Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади», дедилар”.
Бу дунёда одамларнинг бошига тез-тез турли ғам-ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушиб туради. Бошига машаққат тушган одам дарҳол ўз яқинларидан ёрдам кутади. Чунки банданинг бир ўзи машаққатга қарши туриши осон эмас. Шунинг учун ҳам динимиз инсонларни бир-биримизга кўмакчи бўлиб яшашга чақиради.
Лекин баъзида бировларнинг бошига машаққат тушиб қолса, одамлар ундан ўзини олиб қочади, унга ёрдамчи бўлишни хоҳламайди. Аксинча, амалдор одам атрофида ўралашади. Бу – беш кунлик дунёнинг матоҳига учган кимсаларнинг ишидир. .Ҳақиқий мўмин биродарининг бошига тушган машаққатни аритишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга қиёмат куни ўз бошига тушадиган бир машаққатни аритган бўлади.
Халққа яхшилик қилишимиз,нафақат улар учун фойда, балки ўзимизнинг икки дунё саодатига эришишимизга восита бўлади.
Х.ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими жорий йилда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш учун абитуриентлар қайси фанлар бўйича ижодий имтиҳон ва тест синовлари топширишини маълум қилади:
Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Имом Термизий номидаги ислом институтида:
Араб тили (тест синови) 30 х 3,1 – 93 балл;
Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 30 х 2,1 – 63 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 х 1,1 – 33 балл.
Ҳадис илми мактабида:
Араб тили (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (оғзаки, ижодий имтиҳон) – 63 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.
Ўрта махсус диний таълим муассасаларида:
Хорижий тил (тест синови) 30 х 3,1 – 93 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 х 2,1 – 63 балл;
Маънавият ва маърифат (тест синови) 30 х 1,1 – 33 балл.
Тошкент ислом институти магистратура босқичида:
Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва Мотуридийлик таълимоти):
Ақоид, Ислом фалсафаси (ижодий имтиҳон) – 100 балл;
Хорижий тил (араб ёки инглиз тилидан тест синови) – 25 х 2 – 50 балл.
Теология (Ҳадис илмлари):
Ҳадис, Мусталаҳул-ҳадис (ижодий имтиҳон) – 100 балл
Хорижий тил (араб ёки инглиз тилидан тест синови) – 25 х 2 – 50 балл
Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимида:
Танлов тест синови шаклида ўтказилади:
- ихтисослик фанлар мажмуаси (Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, фиқҳ, ақоид) 35 x 2,1 – 73,5 балл.
- ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси (Ўзбекистон тарихи, Маънавият асослари, Миллий ғоя) 25 x 1,1 – 27,5 балл.
Имтиҳон ўтказиладиган вақт ва ҳудудлар бўйича қўшимча маълумот берилади.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати