Абу Зарр Ғифорийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй бандаларим! Мен ситамни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирларингизга ситам қилманглар.
Эй бандаларим! Мен тўғри йўлга йўллаганлардан бошқа ҳаммангиз адашгансиз. Мендан тўғри йўлни сўранглар, сизларни тўғри йўлга йўллайман.
Эй бандаларим! Мен ризқлантирганлардан бошқа барчангиз очсиз. Мендан ризқ сўранглар, сизларни тўйдираман.
Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқангиз яланғочсиз. Мендан кийим сўранглар, кийим бераман.
Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен барча гуноҳларни кечиргувчиман. Мендан гуноҳларингизни кечиришимни сўранглар, гуноҳларингизни кечираман.
Эй бандаларим! Менга зарар етказа олмайсиз, чунки зарарингиз етадиган даражада эмассиз. Менга фойда келтира олмайсиз, чунки фойда келтирадиган мавқеда эмассиз.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлса ҳам, мулкимни асло кўпайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг фожир одамдек бўлса ҳам, мулкимдан бир нарсани камайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳамма бир майдонга тўпланиб, Мендан сўраса, ҳар бир инсонга сўраганини берсам, мулким денгизга ботириб чиқарилган игнанинг учидаги сувчалик ҳам камаймайди.
Эй бандаларим! Амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликка эргашса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!” (Имом Муслим, Имом Термизий).
Шарҳ: Бу қудсий ҳадис ҳар биримиз билишимиз керак бўлган масалаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Унинг шарҳига бағишланган махсус китоблар ҳам ёзилган. Абу Идрис Ҳавлоний ушбу ҳадисга чуқур эҳтиром кўрсатиб ривоят қилган.
“Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо, 40).
Бутун коинот Аллоҳ таолога тегишли. Унинг бирор шериги йўқ. У ўз мулкини истаганича тасарруф қилади.
Аллоҳ таоло ситамни бандаларига ҳам ҳаром қилган. Зеро ситам бор жойда адолат бўлмайди. Адолат бўлмаган жойда парокандалик, бузуқлик авж олади. Осойишталик йўқолади.
Ҳадисда “ҳаммангиз адашгансиз” дейилиши, инсон табиатидаги шаҳват, роҳатга муккасидан кетиш каби майлларни ўз ҳолига қўйса, адашиб кетишига ишорадир. Бу майлларни фақат Аллоҳ таолонинг инояти билан жиловлаш мумкин.
Аллоҳ таоло барча жонзотнинг ризқини белгилаб қўйган. У денгиз остидаги мавжудотга ҳам, тошнинг орасидаги жониворга ҳам ризқини етказиб туради. Ҳеч ким У белгилаб қўйган ризқдан ошиқ бир луқма ҳам тановул қилолмайди.
Ризқ деганда фақат ейиш-ичишга ярайдиган нарсалар кўзда тутилмайди. Балки кийим-кечак, уй-жой ва инсоннинг яшаши учун лозим бўлган барча воситалар ҳам ризқдир.
Банда билиб-билмай адашади, гуноҳ қилади. Адашганини ва гуноҳларини бўйнига олиб, тавба қилса, Яратган кечиради. Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи, хатоларни беркитувчидир. «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта, У Мағфиратли ва Раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Аллоҳ таоло Сомаддир, яъни бутун мавжудот ҳожатларини раво қилишини тилаб Унга ёлворади. Унинг тенги, ҳожати йўқдир, нуқсонсиздир. Ҳар лаҳзада саноқсиз нарсаларга муҳтож бўлган инс ва жин Унга зарар ҳам, фойда ҳам етказишга асло қодир бўлолмайди. Инсонлар ва жинлар яхши амал, тоат қилишса, азобдан қутилишади. Ёмон ишлар қилиб, гуноҳкор бўлишса, азобга учрайдилар. Қилган амалларининг барчаси ўзларига фойда ё зарардир. Аллоҳ таоло меҳрибонлигидан уларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрган.
Банда нима сўраса, тиласа Аллоҳ таолодан сўраши, тилаши керак. Ҳадисда шундай амр қилинган. Чунки барча мулк Уникидир. Денгиз суви Аллоҳ таоло мулки қатрасининг қатрасидир.
Киши эришган ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолонинг фазлидир. Ёмонликка дуч келса қилмишидандир. Буни яхши англамаган кимсалар адашади. Яхшиликни ўзидан деб билган кибр ва манманликка берилади. Ёмонликни ўзидан кўрмаган кимса ўзини тузатиш, ўнгланиш ўрнига атрофидагиларни танқид қилиш, ўзи яшаб турган жамият қонун-қоидасидан норозилик каби иллатлар чоҳига тушиб қолади. Бу икки ҳолатдан ҳам Аллоҳ таоло асрасин!
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳим, тутган рўзаларимизни, ўқиган Қуръонларимизни, зикру салавот, тасбеҳларимизни, таровеҳ намозларимизни қабул қилгин! Бизга Ўзингнинг суҳбатингни насиб қилгин, бизга дунё ва охират яхшиликларини бергин, бизни ҳидоят қилгин, тавбаларимизни қабул қилгин, бизга раҳм қилгин, бизни Ўзингнинг йўлингда, Ўзинг учун уйғотгин.
Аллоҳим, аъзоларимизни ибодатинг билан, қалбларимизни маърифатинг билан машғул қилгин. Бизни ўтган солиҳ бандаларингга эргаштиргин, уларга насиб қилган неъматларингни бизга ҳам насиб қилгин, уларга омонлик берганингдек, бизга ҳам омонлик бергин, хотиржамлик бергин!
Аллоҳим, дунё ва охиратда Ўзингнинг назарингни насиб қилгин, қалбларимизни лаззатлантиргин, бизни Ўзинг рози бўладиганлардан қилгин!
Барча ҳолатларимизда нифоқдан узоқ қилгин. Раҳбарларимизни ҳақ йўлда бардавом қилгин, қалбларимизни ислоҳ қилгин, ҳожатларимизни раво қилгин, айбларимизни яширгин, ғофиллардан қилиб қўймагин, бизга илҳом бериб, тўғри йўлларга йўллагин. Нафсларимизни ёмонликлардан асрагин, бизни Ўзингнинг зикринг, шукринг ва гўзал ибодатингга илҳомлантиргин, фазлу раҳматинг ила дуоларимизни қабул қилгин!
Қалбларимизни поклаб, ишларимизни осон қилгин, дунёю охиратдаги ғамимиз Сенга қурбат ҳосил қилиш бўлсин. Аллоҳим, бизларни амал қилувчилардан қилиб, дунёю охиратимизни обод қилгин! Шукрли қалб, зикрли тил бергин! Бу дунёда илм ва амал, охиратда жаннату жамол насиб қилгин!
Аллоҳим, эй кўзлар кўра олмас, ақллар идрок эта олмас, дунё ҳодисалари ўзгартира олмас, дунё мусибату балолари андишага сола олмас Зот! Сен тоғларнинг оғирлигини, денгиз сувларининг миқдорини, ёмғир томчиларининг саноғини, дарахт япроқларининг ададини, кеча қоронғилиги қорайтирган ва кундуз нури ёритган барча нарсаларни биласан! Ҳеч бир осмон бошқа осмонни, ҳеч бир ер бошқа бир ерни, ҳеч бир денгиз унинг тубидагиларни, ҳеч бир тоғ унинг жойидагиларни кўришингга тўсқинлик қила олмайди! Умримнинг энг хайрли пайти унинг охири бўлсин, амалимнинг энг яхшиси сўнгги амалим бўлсин, Сенинг ҳузурингга борган куним кунларимнинг энг хайрлиси бўлсин!
Аллоҳим, Сендан «Аллоҳ» исминг билан, «Рохман» исминг билан, мен билган-билмаган барча исмларинг билан мени мағфират қилишингни, менга марҳамат кўрсатишингни сўрайман.
Субҳана Роббиял Алийюл Аълал Ваҳҳоб! Ё Ваҳҳоб, ё Аллоҳим, Сени зикр қилишим учун, шукр қилишим учун, гўзал ибодат қилишим учун ёрдам бергин! Яна кўп Рамазон рўзаларини тутиб, таровеҳлар ўқиб, ҳайитларни байрам қилишимизни насиб этгин!
Ё ғиясул мустағийсин, ё Зал жалоли вал икром, ё акромал акромин!
«Моҳи Рамазон муборак» китобидан