинчи томондан, янада чигаллашди. Гап шундаки, мавжуд манба ва тадқиқотларда Маждуддин ал-Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот этган, деб қайд этилиб, туғилган йили эса зикр этилмаган эди. Аммо олимнинг ўзи «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарининг хотима қисмида шундай ёзган: «...Лекин кунлар 60 ёшли оқсоқ кампир сингари ўз ёпинчиғига ўралиб, мендан юз ўгириб кетди. ...Китобни тамомлаш тонги ҳижрий 637 сананинг зу-л-қаъда ойининг олтинчи куни пешиндан олдинроқ ёришди».
Агар мазкур ахборот инобатга олинса, олим ҳижрий 637/1240 йилда ҳали ҳаёт, ёши эса 60 да бўлгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Демак, Маждуддин ал-Уструшанийнинг бошқа мавжуд манбаларда кўрсатилган 632/1234-35 йилдаги вафоти нотўғри бўлиб чиқади. Агарда олим ушбу асарини 637/1240 йил 28 майда 60 ёшида тугатган бўлса, демак, унинг туғилган санасини 577/1180 йил атрофида деб фараз қилиш мумкин. Яъни асар ёзиб тугатилган санадан 60 ёшни чегириб ташланса, олимнинг туғилган йили ойдинлашади. Аммо олимнинг вафот санаси номаълумлигича қолмоқда. Биз юқоридаги маълумотларга таяниб, Маждуддин ал-Уструшаний тахминан 637/1240 йилдан сўнг вафот этган дейишимиз мумкин.
Аллома ўзининг ёшлик йиллари ҳақида шундай дейди: «Ўзимни мураккаб масалаларни мутолаа қилишга ва дақиқ (нозик) далилларни мушоҳада этишга ўргатиб, тасниф этилган ажойиб китоблардан баҳраманд бўлишга ва аҳком соҳасида таълиф этилган ҳалол ва ҳаром нималиги баён қилинган асарлардан тўғри йўл излаб топишга ҳимматимни жалб қилдим».
Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн Маждуддин ал-Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини «Китоб ал-фусул», «Жомиъ аҳком ас-сиғор», «ал-Фатово», «ал-Қуруд ва-д-дуюн» ва «ал-Асъила ва-л-ажвиба» каби асарлари ташкил этади.
Маждуддин ал-Уструшанийнинг илмий дунёқараши шаклланишида оилавий муҳитнинг аҳамияти салмоқли бўлган. Олим бир неча авлод фақиҳлар сулоласининг давомчиси бўлган, дейиш мумкин.
Зеро, манбалар унинг бобоси Маждуддин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний ўқимишли ва зиёли оилада тарбия топганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Аллома XII асрда Уструшанада яшаб, фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Отаси Маҳмуд ўз замонасида «Жалолуддин» («Дин улуғлиги») деган шарафли унвонга сазовор бўлади. Амакиси Бурҳонуддин Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний ҳам фақиҳ бўлиб, «Китоб ал-фатово» номли фиқҳий асар таълиф этган. Аллома ўзининг амакиси ҳақида «Китоб ал-фусул» ва «ал-Асъила ва-л-ажвиба» асарларида маълумотлар келтиради. Муаллиф ўз асарларида амакисининг фикрларидан кенг фойдаланган.
Онасининг бобоси «Шамс ал-аимма» («Имомлар қуёши») шарафли унвонга ва тоғаси Муҳаммад ибн Аҳмад эса «Шамсуддин» («Дин қуёши») лақабига эга бўлганлари ҳақидаги маълумотлар манбалар асосида аниқланди. Шунингдек, Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг ўзи муфтий бўлган ва ўз замонасининг мужтаҳид олимларидан ҳисобланган.
Олимнинг илк устози – ўз отаси фақиҳ Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний бўлган. Мавжуд манбаларда унинг исми «Соҳиб ал-фусул»нинг отаси ёки Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг шогирди сифатида зикр этилиши, унинг шаънига қисқача мадҳ битиш талабга айлангани унинг илм аҳли орасида катта обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлганидан дарак беради. Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшанийнинг «ал-Фавоид» номли фиқҳий асар ёзганлиги маълум.
Тадқиқотчи Одил Қориев «Ал-Марғиноний – машҳур фиқҳшунос» рисоласида алломага қуйидагича таъриф беради: «Жалолуддин Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний Фарғона вилоятида таваллуд топган. Фиқҳ илмида Бурҳонуддин ал-Марғинонийдан таълим олган. Кейинчалик ўзи ҳам Шайхулислом, Жалолуддин ва Бурҳонуддин каби шарафли номларга эга бўлган». Тўғри, Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний фиқҳ илмида Бурҳонуддин ал-Марғинонийдан таълим олган. Лекин Одил Қориев таъкидлаганидек, Фарғонада эмас, балки Уструшанада таваллуд топган.
Аллома ҳақида А.Ш. Жўзжоний, Н.Ж. Юсупова «Бурҳониддин Марғиноний: ҳаёти ва илмий мероси» рисоласида Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг авлодларидан бўлган, деб таъриф берилган. Аммо манбаларда Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг фақат шогирди сифатида тилга олинади, холос.
Музаффар Комилов ўзининг «Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи ва фақиҳ Алоуддин ас-Самарқандий» тадқиқотида «Мовароуннаҳр фақиҳи Бурҳонуддин Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний вафоти тахминан XII аср» деб таъриф беради.
Маҳмуд ибн ал-Ҳусайн ал-Уструшаний ҳақида аниқ маълумотни унинг ўғли қаламига мансуб «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг хотимасидан олиш мумкин: «Отам Шайх ал-имом ал-муттақий Жалол ал-милла ва-д-дин муфтий ал-умма Маҳмуд ибн шайх ал-имом ал-ажал ал-кабир мажид ал-милла ва-д-дин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад, отамнинг умрини узоқ қилсин ва отасини раҳмат қилсин...».
Юқоридаги маълумотга таяниб, Маждуддин ал-Уструшанийнинг бобоси Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний олим ўз китобини ёзиб тугатганида вафот этган, отаси Маҳмуд ибн Ҳусайн эса ҳаёт бўлган, деб хулосалаш мумкин.
Муаллиф «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг тугалланган санасини асарнинг хотима қисми сўнгида ёзиб қўйган: «Ушбу китоб таълиф ва таҳриридан 625 ҳижрий йил шаъбон ойининг 24-кунида фориғ бўлдим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билувчироқдир ва Унинг ҳузурига қайтишлик ҳақдир».
Демак, Маждуддин ал-Уструшаний ўзининг бу асарини 625/1228 йил 28 июлда тугатган вақтида бобоси Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний вафот этган ва отаси Маҳмуд эса ҳаёт бўлган. Юқоридаги маълумотларга таяниб, биз Маҳмуд ибн Ҳусайн 625/1228 йилдан кейин Самарқандда вафот этган, деб хулоса қилишимиз мумкин.
Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшанийнинг оиласи Самарқандга қачон кўчиб келгани тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолиб келган. Ушбу масала ҳақидаги муҳим маълумотни Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф аз-зунун» асарида қуйидагича келтиради: «аш-Шайх ал-имом аз-зоҳид Жалолуддин «Фусул» ва «Жомиъ аҳком ас-сиғор» муаллифининг отаси Маҳмуд ибн шайх Маждуддин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳусайний ас-Самарқандий (ваф. 556/1161 й.)нинг «Мултақат фи ал-фатово» асарини 603/1207 йилда Уструшанада тажнис қилиб (яъни тартибга солиб қисмга ажратмоқ), 616/1219 йилда Самарқандда имло қилди».
Бу маълумотдан шундай хулоса қилиш мумкинки, Маждуддин ал-Уструшанийлар оиласи 603/1207 йилгача Уструшанада яшаган. Самарқандга эса 603/1207 ва 616/1219 йиллар орасида кўчиб келиб, шу ерда муқим яшай бошлаган. Бу вақтда Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний 27 ва 39 ёш оралиғида бўлган.
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
Даъво: Мусулмонлар халифасиз уч кундан ортиқ яшаши ҳаром. Барча мусулмонларга халифа сайлаш фарз.
Раддия: Аввало шуни яхши билиш лозимки, Исломда халифалик даври аллақачон ўтиб кетган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларидаёқ халифалик даврини аниқ рақамлар билан қанча давр давом этишини олдиндан айтганлар: “Халифалик ўттиз йилдир! Ундан кейин подшолик бўлади”.
Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўз тўпламларида келтириб ўтишган. Ҳадис Пайғамбаримизнинг рисолат мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди.
Маълумки, Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонлар устида раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Буларнинг даври ўтгач Ислом уммати орасида халифалик даври тугаб Пайғамбаримиз башорат қилган подшолик даври бошланди ва то қиёматгача шундай кетади.
Нофеъ ривоят қиладилар, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Язид ибн Муовия даврида иссиқ кунларда Абдуллоҳ ибн Мутийънинг олдига келди. У (Абдуллоҳ ибн Мутийъ): “Абу Абдураҳмонга ёстиқ келтиринглар”, деди.
Ибн Умар: “Мен ўтириш учун келмадим. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитган ҳадисни сенга айтиб берай деб келдим”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Ким итоатдан қўлини тортса, Қиёмат кунида Аллоҳга ҳужжати бўлмаган ҳолда йўлиқади. Ким бўйнида байъати бўлмаган ҳолда вафот этса жоҳилият ўлимида ўлган бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар ибн Мутийънинг ҳузурига иссиқ кечаларда келдилар. Ибн Мутийъ: “Абу Абдураҳмонга ёнбошига ёстиқ қўйинглар”, деди. У зот: “Мен сени олдингга ўтириш учун келмадим, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки калимани сенга хабарини бериш учун келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан эшитдим: Кимки тоатдан қўлини тортса, қиёмат кунида унга ҳеч бир ҳужжат бўлмайди, кимки жамоатдан ажралган ҳолда вафот топса жоҳилият ўлимини топибди”, дер эдилар (Имом Аҳмад ривояти).
Эътибор берилса, ҳар икки ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинган биринчисини Имом Муслим “Саҳиҳи Муслим” китобида иккинчисини Имом Аҳмад Ҳанбал “Муснад” китобида ривоят қилиб келтиришган. Ушбу ики ривоятдаги ҳадиси шарифлар бир-бирини тўлдириб келмоқда.
Демак, ким Аллоҳнинг ҳукмларига итоат қилишдан ўзини тортса, қиёмат кунида ҳеч бир ҳужжатсиз ҳолда Аллоҳга рўбарў бўлар экан. Ким жамоатдан ажраб фирқаларга қўшилиб, бўлиниб кетса жоҳилият ўлимини топар экан.
Ҳизбут-таҳрир даъватчилари “Саҳиҳи Муслим”да келган ривоятнинг иккинчи “Ким бўйнида байъати бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлимини топган бўлади” жумласини матндан юлиб олиб, ўзларининг халифасиз яшаш мумкин эмас, деган даъволарига ҳужжат қилмоқчи бўладилар.
Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом келажакда мусулмонлар ўзлари бўйсунишлари лозим бўлган халифа деб аталадими, у амир деб аталадими бўйсунмай тафриқага кетиб қолишларини олдиндан кўргандай бу ҳадисни айтганлар.
Ушбу ҳадиси шариф ўша тарихий даврга мос келгани эътиборидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу муминлар байъат қилишлари лозим бўлган амир Язид ибн Муовия бўла туриб байъат қилишдан бош тортувчиларга, турли фирқаларга бўлиниш арафасида турган мусулмонларга қарата, Пайғамбар алайҳиссаломнинг огоҳлантиришларини яна эслатиб қўйиш учун айтганлар десак тўғрироқ бўлади. Аслида йўқ халифани тиклаш тўғрисида эмас.
Қолаверса, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”идаги 21919-ҳадис. Сафина розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Халифалик ўттиз йилдир. Кейин подшоҳликлар бўлади”, дедилар. Сафина: “Ҳисобла! Абу Бакр халифалиги икки йил,Умарнинг халифалиги ўн йил, Усмоннинг халифалиги ўн икки йил, Алийнинг халифалиги олти йил”, деди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад”идаги 21923-ҳадис. Сафина Абу Абдураҳмон деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: Халифалик 30 йилдир. Кейин подшоҳликлар”, дедилар. Бас эслатди. Худди шу маънодаги ҳадис имом Термизийнинг ва Абу Довуднинг Сунанларида ҳам ривоят қилиниб ҳасан саҳиҳ деб сифатланган.
Мазкур ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, халифалик ўттиз йил бўлиб ўтди. Сўнгра Муовия розияллоҳу анҳудан подшоҳликлар бошланди, чунки давлат отадан болага қолиб, ўғли Язид ибн Муовия подшоҳ бўлди. Кейин унинг уруғлари умавийлар, улардан кейин аббосийлар подшоҳлигига ўтди.
Аллоҳнинг иродаси ила Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари мўъжизадек башорат қилиб айтиб қўйганларидек бўлди. Ҳизбут-таҳрир шотирлари эса қанча йиллар ўтиб яна халифаликни тиклаймиз, уч кун халифасиз яшаган диндан чиқади, деб даъво қилиб юришибди.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан кейин яшаган мусулмонлар ҳаммасини иймони нима бўлади, уларнинг даъволари билан қанча алломалар қанча олимлар ўтди, авлиёлар валийлар ўтди, наҳотки шунча зотлар ҳам бу йўлдан адашганларча ақли донишлари бўлмаган бўлса?! Йўқ асло ундай эмас, бу ҳизбчиларнинг ўзлари адашмоқдалар, десак тўғрироқ бўлади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси