Фиқҳий истилоҳда “рафъ ул-ядайн” деб намозда қўлларни елка баробарича кўтаришга айтилади. Ўрта осиё халқлари орасида ҳанафий мазҳаби кенг ёйилгани учун, халқимиз намозда бир марта – намозни бошлашдаги “такбири ифтитоҳ” чоғидагина “рафъ ул-ядайн” қилади. Зотан ҳанафий мазҳабининг таълимоти ҳам шу.
Аммо баъзида бошқа мазҳаблар таълимотига мос тарзда “рафъ ул-ядайн” қиладиган намозхонлар ҳам учраб қолади. Улар худди шу масалада ҳанафий мазҳаби муассисларини “рафъ ул-ядайн” ҳақидаги ҳужжат-ҳадисларни билмаган, яъни уларга етиб келмаган деб ўйлайдилар ва шундан келиб чиқиб бошқа, хусусан шофеъий мазҳабига мувофиқ “рафъ ул-ядайн” қиладилар.
Аслида шуларнинг ўзлари “рафъ ул-ядайн” борасида ҳанафий уламолар ҳужжат қилган далилларни билишмайди. Агар билганларида ҳанафий мазҳаби уламоларига нисбатан “Ҳанафийлар “рафъ ул-ядайн” борасида суннатга зид фатво берган” демаган бўлардилар.
Шунга кўра, мақолада “рафъ ул-ядайн” ҳақида Ислом фуқаҳоларининг неча хил фикри борлиги ва хусасан ҳанафий мазҳаби мужтаҳидларининг ҳужжатларини ёритиб беришни мақсад қилдик. Токи, бу мавзуда ҳанафийларнинг ҳам ҳужжатлари борлигини билиб олсинлар.
Хуллас, бу масалада уч хил мазҳаб бор:
Биринчи
Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари: “Намозхон икки қўлини фақат намозни бошлашда такбири таҳрима айтиш жараёнидагина кўтаради холос, бошқа ўринларда икки қўл кўтарилмайди”, деб айтганлар.
Ва яна саҳобалардан Али ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икковлари намозда фақат такбири таҳрима айтишдагина икки қўлларини кўтарган. Бошқа ўринларда қўлларини кўтармаганлар.
Шунингдек, салафи солиҳ фуқаҳолардан Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Суфён Саврий ва Ҳасан ибн Ҳайй раҳимаҳумуллоҳ ҳам худди ҳанафийлардек фатво берганлар.
Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Мен ўз даврим фақиҳлари орасида такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлларини кўтарадиган фақиҳни билмайман. Мен билган фақиҳларнинг ҳаммаси фақат такбири таҳрима чоғида қўлини кўтарар эди”.
Иккинчи
Моликийлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бу мавзуда: “Намозхон намознинг ҳеч бир ҳолатида икки қўлини кўтармайди. Бу бу ҳақида бирор маълумот борлигини билмайман. Намоз такбирларида ҳам, руку ва саждага бориш ё қайтишда ҳам. Лекин намозни бошлашда икки қўлини салгина кўтариб қўйса бўлади” – деган.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг айнан ўзидан “Муватто”ни ривоят қилган ровийлардан бири ва энг машҳури Ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ: “Имом Моликдан “Намознинг фалон жойида қўл кўтарилади” деб қилинган ривоятларнинг ҳаммаси заъиф суст ривоятлардир” деб айтган.
Ашҳаб раҳимаҳуллоҳ эса, имом Моликдан “Икки қўл фақат такбири увлодагина кўтарилади” деб ривоят қилган. Яна бир ривоятида эса “Имом рукудан қайтишда “Самиъаллоҳу лима ҳамидаҳ” деган чоғи икки қўлини кўтаради”, деб айтган.
Учинчи
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Намозни бошлашда, рукуга такбир айтганда ва рукудан бошини кўтарганда икки қўл кўтарилади. Саждага кетишда ва ундан қиёмга туришда қўл кўтарилмайди” деган. (Шу ергача барча маълумотлар имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг “Мухтасару ихтилафил-улама” номли асаридан олинди. 1 – Ж. 199 – Б. Масала 133).
Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳар бир фикр эгаси мутлақ мужтаҳидлик мақомига эришган, ўз даврининг илм ва тақвода тенгсиз олимлари бўлган. Ҳар бири шариат номидан бирон фатво айтар экан, албатта бу дунёда ҳам, Аллоҳнинг хузурида жавоб бериш масъулиятини тўлақонли ҳис қилганлар. Имом Абу Ҳанифа ҳам, имом Молик ҳам, имом Шофеъий ҳам юқоридаги қарашларида кучли далилларга эга. Бирорталари бедалил бу фатвони берган эмас.
Муқаддимада айтиб ўтганимиздек, энди ҳанафий мазҳаби фақиҳларининг далилларини тақдим қиламиз:
1-) Суфён Осим ибн Кулайбдан, у Абдураҳмон ибн Асваддан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намози ҳақида шундай деган:
انه كان يرفع يديه في اول تكبيرة ثم لا يعود
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини намоз бошлашдаги такбир чоғида кўтарар эдилар. Кейин қайта кўтармасдилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Имом Таҳовий, Маъоний ал-асор, 1/224. Абу Довуд, Сунан, 1/192. Термизий, Сунан, 2/40. Насаий, Мужтабо. 2/182, 195).
2-) Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган:
صليت خلف النبى صلى الله عليه و سلم و ابى بكر و عمر رضى الله عنهما فكانوا لا يرفعون ايديهم إلأ عند إفتتاح الصلوة
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, Абу Бакр ва умар розияллоҳу анҳуманинг ортларида намоз ўқиганман. Улар икки қўлини фақат намозни бошлашдагина кўтарар эдилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Дорақутний, Сунан 1/295. Байҳақий, Кубро, 2/79 ва 80).
3-) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу шундай ривоят қилганлар:
الا أصلى بكم صلوة رسول الله صلى الله عليه و سلم؟ ٌالوا بلى. و رفع يديه فى التكبيرة الاولى ثم لم يرفع بعد ذلك
“мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини кўрсатиб ўқиб берайми? Саҳобалар “Ҳа, албатта” – дедилар. У киши шунда биринчи такбир айтишда икки қўлини кўтардилар ва кейин бошқа кўтармадилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Ибн Абу Шайба, Мусаннаф, 1/267. Байҳақий, Кубро, 2/78. Шарҳус сунна. 3/24).
4-) Язид ибн Абу Зиёд Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан, у Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
كان النبى صلى الله عليه و سلم إذا إفتتح الصلوة رفع يديه حتى يحاذى بهما أذنيه ثم لا يعود
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз бошлаганларида икки қўлларини қулоқлари рўпарасигача кўтарар эдилар, кейин бу амални қайтармас эдилар”. (Ҳадис ривоят қилинган манбалар: Дорақутний, Сунан 1/293. Имом Таҳовий, Маъоний ал-асор, 1/225. 1/267. Байҳақий, Кубро, 2/76).
Азиз ўқувчи, кўриб турганингиздек “рафъ ул-ядайн” ҳақидаги далиллар, ҳадислар ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларига етиб борган. Улар бу мавзудаги барча ҳужжатларни пухта ўрганиб, ўзлари саҳиҳ ва ишончли деб билганларини амалга татбиқ қилганлар. Шунга биноан ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари икки қўлни қулоқлар юмшоғигача фақатгина намоз бошлаш чоғида бир марта кўтарилади, деб фатво берганлар. Ҳанафийларнинг бу фатвоси асло суннатга зид эмас! Балки айни суннатнинг ўзгинасидир!
Ботиржон ТОЖИБОЕВ
Андижон шаҳар “ҒИШТЛИК” жоме масжид имоми
Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан нуфузли халқаро илмий конференция ўтказилади. 2026 йил 9–11 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур анжуман мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу халқаро анжуманни ўтказиш чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ-46-сон қарорига мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижроси доирасида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияни юқори даражада ташкил этиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов раислигида ўтказилган йиғилишда Марказ илмий кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда мутахассислар ва ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мазкур халқаро анжуманнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу оддий илмий тадбир эмас, балки темурийлар даври цивилизациясини замонавий илмий ёндашувлар асосида қайта англаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этишга хизмат қилувчи стратегик платформа сифатида баҳолади.
Мазкур халқаро анжуман бир қатор ҳамкор ташкилотлар, илмий даргоҳлар иштирокида ўтказилади. Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, Фанлар академияси мазкур халқаро конференцияни ташкил этишда барча илмий ва ташкилий ресурслар билан қўллаб-қувватлашга тайёр.
Конференция доирасида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумладан:
• “Амир Темур ва темурийлар даври қўлёзмалари” кўргазмаси
• “Темурийлар нумизматик мероси” кўргазмаси
• Европа музейлари билан ҳамкорликда тайёрланган махсус экспозициялар
Шунингдек, “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида:
• Амир Темур даврига оид кинолойиҳалар
• Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳаётига бағишланган фильмлар намойиши ҳам режалаштирилган.
Анжуманда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка давлатларидан 100 нафардан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференция доирасида хориждан олиб келинадиган темурийлар даврига оид нодир артефактларни вақтинчалик намойиш этиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳам алоҳида ташкилий чоралар белгиланди.
Йиғилиш якунида таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий конференция Амир Темур ва темурийлар даври меросини, замонавий илмий ёндашув асосида қайта таҳлил қилиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этиш йўлида муҳим илмий ва маданий воқеа бўлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази