Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Апрел, 2026   |   25 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:28
Аср
17:05
Шом
19:06
Хуфтон
20:22
Bismillah
14 Апрел, 2026, 25 Шаввол, 1447

Каъбаи муаззама – мусулмонлар қибласи

15.11.2016   15534   2 min.
Каъбаи муаззама – мусулмонлар қибласи

Саудия Арабистони Подшоҳлигида нашр этиладиган «Уккоз» газетасининг 2016 йил  12 сентябрь сонида эълон қилинган.

Мақолада Каъбаи муаззама тўғрисида маълумотлар берилган. 

1. Ал-ҳажар ал-асвад (қора тош);
2. Бобул-каъба (Каъба эшиги);
3. Ал-мийзабу, мийзабур-раҳма (раҳмат тарнови);
4. Аш-шазуравон (қозиқ);
5. Ҳажару Исмоил (ал-Ҳатим);
6. Ал-мултазам;
7. Мақом Иброҳим алайҳиссалом;
8. Рукнул-ҳажар ал-асвад;
9. Ар-рукнул-ямоний;
10. Ар-рукнуш-шомий;
11. Ар-рукнул-ироқий;
12. Ситарул-каъба;
13. Жигар ранг мармар чизиғи.

 Каъбаи муаззама калити

Узунлиги 25 см

Каъбанинг махсус хизматчисида сақланади.

Сувалган жой

Каъбаи муаззаманинг эшиги ва рукни ироқий ўртаси - шарқий деворидаги кичкина чуқурча узунглиги 2 м, эни 112 см, чуқурлиги 28 см.

Бу Жаброил алайҳиссалом намоз ўқиган жойлари ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳи куни хонаи Каъбадан чиқиб, намоз ўқиган жойлари.

1377 ҳ. йил зиёратчилар беихтиёр қоқилишларининг олдини олиш мақсадида  чуқурча тўлатилиб, суваб қўйилди ва атрофидаги оқ мармардан ажралиб турадиган чиройли рангли тўртбурчак мармар қопланди.  

Хонаи Каъба устунлари Тик дарахтидан (субтропик иқлимда ўсувчи ниҳоятда мустаҳкам дарахт, кемасозликда ишлатилади - таржимон) ишланган 3 та устун мавжуд бўлиб, ҳар бирининг айланаси 150 см, диаметри 44 см.

Каъба пойдеворлари

Каъба пойдеворларини Иброҳим алайҳиссалом бино қилганлар.

Саудия Арабистони муҳандислари 1417 ҳ. йил умумий таъмирлаш жараёнида пойдевор ғиштлари туянинг бўйни шаклида (солкаш қилиб - таржимон) бир-бирига бириктириб, мустаҳкам қурилганлиги  замон таъсиридан – емирилишдан ва бошқа талофатлардан ҳимояланганига яна бир марта ишонч ҳосил қилишди.      

Томи

Ҳар қандай чиришдан ҳимояланган мустаҳкам тик дарахти танасидан тайёрланган 23 та тахта-тўсин билан ёпилган.

Девор қалинлиги

Девор қалинлиги 90 см.

Тош-ғиштлари

1614 та ғишт

Улардан энг каттаси 190х50 см;

Энг кичиги 50х40 см.

Янги кисва (каъбапўш)

Соф табиий шойидан тўқилган;

Белбоғида Қуръоний ояти карималар битилган;

Каъбапўшнинг ранги қора;

Қиймати 22 миллион риёл (қарийб 6 миллион доллар);

Каъбаи муаззама эшиги пардасининг узунлиги 6,5 метр, эни 3 метр;

Каъбапўш  баландлиги 14 метр  бўлиб, беш қисмдан ташкил топган, улардан тўрттаси Каъбаи муаззаманинг тўрт томонини қоплаб туради, бешинчиси Каъба эшигига осилган пардадан иборат.

Каъбапўшнинг тўрт томонидаги белбоғи узунлиги 47 метрдан иборат, эни 95 см. Белбоғ умумий Каъбапўшнинг учдан бир қисми – юқори қисмини эгаллаган, 16 бўлак, олтин ва кумуш толалар  билан зийнатланган.

 

                 Нуриддинов Жалолиддин таржима қилди.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қасам нима, назр нима?

14.04.2026   3335   7 min.
Қасам нима, назр нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:

 

إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).

 

وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ

“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).

 

وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ

“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).

 

وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا

 

“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).

Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:


لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ

“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).

Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

 

وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ

“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).

Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.


Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.

Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).

Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.

Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.

Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.

Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:

Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.

Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.

Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.


Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси

Мақолалар