Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақат икки кишига “ҳасад” қилса бўлади: Аллоҳ таоло берган молини ҳақ йўлда сарфлаган кишига ва Аллоҳ таоло берган илму ҳикмат билан ҳукм қилган ва уни ўргатган кишига”, дедилар» (Имом Бухорий).
Шарҳ: Бошқаларни кўролмай, шу неъмат улардан кетишини ва ўзида бўлишини исташ ҳасад дейилади. Инсон бошқалардан баландроқ, ҳеч бўлмаса, тенг бўлишни хоҳлаши табиий. Бироқ ҳасад қилиш, бировдаги неъматнинг йўқолишини хоҳлаш иллат. Ҳасад пайдо бўлганида уни енгиб ўтиш, ёмонликдан қайтиш эса фазилатдир.
Ушбу ҳадисдаги “ҳасад” калимаси эса молини яхши ишларга сарфлаётган кишига ёки илмига амал қилган олимга ҳавас қилиш маъносидадир. Чин мўмин ҳавас қилган кишисидек бўлишга уринади. Яхши ишларда бошқалардан ўзиб кетишга уриниш динимизда мубоҳ саналади. Саҳобалар доим бир-бирларига ҳавас қилишган ва савобли ишларда, ибодатларда ўзаро мусобақа қилишган.
Демак, яхшиликка шошилиб, ёмонликдан қайтишда бир-бирларимизга ўрнак бўлиб, кўмаклашишимиз керак экан. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Уларга (жаннатда идишлари) муҳрланган мусаффо майдан ичирилур, у (май)нинг муҳри мушкдир. Мусобақалашадиганлар шунда (шу неъматларга етиши учун) мусобақа қилсинлар (Мутаффифун, 25-26).
Ҳадиси шарифдан яхши йўлда ишлатиладиган бойлик фақирликдан яхши экани ҳам англашилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
إذا أقيمت الصلاة فلا صلاة إلا المكتوبة
“Қачон намозга такбир (иқомат) айтилса, фарз намозидан бошқа намоз йўқдир”, деган сўзлари бомдод намозининг суннатидан бошқа намозларга тегишли деб ҳисобланади.
Бу икки ракат (суннат)ни уйда ўқиш афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
من صلى ركعتي الفجر في بيته يوسع له في رزقه ويقل المنازع بينه وبين أهل بيته ويختم له بالإيمان
“Ким бомдоднинг икки ракат суннатини уйида ўқиса, унинг ризқи кенгайтирилади, у билан аҳли аёли (оиласи) ўртасидаги келишмовчиликлар камаяди ва умри иймон билан хотималанади”.
Бу икки ракатни тонг отиши билан биланоқ (вақти кириши заҳоти) ўқиш маҳбубдир (яхшироқдир). Баъзилар эса фарз намозига яқин вақтда ўқиш афзал, дейишган.
Манба: “Мароқил-фалаҳ”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ