МАҚОЛА

Буюк неъмат шукронаси

Аллоҳ таоло бизга ато этган энг улуғ неъматлардан бири мустақилликдир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар доим фикр юритиладиган, шукр қилинадиган, қадри, шарафи, давомийлиги кўз қорачиғидай асраб-авайланадиган бебаҳо неъматдир.

Истиқлол туфайли мамлакатимизда эътиқод эркинлиги қонуний кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасалар очилди, нодир тарихий манбалар, асори-атиқалар мусулмон халқимизга қайтариб берилди. Юртимиздаги бошқа гўшалар қатори Бухорода ҳам диний-маърифий соҳада туб ўзгаришлар бўлмоқда.

Қадимдан илм маркази бўлган заминимизда сўнгги йилларда мадраса ва масжидлар, муборак қадамжолар обод этилиши ва улар фаолиятининг такомиллашиши, Етти пир уламолар номини бутун оламга тараннум этиш мақсадида уларнинг илмий меросларини ўрганиш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижобий ўзгаришларга мисол бўлади.   

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу улуғ неъматлар шукронасини қилиб, унинг қадрига етиб яшаш ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукрона айтишимиз лозим.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси 7-оят). Ояти каримада таъкидлаганганидек, шукр қилсак Ҳақ таоло Ўз неъматларини янада зиёда қилиши, шубҳасиз.

Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”деганлар (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Инсон учун дунёга келган, униб-ўсган ери Ватандир. Киндик қони тўкилган жой эса унга бошқа жойдан қимматли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Ҳаким уламолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрти тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўзига “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тили, ўзлиги, ҳақлигини исбот этишга ожиз кишилар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради.

Ватан тинчлиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топиши учун ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарур.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Яратган Эгамиз ато этган улуғ неъмат – ҳур заминимизни ёмон кўз, хавф-хатар, бало-офатдан паноҳида асрасин. Барчамизга бу неъматнинг қадрини тўғри англаш, шукронасини адо этишни мушарраф қилсин!

Жобир Элов,

Бухоро вилоят бош имом-хатиби

982 марта ўқилди

Мақолалар

Top