МАҚОЛА

Фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш орқали уларни ғоявий хуружлардан асрайлик!

Ўзбек оиласи серфарзандлик, болажонлик, оилапарварлик каби ижобий хусусиятлари билан ажралиб туради. Серфарзандлик ўзбек оиласининг алоҳида белгисидир. Бизда кўп болалик оналар сони бошқа минтақалардагига нисбатан анча зиёд. Ўзбек оиласидаги болажонлик, фарзандлар ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро ҳурмат,  оилаларда турли авлод вакилларини бирга яшаши ва бирга хўжалик юритишлари, меҳнатсеварлик, саҳий ва меҳмондўстлик каби ижобий хусусиятлар олий қадрият ҳисобланади.

Фарзандларни комил инсон қилиб тарбиялаш энг муҳим вазифадир. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қиламиз, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.

Тарихдан маълумки, ҳар бир жамиятда ҳеч қайси бир тузум ва ҳеч қайси бир дин ёшлар таълим-тарбиясига бепарво бўлган эмас. Ислом тарихига назар солсак, ҳам динимиз ёшларга қанчалик ғамхўрлик қилганини кўрамиз. Ислом тарихини илк кунларидан бу вазифани мусулмонлар ўзларини асосий ишлари деб белгилашган. Сўзимиз исботи учун мусулмонларни Макка мушриклари билан бўлиб ўтган илк тўқнашув «Бадр» воқеъасини эслаш кифоя. Асир тушган мушрикларни озод қилиш шартларидан бири «Мадиналик ўнта болага ўқиш ва ёзишни яхши ўргатиш»-деб Пайғамбаримиз (с.а.в) белгилаб қўйдилар. Ваҳоланки, бу даврда мусулмонлар моддий томондан анчагина мушкул вазиятда эдилар. Асирларни моддий маблағлар эвазига озод қилсалар ҳам бўларди. Лекин асосий мақсад ёш авлодни билимли, саводли қилиб тарбиялаш эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида айтилишича: “Фарзандларингизни одобли этиб тарбиялашларингиз ҳар куни бечораларга ярим соъ донни садақа қилишингиздан яхшироқдир”. (Имом Термизий).

Ҳар бир ота она фарзандини солиҳ, маънавий баркамол инсон бўлиб вояга етишини орзу қилади. Ана шу орзу умидлар рўёбга чиқишида Ислом дини баён этган кўрсатмаларга амал қилиш аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадислари орқали бу кўрсатмаларни баён қилган: “Фарзандларингизни итоаткорликка, қайтарилган нарсалардан сақланишга буюринглар. Ана шулар уларни дўзахдан асрайди”, деганлар (Ибн Жарир ривояти). Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): “Фарзанларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар” (Ибн Можа ривояти) деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб марҳамат қилганлар.

Мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Ёш авлодни келажакда одоб-ахлоқли, илмли бўлиб етишишларига аввало кимлар масъул, деган савол туғилади. Уларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси  масъулияти уйда ота-она, ўрта ва олий ўқув юртлари ҳамда мактабларда муаллим ва устозлар зиммасидадир. Ҳақиқатда, тадбирли, зийрак ота она болаларини  ибратли ҳулқ, чиройли муомала, меҳрибонлик, камтарлик, яхши насихат, тўғри йўл кўрсатиш каби воситалардан фойдаланган ҳолда тарбиялайди. Шундагина болалар эзгулик, ўзгаларга ҳурмат кўрсатиш, мехрибонлик қилиш муҳитида улғаядилар. Бундай ўғлонлар зийрак, солиҳ, вадасига вафо қилувчи, зиммасидаги масъулиятларни бажарувчи бўлиб етишади.

Ёш авлодда соғлом эътиқодни тарбиялашда оила ва оила аъзоларининг роли етакчилик қилади. Шу сабабли биз кичик ёшли  ўқувчиларда эътиқод тарбиясини энг муҳим омил сифатида эътироф этамиз. Халқимиз қадим-қадимдан оилани муқаддас даргоҳ, янги авлод тарбия қилинадиган асосий тарбия ўчоғи  деб билади. Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни катта экани халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ҳикматида ҳам ўз ифодасини топган. Соғлом эътиқодлиликни шакллантириш юртимизда асрлар давомида шаклланган ислом динида эътиқод тарбиясининг мазмунига махсус тўхталиш зарурлигини тақозо қилади. Ўқувчиларда виждонийликни тарбиялаш-соғлом эътиқодни шакллантиришнинг марказий вазифаси бўлиб, ундан мақсад ҳар бир бола ўзининг ўқувчилик, фарзандлик, ватанпарварлик, бўлажак фуқаролик бурчларини мукаммал англашига ва уларга амал қилишга, доимо ва ҳамма жойда ростгўй бўлишга, миллий одобга, ватанпарварликка, динлараро бағрикенгликка, миллий ғурурга интилиш ва унга зид ҳатти-ҳаракатни таний билиш ҳамда уларга қарши туриш, ваъда берса мукаммал бажаришга, билмаган ҳолда хато ёки гуноҳ қилса, дарҳол ўзи кечирим сўрай олишга, ёлғончилик, субутсизликни доимо, ҳамма жойда қоралашга қодирликни шакллантиришдан иборат.

Бизнинг менталитетимиз диний-миллий асосларига кўра, фарзандларни турли ноўрин нотўғри ҳатти-ҳаракатлардан сақлаш, ақл-заковатли, ор-номусли қилиб тарбиялаш оила масъуллари учун мажбуриятдир. Бу масъулиятнинг қанчалик муҳим ва юксаклигини таъкидлаб, Муҳаммад (с.а.в) оила бошлиқларига қарата шундай деган эдилар: “Сизларнинг ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагиларга масъулдир”.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ёшлар ўртасида маънавий тарбияни янада мустаҳкамлашимиз, тарғибот-ташвиқот ишларида йигит-қизларнинг бугунги дунёқараши, билими, хабардорлик даражаси ва албатта, қизиқишлари, талаб-эҳтиёжларини тўла  ҳисобга олишимиз муҳимдир. Чунки улар – миллатнинг келажаги, бугунги бунёдкорлик ишларини эртага ишонч ва эътиқод билан давом эттирадиган, янги юксак марраларни эгаллайдиган ворислардир.

“Кўкалдош” ислом таълим муассасаси маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари  А.Ғаниев

664 марта ўқилди

Мақолалар

Top