Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Фиқҳ рукни: Савдо-сотиқ бўйича савол-жавоблар

1.03.2018   13614   8 min.
Фиқҳ рукни: Савдо-сотиқ бўйича савол-жавоблар

Савол: “Салам байъ” дегани қандай байъ? Шу ҳақда маълумот берсангиз.
Жавоб: Байъ салам ва унинг шартлари:
Салам савдоси – насия молни нақд баҳога сотиш ёки зиммасига вожиб бўлган нарсани нақд баҳога сотишдир. Яъни, молнинг нархи аввалдан берилиб эвазига бериладиган молни кейинчалик муайян бир муддатда олишга келишишдир. Гўёки бир шахс бошқасига "Мана юз минг сўм. Эвазига фалон жойнинг, масалан, Сурхондарёнинг фалон навли буғдойидан фалон муддатда, айтайлик, июль ойида менга етказиб берасиз" дейишига ўхшаш. Бу савдо умумий савдолардан фарқ қилади. Аслида қоида шуки ҳали мавжуд бўлмаган ёки мулкига кирмаган нарсани сотиш жоиз эмас.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни байъ саламга бўлган эҳтиёжларини кўриб бунга рухсат берганлар. Бу савдо ҳам бошқа савдолар каби ижоби-қабул яъни "Менга шунча нарса етказиб беринг!" ва "Шунча сўм эвазига шу нарсани етказиб бераман" дейиши билан тамом бўлади. Ижоби-қабул ҳанафийлар наздида битмнинг рукни ҳисобланади.
Шариатда жоизлигига далил:


1. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг...» (Бақара сураси, 282-оят).
Абдуллоҳ ибн Шаддот ибн Илҳод ва Абу Мусо Ашъарийнинг ўғли Абу Бурда ўртасида салам савдоси борасида ихтилоф пайдо бўлди. Ибн Шаддот салам савдоси жоиз бўлмаса керак, чунки унда сотиладиган нарса йўқ-ку, деган хаёлга борди. Абдуллоҳ ибн Абу Мужолид айтади: «У икковлари мени Ибн Абу Авфонинг хузурига жўнатишди. Мен бу борада ундан сўрадим. Ибн Абу Авфо: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар замоналарида буғдой, арпа, майиз ва хурмода салам савдосини қилар эдик», деди. Ибн Абзодан ҳам сўраган эдим, у ҳам шундай деди».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Муайян муддатда етказиб беришликни зиммага олиш савдосини Аллоҳ Ўзининг китобида ҳалол қилгандир ва мен бунга изн берганига гувоҳлик бераман» деб юқоридаги оятни ўқиди. Суннатдан далил эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо келтирган қуйидаги ҳадисдир. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага келганларида Мадина аҳли бир, икки, уч йилга салам савдосини қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор нарсада салам савдосини қилса, маълум бир ўлчов, маълум кило ва муайян муддатга қилсин!» дедилар». Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ салам савдосига тегишли ҳадисларни жуда кўп санадлари билан ривоят қилган бўлиб, хулосасини айтганда, салам савдоси кайлий ёки вазний нарсаларда бўлсин ва бериладиган муддати тайин бўлсин!
Салам савдосининг ҳукми:
Раббис саламга (буюртмачи) насия тарзда етказиб берилиши керак бўлган нарсанинг мулки собит бўлади. Етказиб берувчи эса, дастмояга (молнинг қиймати) эга бўлади.
Бизнинг юртда салам савдосининг кўринишлари:
“Менга бир тонна картошка уруғ берсангиз, кузда (фалон ойнинг фалончи куни) ҳосилни йиғиштириб олганимда сизга 4 ёки 5 тонна картошка қайтараман”, дейди.
Бу савдо шаръан дуруст эмас. Чунки бир жинсли молни бир-бирига айрбошлашда бир-биридан кам ёки кўп қилиб бўлмайди. Демак, бир тонна картошка уруғлик олса, уни қайтаришда ҳам бир тонна бўлиши керак. Қолаверса, бир жинсли молни ўзаро айрбошлашда насия қилиш ҳам дуруст эмас. Шунинг учун бирор нарсанинг уруғлигига муҳтож бўлса, айрбошлаш йўли билан эмас балки, нақд пул олиб савдо молини насия қилиш мумкин. Унинг кўриниши қуйидагича бўлади. “Ҳозир картошкани килоси 1000 сўм, менга бир тонна картошка пулини, яъни 1000000 сўм бериб турсангиз. Кузда сизга 4 тонна картошка берар эдим”, дейди. Кузда картошканинг нархи қанча бўлишидан қатъи назар келишувга мувофиқ 4 тонна картошка беради. Шу ҳолатда кузда 4 тонна картошканинг пулини олиш мумкин эмас ёки картошканинг ўрнига сабзи, пиёзга ўхшаш бошқа савдо моли олиши ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда рибо бўлади. Чунки рибовий молларни жинси бошқа бўлса ҳам насия савдо қилиш мумкин эмас.

2. Савол: Нақдга 10 сўмга сотиладиган буюмни кредитга ўхшатиб 12 ойда бўлиб тўлаш шарти билан 12 сўм деб баҳолаб ойига бир сўмдан тўловни шарт қўймоқда. Агар ойига шарт бажарилмаса буюмни қайтариб олади. Шу тўғри насия савдосими? 12 ойга байлашиб шу муддат ичида қурби етканча тўлаб бориши насия савдоси дейилмайдими?
Жавоб: Савдо молига нақдга фалон сўм, насияга фалон сўм деб икки хил нарх белгилаш мумкин. Уни ойма-ой тўлашга ёки охирида бирданига тўлашга келишиш ҳам мумкин.
“Агар ойига шарт бажарилмаса буюмни қайтариб олади...” савдода бунга ўхшаш шартларни қўйиш мумкин эмас. Чунки савдо бундай шартларни тақозо қилмайди. Агар шундай шарт қўйилган бўлса ҳам у бекор қилинади. Лекин пулни вақтида тўламагани сабабли, дарҳол ақдни бузмасдан, балки иложини қилиб, бир оз муҳлат бериш ҳам тавсия қилинган. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночорга муҳлат берса ёки ундан бир қисмини кечиб юборса, Қиёмат куни, Унинг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Аллоҳ таоло уни Аршининг сояси билан соялантиради”, дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган). Агар муҳлат берса ҳам, муддат тугаса ҳам қарзини тўлай олмаса, мазкур нарсани тортиб олмасдан, балки эгаси билан келишган ҳолда сотиб, қарзини ундириб олса бўлади. Бу каби масалалар икки томон бирга бўлган ҳолатда фатво олинадиган масала бўлгани учун бирор илмли кишига юзма-юз мурожаат қилинглар.
“12 ойга байлашиб шу муддат ичида қурби етканча тўлаб бориши насия савдоси дейилмайдими?” Йўқ, бу савдо тақсит савдоси дейилади. Насия савдосида эса пул белгиланган муддат етганида бирданига берилади. Агар бўлиб-бўлиб берилса тақсит савдоси дейилади. Қуйида тақсит ва насия савдоси тўғрисида баъзи маълумотларни тақдим этамиз.
“Тақсит” савдоси; насия савдо турлардан биридир. Унда савдо моли нақд берилиб, унинг пулини бериш кечиктирилади. Бундай савдо тури билан ҳозирги кунда ёлғиз шахслар ва ширкатлар ҳам шуғулланмоқда. Бугунги кунда исломий банкларнинг кўплари ўзларининг молиявий муомалаларини мазкур савдо тури билан олиб боради.
“Тақсит” савдоси “салам” савдосининг аксидир. Яъни салам савдосида пул нақд берилиб савдо моли насия қилинади. Тақсит савдосида белгиланган пулнинг барчасини ёки баъзисини ҳам насия қилиш мумкин. Кўпинча белгиланган маблағ бир неча қисмга ёки бир неча босқичларга бўлиб адо этилади. Агар белгиланган маблағ белгиланган муддатнинг охирида бирданига адо этилса, бу насия савдо бўлади. Агар белгиланган маблағ бир неча босқичда адо этилиши билан биргаликда савдо моли уни олувчининг мулкига ўтиши ҳам батамом бўлса, бу тақсит савдоси дейилади.
Юқоридаги таърифлардан келиб чиқиб тақсит савдоси қуйидаги хусусиятларга эга бўлади деб айтишимиз мумкин:
- савдо моли нақд бўлади;
- пули насия бўлади;
- пулни адо этиш бир неча бўлакларга бўлинади.
Тақсит савдосининг жоизлигига ижмоъ қилинган. Чунки у насия савдонинг бир туридир. Лекин икки жиҳатига кўра ундан фарқ қилади:
биринчиси, тақситда пул бўлиб-бўлиб адо этилади, насияда эса бирданига адо этилади;
иккинчиси, тақситда насия қилинган қиймат, нақднинг қийматидан ортиқроқ бўлади. Савдо молига одатда икки хил нарх белгиланади. Нақдга фалон сўм, насияга фалон сўм, ҳар иккаласи ҳам жоиз. Бу савдонинг жоизлигига китоб ва суннатдан ҳам далиллар етарлидир, Лекин гап чўзилиб кетмаслиги учун улар келтирилмади.


Исҳоқжон домла Бегматов
ЎМИ масжидлари бўлими ходими
ЎМИ матбуот хизмати

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ!

20.09.2024   1451   2 min.
Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ!

Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов жума намозига пойтахтимиздаги “Яккасарой” жоме масжидига ташриф буюрди.


Жамоат намозидан олдин Зайниддин домла масжидга йиғилган мўмин-мусулмонларга “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мўъжизалари” мавзусида маъруза қилиб берди.


Дарҳақиқат, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Биз ўз пайғамбарларимизни мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб туширдик” (Ҳадид сураси, 25-оят). Тарихдан маълумки, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, инкор қилувчиларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга турли мўъжизалар берган.  


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мўъжизалари Қуръони каримдан бошқа мингдан ортиқ мўъжизалари ҳам борлигини ҳадис ва тарих китобларида очиқ-ойдин далил ва исботлар билан келтирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжиза кўрсатган пайтларида атрофларида сон-саноқсиз саҳобалар қатнашганлар ва мўъжизани шоҳиди бўлганлар.


Уламолар Расулимиз алайҳиссалом мўъжизаларини икки қисмга бўлганлар: Биринчиси, Аллоҳ таоло У зот алайҳиссаломга келажакда бўладиган нарсаларни хабарини билдирган пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шуларни баён қилишлари. Иккинчиси, оддий одамни қўлидан келмайдиган ғайри-оддий ишларни қилиб, мўъжиза кўрсатганлар.


Жумладан, закот оладиган шахс қолмаслиги хабари. Мусулмонлар фақир, ночор ва жуда заиф бўлиб турган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳуга бундай деганлар: “Эй Адий! Яқинда (мусулмон) киши қўли тўла олтин-кумуш билан билан шаҳарлар кезиб, уни оладиган одамни топа олмайди”. Ушбу хабар ўз исботини топиб, Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳнинг даврларида йиғилган закотларни берадиган кишиларни топа олмай ўша пулларга қуллар сотиб олиб, уларни озод қилинган. Шунингдек, Хурмо шохининг у Зотга зорланиши, Расулуллоҳнинг ҳузурларида таомнинг тасбиҳ айтиши, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг баракалари ила оз таомнинг кўпайиши каби мўъжизалар шулар жумласидан.


Жума маърузаси давомида Зайниддин домла айни жиҳатларга эътибор қаратдилар. 


Жамоат намозидан сўнг юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ! Зайниддин домла Эшонқулов: Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ҳақ!