muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мусулмон дунёсида катта мақомга эга бўлган Исломий фиқҳ академиясига қабул қилинганлари ҳақида олдин хабар берган эдик

Таъкидлаш керакки, ушбу эътироф Муфтий ҳазратлари фаолиятлари давомидаги учинчи нуфузли ташкилотга қабул қилинишларидир. Аввал Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоликларига қабул қилинганлари ҳақида маълумот берган эдик.

Муҳтарам мухлисларга, Исломий фиқҳ академиясининг тузилиши, мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Исломий фиқҳ академияси – Ислом олами уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий)га қарашли Ислом дунёсининг таниқли фақиҳ ва етук уламоларидан ташкил топган мустақил, юридик мақомга эга бўлган нуфузли илмий ташкилотдир.

Академия 1977 йил 10 декабрда ташкил этилган. Унинг қароргоҳи Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган.

Академиянинг мақсадлари:

Исломий фиқҳнинг эътироф этилган манбаларидан бутун дунё мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммолар, таҳдидлар ва юзага келаётган долзарб муаммоларга оид ҳукмларни ишлаб чиқиш;

Ислом фиқҳининг кенг қамровлилигини ва унинг мусулмонлар олдида турган масалаларни ҳал қилишдаги аҳамиятини кўрсатиш;

Ислом фиқҳий меросини тарғиб қилиш ва қайта талқин қилиш, атамаларига аниқлик киритиш ҳамда уни давр тили, тушунчаларига мослаштириш;

Исломий фиқҳ соҳасидаги илмий тадқиқот ва изланишларни рағбатлантириш, ишлаб чиқилган фиқҳий тадқиқотлар, ечимларни оммалаштириш.

Исломий фиқҳ академияси ўз мақсадларига эришиш учун барча мавжуд қонуний воситалардан фойдаланади, жумладан:

Ислом олами олдида турган, ўрганишни талаб қиладиган масалаларни кузатиб бориш учун ахборот марказини ташкил этиш;

Ҳуқуқ билан шуғулланувчилар учун ўқиш ва амалиётда фиқҳий атамаларга аниқлик киритувчи ва уларни осонлаштирадиган ҳуқуқшунослик ва унинг фанлари бўйича луғатлар ишлаб чиқиш;

Ҳуқуқшуносликка оид илмий журнал чиқариш, Академиянинг энг муҳим тадқиқотлари, муҳокамалари ва қарорларини етказиш ҳамда уларни турли тилларга таржима қилиш;

Академия билан Ислом оламидаги турдош илмий марказлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, улар билан илмий ва интеллектуал алмашинувни йўлга қўйиш;

Замонавий муаммолар бўйича илмий семинарлар ўтказиш ва унга мутахассисларни жалб этиш;

Кенгаш қарорлари, тавсиялари ва тадқиқотларини таржима қилиш ва уларни барча мумкин бўлган воситалар, жумладан, интернет, сунъий йўлдош каналлари ва газеталар орқали нашр этиш.

Исломий фиқҳ академияси раҳбарияти ва аъзо уламолари

Академия президенти – Саудия Арабистони Подшоҳлиги Бош муфтийси Шайх Абдулазиз бин Абдуллоҳ Ол Шайх.

Академия вице-президенти – Ислом Олами Уюшмаси Бош Котиби Шайх Доктор Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо.

Исломий фиқҳ академияси Бош котиби – Шайх Доктор Абдураҳмон бин Абдуллоҳ аз-Зайд

Академиянинг энг фаол аъзолари:

1. Шайх Доктор Солиҳ бин Абдуллоҳ Ҳумайд, Масжидул Ҳаром имом-хатиби (Саудия Арабистони)

2. Шайх Доктор Шавқий Иброҳим Аллом, Миср диёри муфтийси (Миср Араб Республикаси)

3. Шайх Абдуллоҳ бин Байя, Шаръий фатволар кенгаши раиси (Бирлашган Араб Амирлиги)

4. Доктор Қутб Мустафо Сану, Жидда шаҳридаги Халқаро ислом фиқҳи академияси раиси (Саудия Арабистони)

5. Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий (Ўзбекистон)

6. Шайх Доктор Исламу Валад Саййид ал-Мустафо, Фатво ва шикоятлар бўйича Олий кенгаш раиси (Мавритания)

7. Доктор Қози Аҳмад Забин Атийя, Иршод ва вақф вазири (Яман)

8. Шайх Доктор Мифтаҳ ал-Ахёр Абдулғани, “Наҳдатул уламо” жамияти раиси (Индонезия)

9. Шайх Доктор Яҳё Халил Сатақов, “Наҳдатул уламо” жамияти бош ижрочи раҳбари (Индонезия)

10. Шайх Доктор Аҳмад Муҳаммад Иъбодий, “ал-Муҳаммадия” уламолар уюшмаси Бош котиби (Марокаш)

11. Шайх Доктор Аҳмад Ҳасан ат-Тоҳа, Ироқ фиқҳ академияси раиси (Ироқ)

12. Шайх Муҳаммад ал-Маҳий Иброҳим Нияс, Африка ислом уюшмаси раиси (Сенегал)

13. Шайх профессор Сажид Мийр, “Аҳлул ҳадис” жамияти катта раҳбари (Покистон)

14. Шайх Шаъбон Рамазон Мубажий, Уганда муфтийси (Уганда)

15. Шайх Иброҳим Солиҳ ал-Ҳусайний, Ислом ишлари Олий кенгаши фатво ҳайъати раиси (Нигерия)

16. Шайх Доктор Аҳмад Муҳаммад Халил, Қозилик идораси раиси (Иордания) 

17. Шайх Асғарали Имом Маҳдий, “Аҳлул ҳадис” марказий жамияти бошлиғи (Ҳиндистон)

18. Шайх Доктор Абдуллатиф Файз Дарян, Ливан муфтийси (Ливан)

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 20 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академиясининг 23-давра йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгаш аъзолигига қабул қилинганлари эълон қилинди.

 

Исломий фиқҳ академияси Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли академия аъзолигига қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Унда иштирок этаётган дунёнинг етакчи уламолари Муфтий ҳазратларини ушбу мартаба билан қутлаб, Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

 

Шу ўринда айтиш ўринлики, охирги йилларда Диний идоранинг мусулмон дунёси билан алоқалари ривожланиб, турли йўналишларда муносабатлар йўлга қўйилди. Айниқса, халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатлар диний идоралари билан меморандумлар имзоланди, хориждаги илмий конференциялар, Қуръон мусобақалари ва кўргазмаларда вакилларимиз фаол иштирок этмоқда.

 

Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолари кенгаши ва Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

 

Шунингдек, долзарб мавзудаги чиқишлари Миср Араб Республикаси, Қатар, Россия ва МДҲдаги бир қатор давлатларнинг минглаб кузатувчиларга эга бўлган сайт ва ижтимоий тармоқлар, газета-журналларда араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилди.

 

Ўзбекистон вакилининг мазкур кенгашга қабул қилингани юртимизда давлатимиз Раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлди.

 

Муфтий ҳазратлари ўз навбатида ташкилот раҳбарияти ва аъзо уламоларга билдирилган ишонч учун самимий ташаккур айтдилар. Шунингдек, муштарак мақсадлар бўлмиш Ислом дини, мусулмон умматига хизмат қилиш, Ислом фиқҳининг эътироф этилган манбаларидан бутун дунё мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммоларга ечим топиш, мусулмонлар олдида турган масалаларни ҳал қилишда муносиб иштирок этиш, Ислом фиқҳий меросини тарғиб қилиш ва бу соҳадаги илмий тадқиқотларни рағбатлантириш борасида бор билим-тажриба ҳамда имкониятларини сафарбар этишларини маълум қилдилар.

Шу билан бирга, нуфузли Кенгашга аъзолик шараф бўлиш билан бирга катта масъулият эканини сўзладилар.

 

Алоҳида қайд этиш жоизки, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ушбу илмий ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами ила 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги фидокорона меҳнатлари самарасидир.

 

Аллоҳ таолодан Муфтий ҳазратларига Исломий фиқҳ академиясидаги фаолиятларида улкан зафарлар тилаймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 20 апрель куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги пойтахтида энг нуфузли ташкилот – Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академиясининг 23-давра йиғилиши бошланди.

Риёз шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этмоқда.

Хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Бош муфтийси, Йирик уламолар кенгаши раиси, Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академияси президенти  Абдулазиз бин Абдуллоҳ Ол Шайх, Исломий фиқҳ академияси Бош котиби Абдураҳмон бин Абдуллоҳ аз-Зайд, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги халқаро Ислом фиқҳи академияси Бош котиби Қутб Мустафо Сону кабилар иштирок этмоқда.

Ислом олами уюшмаси Бош котиби, Мусулмон олимлар ҳайъати раиси, Шайх Доктор Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу анжуманда қатнашмоқда.

Нуфузли тадбирда уммат учун энг муҳим бўлган масалаларни муҳокама қилиш баробарида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, халқлар дўстлигига эришиш, электрон воситалар билан савдо қилиш, замонавий телескоп ва рақамли технологиялар орқали ойни кузатиш, вақф мулкий муносабатлари, тана аъзоларини ўзгартириш, закот тўлашга оид ҳукмлар ҳамда намоз ва хутбаларда овозли экранлардан фойдаланиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилади.

Анжуман жараёнлари ва натижалари ижтимоий тармоқларимиз орқали ёритиб борилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 19 Апрель 2024 00:00

“Жумадан жумагача” (19.04.2024)

Ўтган ҳафтада диний-маърифий соҳада рўй берган муҳим хабарларнинг қисқача тафсилоти

00:00 Анонс
01:06 Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони билан кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади
01:32 Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси билан меморандум имзоланди
02:25 Ватандошлар билан мулоқот, хатми Қуръон ва савол-жавоблар билан файзли бўлди
03:16 “Диншуносликнинг долзарб муаммолари” муҳокама қилинди
03:52 Янги тайинловлар амалга оширилди ("Aл-Ҳудайбия", "Холид ибн Валид", "Абдуллоҳ ибн Ҳузофа" масжиди)
04:30 Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазири Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди
04:52 Имом-хатибларнинг фаоллигини ошириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди (Наманган вилояти)
05:25 Қабулдан аҳоли мамнун бўлди (Тошкент вилояти)
05:54 Битирувчилар ишга тақсимот қилинди

https://youtu.be/K4u7tjcmji0 FullHD https://youtu.be/K4u7tjcmji0 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг 2023-2024 ўқув йили битирувчиларини ишга тақсимот қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича  4-курс талабалари билан учрашув ўтказилди.

ЎМИ масжидлар бўлими ходими Насриев Мухаммадамин ва таълим ва илмий тадқиқот бўлими ходими  Абдуносир Бобамирзаевлар билан бўлиб ўтган йиғилишда битирувчиларни ишга тақсим қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Маълумки, Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти битирувчилари юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом вазифаларига, ишга тақсимот қилинади.

Таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар бакалавр босқичида ўқиш учун Республика олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

@Hidoyauz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Страница 2 из 1634
Top