Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Мазҳаб ҳақида

12.05.2022   1155   3 min.
Мазҳаб ҳақида

1517 йили Усмоний турклар томонидан Мисрга ҳанафий мазҳаби киритилади. Ҳозирги кунда суд маҳкамаларида шахсий мақом борасида ҳанафий мазҳаби татбиқ этилсада, кўп мисрликлар, айниқса, қишлоқ жойларда ўз диний урф-одатларида шофеъий анъаналарига содиқ қолганлар. Фаластин ва Иорданиянинг аксарият мусулмонлари, Сурия, Ироқ, Ҳижоз, Покистон, Ҳиндистон, Индонезия ҳамда Эрон ва Ямандаги сунний мусулмонлар ҳам шундай қиладилар.
Шофеъий мазҳаби мураккаб мантиқий таҳлилни талаб қилувчи Ҳанафий мазҳабидан ва Мадина фиқҳий мактабининг ҳуқуқий мажмуасини тўлиқ билишни талаб қилган Моликий мазҳабидан фарқ қилади. Айнан мана шу бу мазҳабнинг Сурия, Ироқ ва Мисрда чуқур илдиз тарқалишига ва мусулмон давлатларига ёйилишига имкон берди.
Ҳанбалийлик тарқалган ҳудудлар ХХ аср Саудлар оиласининг ҳукумат тепасига қайтиши Саудия Арабистонида ҳанбалий мазҳабини расмий мазҳаб сифатида таъсис этилишига олиб келди. Шунингдек, ҳанбалийлик Қатарда расмий мазҳаб ва Фаластин, Сурия, Ироқ ва яна бошқа жойларда ўз издошларига эга.

Хулоса қилиб айтганда тўрт фиқҳий мазҳаблар юқорида таъкидлаганимиздек, баъзи жузъий масалалардагина фарқланадилар холос. Шунингдек бир фиқҳий мазҳаб ичида ҳам турли фикрлаш кенг миқёсда йўлга қўйилган. Мисол учун Ҳанафий мазҳабида баъзи масалаларда Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари у кишининг фатволаридан бошқача фатво чиқарганлар ва шогирднинг фатвосига амал қилинган.

Лекин, фуқаҳоларнинг бу фикр эркинликлари зулм ва жавр ила баъзи кишилар томонидан ихтилоф, деб номланган. Аслида бу иш ихтилоф эмас, кўпфикрликдир. Масалани ҳал қилишда афзал ва осон йўлни танлашга уринишдир. Айни пайтда бу кўпфикрлилик юксак одоб доирасида бир бирини ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўйилган. Мунозара одоблари ишлаб чиқилган ва бу бобда китоблар ҳам битилган. Буларнинг ҳаммаси фикр ва сўз эркинлигининг самарасидир.
Мазҳабсизлар Қуръони карим ва суннатдан шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзларининг қадимги маслакдошлари бўлмиш “Зоҳирийлик” мазҳабининг йўлини тутганлар. Ҳеч ким мазҳабларни фақат шу тўрт мазҳабга чеклаб қўймаган, балки тарихий шароит шуни тақозо қилган. Мазҳаблар орасидаги ихтилоф ақидавий ихтилофлар каби шариат ман этган ихтилоф эмас, аксинча улар мусулмонлар учун раҳмат. Бу ихтилофлар саҳобий ва тобеъийлар орасидаги ихтилофларнинг узвий давомидир.
Мазҳаб имомларининг саҳиҳ ҳадис ҳақидаги гаплари Имом Бухорий ва Муслим каби саҳиҳ ҳадислар тўпламида мазҳабга тўғри келмайдиган масалаларда мазҳабни ташлаб, ҳадисга эргашиш керак дегани эмас, бу гаплар фақат жуда ҳам кам кишилар бажара оладиган шартларга жавоб бера оладиган мазҳаб ичидаги мужтаҳидларга ва мутлоқ мужтаҳидларга қаратилган.
Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимларга мойил “кадрлар” етишиб чиқади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир этади. Бугунги кунда мазҳабсизликнинг олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим.

Абдуллоҳ Саматов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3327   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ