Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.
Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.
Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзан “Қуръонни ўпиш бидъат, салафи солиҳлардан бундай қилганлари ривоят қилинмаган, бундай қилиш гуноҳ” деган сўзларни эшитиб қоламиз. Бу масаланинг шаръий ҳукми қандай? Ҳақиқатан ҳам Қуръонни ўпиш бидъат ва гуноҳми ёки шаръан жоиз бўлган мандуб ишми?
Ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий мазҳабининг жумҳур фуқаҳолари бундай дейишади: “Мусҳаф (Қуръон)ни ўпиш жоиздир. Шофеъийлар эса бу мустаҳаб амал”, деб айтишган.
Қуръонни улуғлашдаги асл қоида ва комил эҳтиром уни хушуъ ва тадаббур ила доимий тарзда тиловат қилиш, унга амал қилишдир!
Қуръонни ўпиш амали ила Мусҳафни улуғлаш, эҳтиром ва муҳаббатни қасд этилса жоиз ва мустаҳабдир.
Қуръонни ўпиш бидъат дейдиганлар бу сўзларига ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг “Жамодот (жонсиз нарсалар)ни то шу ишга шаръий далил бўлмагунча ўпиш ҳаром” деган қавлини далил ўлароқ келтирадилар.
Ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ушбу фатвоси тўғри. Аммо бу қавл Ҳажарул асвад ҳақида айтилган. Шунингдек, Қуръонни ўпишга саҳобийлар амалидан ҳужжатлар бор.
Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумо Қуръонни ўпар эдилар. Агар бу иш ҳаром бўлса бу саҳобалар бу ишни асло қилмаган бўлар эди.
Баъзилар: “Қуръонни юзга суртиш бидъат”, дейишади.
Биз бунга ушбу далилни келтирамиз:
Миср фатво ҳайъатидан Қуръонни ўпиш ҳукми ҳақида сўралганида улар бундай жавоб беришган эди: “Уламолар Қуръоннинг шаънини улуғлаш, ҳурматини қадрлаш қасди ила ўпиш жоиздир. Зотан, Қуръон Аллоҳнинг китоби ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этилган улкан мўъжизадир. Қуръонни ўпиш бирон бир зарари бўлмаган яхши ишдир”, деганлар.
Ҳанафий уламолардан Муҳаммад Ҳаскафий “Дуррул мухтор” китобида бундай дейди: “Қуня” китобида Қуръонни ўпиш бидъат дейилган. Аммо, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳар кун эрталаб Қуръонни олиб ўпиб: “Роббимнинг аҳди, Роббим азза ва жалланинг рисоласи”, деб айтгани ривоят қилинган.
Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни ўпар ва юзига суртар эди.
Шунингдек, Имом Нававий “Тибён” асарида будай айтган: “Дорамий “Муснади”да Абу Мулайкадан келтиришича, Икрима розияллоҳу анҳу Қуръонни юзига қўйиб, “Роббим каломи, Роббим каломи”, дер эди”.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий Шофеъий “Туҳфатул муҳтож фий шарҳил манҳаж” китоби (1/155) да бундай келтирган: “Имом Субкий Қуръонни ўпиш жоиз эканига Ҳажарул асвадни, олим, солиҳ ва ота-онанинг қўлини ўпиш жоизлигини қиёсан келтиради. Зотан бу ишларнинг энг афзали Қуръонни ўпиш экани маълум”.
Демак, Қуръонни ўпиш мустаҳаб амал ва бу ишни саҳобалар розияллоҳу анҳум қилишган. Кимдир Қуръонни эҳтиром маъносида ўпса жоиз амал. Мабодо ўпмаса ҳам ҳеч бир зарари йўқ.
Аммо, Қуръонни ўпиш, юзга суриб эҳтиром қилиш бидъат дейишнинг ўзи бидъатдир.
Замирбек ЙЎЛДОШЕВ,
Янгиқўрғон тумани “Поромон” жоме масжиди имом-хатиби