Cавол: Тобут ортидан юриш афзалми ёки олдидами? Шунга боғлиқ масалаларни баён қилсангиз.
Жавоб: Тобут ортида юриш афзалдир. Тобутнинг ўнг ёки чап томонида юрилмайди (“Фатҳул-қадир”).
Вафот этган киши қўшни, қариндош ёки яхшилиги билан танилган инсон бўлса, унинг тобути ортидан бориш нафл ибодатдан афзалдир (“Баҳрур-роиқ”).
Бирор уловда тобутнинг ортидан бораётган киши ундан ўтиб кетиши макруҳдир (“Фатовойи Қозихон”).
Тобут ортидан бораётганлар жим, сўзлашмай боришлари лозим. Овозларини чиқариб Қуръон ўқишлари ва зикр қилишлари макруҳ.
Зикр қилишни хоҳлаган киши ичида зикр қилиши мумкин (“Шарҳи Таҳовий”; “Фатовойи Қозихон”).
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Сийрат уламоларнинг таъкидлашича Исломдаги биринчи фитна Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврига тўғри келишини айтадилар. Биринчи фитна деб номланишига сабаб шуки, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам турли фитналар бўлган лекин оммавий тус олмаган. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу даврида эса фитналар қулфи синдирилган эди. Воқеъани қисқача баён қиладиган бўлсак, бир куни Ҳазрати усмон рўза тутган ҳолларида намозгоҳда Қуръон ўқиб ўтирган эди. Ногаҳон фитначилар қўлларида қурол билан у зотнинг жонига қасд қилиш нийятида яширинча орқаларидан кириб боришди. Улардан бири Усмон розияллоҳу анҳуга яқинлашиб қўлидаги заҳарланган пичоқ билан зарба берди. Зарб кучидан Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳушсиз бўлиб ерга йиқилди. Муборак қони эса тиловат қилиб турган Қуръон саҳифаси устига сочилди. Кароматни кўрингки қон сочилган жойи фитнагарлар ҳақидаги оят эди. Оятнинг мазмуни: “Аллоҳ сизни улардан тезда ҳимоя этади. Аллоҳ эшитувчи ва доно зотдир”.
Яна қуролланган шахслардан бири Ҳазрати Усмон томонига яқинлашиб зарба бермоқчи бўлган эди аёли ноила у зотни ҳимоя қилиб устига ташланди. Фитначининг кескир қиличи ноилани қўл ва бармоқларини кесиб юборди. Фитначилар Ҳазрати Усмонни ўлганини билгач, уйлари ва ундаги нарсаларни талон тарож қилишди. Улар Аллоҳдан қўрқмадилар. Қуръони каримни ҳам ҳурмат қилмадилар ва уруш ҳаром қилинган зулҳижжа ойини ҳам эътиборга олмадилар. Зеро, бу аянчли воқеъа ҳижрий 35 йил, 8-зулҳижжада содир бўлган эди. Демак фитна бошланганида ҳурматга сазовор муқаддас нарсаларнинг ҳеч қандай ҳурмати қолмас экан. Демак юқоридаги воқеъадан хулоса қиладиган бўлсак фитналар жамиятни пароканда қилиб, одамлар орасида турли низоларга сабаб бўлар экан. Охир оқибат бу зиддиятлар қон тўкилиши билан якун топар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятидан адаштирмасин. Амин.
Мадаминзода Абдулатиф Бахтиёржон ӯғли,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси