МАҚОЛА

Бузғунчи террорчилар ўзларига эргашмаган, уларнинг алдов ғояларига қарши чиққан мусулмонларни ''такфир''да айблайдилар, ҳамда шу билан уларнинг қонлари, жонлари, молларини ўзларига ''ҳалол'' санаб, тўдабошиларининг ''фатво''лари билан мусулмон жамиятларда тинч аҳолига нисбатан талончилик, қароқчилик, зулму зўравонлик амалиётларини олиб борадилар. Улар ўзларининг бу босқинчилик қилмишларини ''жиҳод'' деб атайдилар.

Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғаразли мақсадда дунё матоҳига эгалик қилиш мақсадида мусулмон кишини асоссиз кофирга чиқаришдан қайтаради. Жумладан, Аллоҳ таоло ''Нисо'' сураси 94-оятида: ''Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: ''Мўмин эмассан'',-демангиз!...'' деб огоҳлантиради.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ''Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади''. Шундай экан, айрим сохта ''жиҳод'' ғояларига алданиб,бугунги кунда дунёнинг нотинч нуқталарига бориб олиб, муқаддас динимиз таълимотига зид равишда зулму зўравонлик қилиб юрганлар вақти борида эсини йиғиб олишлари керак бўлади. Динимиз таълимотида бировга жабр, зулм қилишлик қанчалик оғир гуноҳ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиниб, огоҳлантирилади. Айнан террорчи бузғунчилар ўзларининг ер юзида олиб бораётган фисқу фасодларини Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони карим оятларини бузиб, нотўғри талқин қилиш орқали хаспўшлашга, шу орқали диний илми етарли бўлмаган кишиларни чалғитиб, тўғри йўлдан оғдиришга ҳаракат қиладилар. ''Ҳуд'' сураси 18-оятида Аллоҳ таоло: ''Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: ''Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир'', дерлар'', деб дунё матоҳини кўзлаб Аллоҳ таолога ёлғон тўқиб, ер юзида бузғунчилик, фасод ишларни қилган кимсаларни золимлар деб атаб, улар учун қиёмат кунида аламли азоб борлигидан огоҳлантиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Муфлис кимлигини биласизларми?''-деб сўрадилар. Саҳобийлар: ''Муфлис - бирор дирҳами, динори, матоҳи йўқ кишидир'',-деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Менинг умматимдан бўлган муфлис қиёмат куни намози, закоти, рўзаси билан келади, шу билан бирга бировни сўккан, бировни зинода айблаган, бировни молини ноҳақ ўзлаштирган, бировни ноҳақ қонини тўккан, бировни урган бўлади. Унинг ҳасанот-яхшиликларидан мазлумларга олиб берилади. Агар ҳасанот-яхшиликлари қолмаса мазлумларнинг гуноҳлари унга юкланади. Сўнгра дўзахга улоқтирилади'', дея бу дунёда зулму зўравонлик қилиб юрганларнинг қиёмат кунидаги аҳволини баён қилиб бердилар.

Шуни доим ёдда тутмоқ керакким, Ислом дини жангу жадал дини эмас, балки тинчлик динидир. Ислом сўзининг туб мазмун моҳияти тинчлик, саломатлик, хотиржамлик, офият, сулҳ каби маъноларни англатади. Мўмин мусулмон киши  Ватани озодлиги йўлида курашса, оиласи, мол-мулки, дин-диёнати, ор-номуси ҳимояси йўлида курашса ҳақиқий маънода жиҳод саналади. Юрт равнақи, халқ фаровонлиги, тинчликни асраш, ота-она хизмати, оила нафақаси, фарзандлар тарбияси, шунингдек, ёшлар онгини турли хил бузғунчи ёт ғоялардан, мафкуравий хуружлардан асраб авайлашга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар ҳам жиҳод саналади.

Аллоҳ таоло жондан азиз Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, турли балолардан Ўз паноҳида асрасин!

 

Н. Имамов Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби

673 марта ўқилди

Мақолалар

Top