Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ҲАҚЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ: ОТА-ОНА ҲАҚИ

ҲАҚЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ

Фарзанд дунёга келган кунданоқ ота-онаси ва атрофидагилардан бевосита ўз ҳақини талаб қила бошлайди. Қорни очса, “тўйғаз” деб, совқотса, “кийинтир”, деб хархаша қилади. Зерикса, “мени ўйнатгин”, дейди. Катталар эътиборсиз бўлса, турли-туман қилиқлари билан ўзига қаратади. Ўйинчоқлар олиб беришга мажбур қилади. Булар – боланинг ҳақлари. Талабларини меъёри билан қондириш эса катталарнинг вазифаси.

Лекин болага ота-онасининг, амма-холасининг, ака-укасининг, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қолаверса, жамиятнинг ҳам ҳақи борлигини аста-секин тушунтира бориш зарур. Токи бола фақат ўзини ўйлайдиган эмас, балки бошқалар ҳақида ҳам қайғурадиган бўлсин.

Хўш, биз зикр этаётган ҳақлар қайсилар? Булар:

  1. Ота-она ҳақи.
  2. Қариндошлик ҳақи.
  3. Қўшничилик ҳақи.
  4. Муаллим (устоз) ҳақи.
  5. Дўст-биродарлар ҳақи.
  6. Катталар (кексалар) ҳақи.

 

Ота-она ҳақи

Ота-она рози – Худо рози, деган ибора бор. Демак, ота-она фарзанддан рози бўлмаса, Худо ундан рози бўлмас экан. Уларнинг хизматини қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, кексайганларида боқиш, кийинтириш, уларнинг олдида овозини кўтармаслик, вафот этганларидан сўнг ҳақларига дуо қилиш ва ҳоказо... фарзандларнинг бурчидир.

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-онани эъзозлаш, ҳурматлашга доир кўрсатмаларини ота-оналар, мураббийлар болаларга гўдаклигиданоқ ўргатишлари лозим.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Қайси бир мусулмон фарзанд савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. “Ота-онадан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунча Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, деди. Шунда бир киши: “Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” деб сўради. “Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”, деди Ибн Аббос».

«Субулус Салом» китобида Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар.

Шунинг учун, Аллоҳ таолони рози қиламан деган фарзанд ота-онасини рози қилсин. Аллоҳ таолонинг ғазабидан сақланаман деган фарзанд ота-онасини ғазаблантирмасликка ҳаракат қилсин.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга изн сўради. Шунда у зот:

“Ота-онанг ҳаётми?” деб сўрадилар.

“Ҳа”, деди.

“Ота-онанг ҳақи борасида жиҳод қил”, дедилар.

Уларга хизмат қилишинг жиҳодинг бўлади, яъни: “Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил”.

Имом Аҳмад ва Имом Насоий Муовия ибн Жаҳимдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Жаҳим (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, ғазотга чиқишни хоҳлайман ва сиздан маслаҳат сўраб келдим”, деди.

Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онанг ҳаётми?” дедилар.

“Ҳа”, деди.

“Ундан ажралма, чунки жаннат унинг оёғи остида”, дедилар.

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши келиб: “Аллоҳдан савоб умидида жиҳод ва ҳижрат қилиш учун сизга байъат қилишга келдим”, деди.

Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” деб сўрадилар.

“Ҳа, иккалалари ҳам ҳаёт”, деди.

“Аллоҳдан савоб умид қиласанми?” дедилар у зот (алайҳиссалом).

“Ҳа”, деди.

“Ота-онанг ҳузурига боргин ва уларга гўзал муомалада бўл”, дедилар.

Яъни, уларнинг хизматларини чиройли ҳолда адо қилсанг, Аллоҳ жиҳоднинг савобини беради, дедилар.

Ислом таълимоти ота-оналари заифлашган, кексайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳақини адо қилишларини жиҳод ва ҳижратдан устун қўяди.

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида Аллоҳ таоло бундай амр қилади:

وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا٢٤

«Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро,24).

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Инсон вафот этганидан сўнг даражаси кўтарилади. Шунда у: “Эй Раббим, бу нима? Яъни, даражанинг кўтарилиши нимадан?” дейди. Шунда унга: “Фарзандинг сенинг ҳақингга истиғфор айтди”, дейди».

Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким Молик ибн Робиадан ривоят қилади:

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида эдик, Бани Салама қабиласидан бир киши келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, ота-онам вафот этганидан сўнг ҳам уларга қилишим керак бўлган яхшиликдан қолдими?” деди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, уларнинг ҳақига дуо қилиш, истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдига вафо қилиш ва дўстларини ҳурматлаш ва улар томонидан бўлган қариндошлар билан боғланиш”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) солиҳ фарзанд бўлганлар. Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида ривоят қилади:

Абдуллоҳ ибн Умар Макка кўчасида бир кишига йўлиқди ва унга салом берди. Унинг юкларини кўтариб ўзлари минган эшакка юклади. Бошларидаги саллани унга берди. Ибн Динор унга: «Биз: “Аллоҳ сизни солиҳ қилсин, у аъробий, озгина нарсага ҳам рози бўлади”, дедик. Шунда Абдуллоҳ: “Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг дўсти. Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, яхшиликларнинг афзали киши отасининг дўстлари аҳлига силаи раҳм қилиши”, деб айтганларини эшитганман», деди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, энг аввал яхшилик қилишга ким ҳақли?” деди.

“Онанг”, дедилар.

“Сўнгра ким?” деди.

“Онанг”, дедилар.

“Сўнгра ким?” деди.

“Онанг”, дедилар.

“Сўнгра ким?” деди.

“Отанг”, дедилар.

Ибн Касир ўзларининг “Тафсир” китобларида Сулаймон ибн Бариддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Бир киши елкасига онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилди. Сўнгра Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онамнинг ҳақини адо этдимми?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, бир оҳ, деганчалик ҳақини ҳам адо этмадинг”, дедилар.

Ислом икки сабабга кўра она ҳурматини отадан юқори қўяди:

Биринчиси, она фарзандни дунёга келтиришда отадан кўра кўп машаққат чекади, уни тўққиз ой қорнида кўтариб юради, эмизади, кечалари бедор бўлади, тарбияси билан машғул бўлади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَوَصَّيۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيۡهِ حَمَلَتۡهُ أُمُّهُۥ وَهۡنًا عَلَىٰ وَهۡنٖ وَفِصَٰلُهُۥ فِي عَامَيۡنِ أَنِ ٱشۡكُرۡ لِي وَلِوَٰلِدَيۡكَ إِلَيَّ ٱلۡمَصِيرُ١٤

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон, 14).

Юқоридаги сатрлар бир кишининг Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онамни елкамга кўтариб икки фарсах юрдим... Онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деганини ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шояд бу ишинг онанг сени туғишдаги чеккан тўлғоқ азобининг бирига тенг бўлса”, деб жавоб берганларини эслатади.

Шунга ўхшаш воқеа:

Бир аъробий киши онасини кўтариб Каъбани тавоф қилиб:

“Мен онамнинг ювош уловиман.

Агар туя ундан қочса ҳам, мен ундан қочмайман.

Улуғ Раббим Аллоҳ мендан рози

Бўлсин деб онамни кўтараман”,

деб шеър айтарди. Сўнгра у Ибн Аббосга юзланиб: “Онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деди.

Ибн Аббос: “Йўқ, Аллоҳга қасам, онанг сени туққан пайтида тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди”, деди.

Иккинчиси, она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдилдир. Ота эса табиатига кўра қаттиққўлдир. Боладан бир айб ўтса, она кечиради. Аммо ота кечирмайди, керак бўлса жазолайди. Она эса жазоламасликнинг йўлини излайди. Шунинг учун ҳам шариатимиз оналарни ҳурматлашга буюради. Улар билан муомалада ҳалимликка, ҳалимлик билан жавоб беришга ундайди.

Она шундай зотки, боласи ҳаддан зиёд дилини оғритиб, оқ бўлиш даражасига борса-ю, аммо бирон дардга чалиниб қолса, ўтган барча ишларни унутади, боласини бағрига босади, унга талпинади. Чунки бола она вужудининг бир парчаси. Ҳеч қачон этни тирноқдан ажратиб бўлмайди.

Абу Лайс Самарқандий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Алқама исмли бир киши бор эди. У ўлим тўшагига михланиб қолди. Сўнгги нафасларида “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айтгин, деб қисташди, аммо унинг тили айланмади, калимага келмади. Бу хабарни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етказганларида, у зот (алайҳиссалом): “Унинг ота-онаси борми?” дедилар. “Унинг отаси вафот этган, кекса онаси бор”, дейишди. Онасини олиб келишни буюрдилар. У келгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўғлингнинг ҳаёти қандай эди?” деб сўрадилар. Онаси: “Эй Аллоҳнинг расули, у намоз ўқирди, рўза тутарди, ҳисобсиз садақа қиларди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен билан ўғлингнинг орангиз қандай эди?” деб сўрадилар.

Онаси: “Мендан кўра хотинини кўп эъзозлар эди ва унга итоат қиларди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онасининг норизолиги уни “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб шаҳодат беришдан тўсди”, деб: “Эй Билол, чиқиб ўтин жамла, ўғилни куйдирамиз”, дедилар. Шунда Алқаманинг онаси: “Ё Аллоҳнинг расули, қалбим меваси бўлган ўғлимни менинг олдимда ўтда куйдирасизларми, бунга қандай чидайман?” деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ уни кечириши сени хурсанд қиладими? Унда ўғлингдан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам, ўғлингга намози, рўзаси ва садақаси ҳам фойда бермайди, модомики сен ундан норози экансан”, дедилар.

Шунда она қўлини юқорига кўтариб: “Аллоҳ гувоҳ, сиз гувоҳ, ё Аллоҳнинг расули ва шу ерда ҳозир бўлганлар гувоҳ, мен ўғлимдан розиман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Билол, бор, Алқамадан хабар олгин, у “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дея оляптими, балки онаси мендан уялганидан рози бўлгандир”, дедилар. Билол чиқди ва Алқама ётган уй эшигига етганида унинг: “Лаа иллаҳа иллаллоҳ” деганини эшитди. Алқама вафот этди. Уни ювиб кафанладилар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанозани ўқидилар.

Мана шу сабабларга кўра онанинг ҳурмати отадан зиёдароқ қилинди. Мураббийларимиз буларни болаларга тушунтирсинлар. Токи болалар онага яхшилик қиладиган, меҳрибон ва ҳақини адо этадиган инсонлар бўлиб улғайишсин.

 

Ота-онага яхшилик қилиш одоби

Ота-онадан олдинга ўтиб юрмаслик, улардан юқорига чиқиб ўтирмаслик, насиҳатларидан аччиқланмаслик, улардан олдин таомга қўл чўзмаслик, ухлаганида юқорида ётмаслик ва буюрганларини бажариш кабилар ота-онага яхшилик қилиш одобига киради.

۞وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنًاۚ إِمَّا يَبۡلُغَنَّ عِندَكَ ٱلۡكِبَرَ أَحَدُهُمَآ أَوۡ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَآ أُفّٖ وَلَا تَنۡهَرۡهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوۡلٗا كَرِيمٗا٢٣ وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا٢٤

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!

Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро, 23–24).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким отасига ғазаб билан четни кўрсатса, у яхши қилмабди”, дедилар (“Мажмаи завоид”, 28-жилд).

Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши билан бир чол келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳой, ёнингдаги ким?” дедилар. У: “Отам”, деди. Шунда: “Олдинда юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳақоратлама”, дедилар (“Мажмаи завоид”, 28-жилд).

Шундай одоб билан шарафланган улуғларимиз ҳаётидан намуналар:

“Уйунул ахбор” китобида келтирилади. Умар ибн Зайддан: “Ўғлингнинг сенга бўлган меҳрибонлиги қандай?” деб сўралди. У киши: “Кундуз орқамдан, кечаси олдимда юради ва ундан юқорида ётаман”, деди. Яъни, Умар ибн Зайднинг ўғли отасини ҳурматлаб, кундузи орқароқда, кечаси қоқилиб, чуқур-чаноққа тушиб кетмасин, деб олдинда юрар экан.

“Мажмаи завоид” муаллифи ривоят қилади. Абу Ғассон аз-Забий дейди: «Отам билан иссиқда пиёда кетаётган эдик, олдимиздан Абу Ҳурайра чиқиб қолди. Абу Ҳурайра: “Ёнингдаги ким?” деди. Мен унга: “Отам”, деб жавоб бердим. У: “Отангдан олдин юрма, орқасида ёки ёнида юргин, юрганда ораларингдан киши ўтадиган бўлмасин. Отанг ётган уйнинг томида юрма. Отангнинг назари тушган гўштни ема, отангнинг егиси келган бўлиши мумкин», деди.

Мансурнинг мажлисида Солиҳ Аббосий қатнашди ва гапида “Раҳматли отам” деган сўзни кўп ишлатди. Шунда хизматкор Робеъ: “Мўминлар амирининг ҳузурида раҳматли отам деган сўзни кўп айтмагин”, деди. Шунда Солиҳ: “Мен сени rойимайман, чунки сен ота лаззатини татимагансан”, деди. Мансур табассум қилиб: “Бу Ҳошим қабиласидан бўлган кишиларга ташланганларнинг жазосидир”, деди.

Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ида ривоят қилади: Бир киши Абу Дардога: «Отам мени қўймай (зўрлаб) уйлантирди. Энди бўлса, менга унинг жавобини (талоғини) беришни буюради, мен энди нима қилай?” деди. Абу Дардо: “Мен отангга оқ бўлишга буюрмайман ва хотинингни талоқ қилишга ҳам буюрмайман. Хоҳласанг, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганимни айтиб бераман: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота жаннат эшигининг ўртаси, бас, у эшикни ҳимоя қилгин. Агар хоҳласанг, тарк қилгин”, дедилар».

Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Менинг хотиним бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Хотинимни отам Умар (розияллоҳу анҳу) ёмон кўрар эди. Менга: “Уни талоқ қил”, деди. Мен рад этдим. Отам Умар (розияллоҳу анҳу) мени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб борди ва бор гапни у кишига айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Унинг жавобини бергин”, дедилар».

 

Ота-онага оқ бўлиш – катта гуноҳ

Оқ бўлиш “бўйсунмаслик”, “қарши чиқиш”, “озор бериш”, “осий бўлиш” ва ҳақини адо қилмаслик деган маъноларни англатади. Ҳақини адо қилиш дегани ота-она ғазабланганида, фарзанд унга тик қарамаслигидир. Гарчанд ўғил ҳақ-у, ота ноҳақ бўлганида ҳам. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақи улуғ, уларнинг айтганларини қилиш вожиб, бироқ улар амри Аллоҳнинг амрига тескари бўлмаслиги керак. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда махлуққа, яъни ота-онага, каттаю кичикка итоат қилинмайди. Айтайлик, ота фарзандига ичкилик олиб келиб бер, деб буюради. Аллоҳ ичкиликни ҳаром қилган. Фарзанд чиройли муомала билан уни рад қилишга ҳақли. Ва шунга ўхшаш бошқа Аллоҳ қайтарган нарсаларда ҳам отанинг истагини бажармаса, фарзанд гуноҳкор бўлмайди.

Ота-онага оқ бўлиш фарзанднинг Аллоҳ қайтарган йўлларга кириб, эл-юрт олдида уларнинг юзини ерга қаратиш, берган тузларига норози қилишдир. Қариган чоғида едирмай, ичирмай, кийинтирмай, хўрлаб қўйишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оқ бўлишдан огоҳлантирганлар ва унинг оқибатларини баён қилиб, охиратда савол-жавоби қаттиқ бўлишини айтганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттаси хабарини берайми?” дедилар.

Биз: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, – ёнбошлаган ҳолда эдилар ўтириб олиб, – ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш...” деб такрор-такрор айтавердилар. Биз у кишини: “Қани тўхтасалар эди!” дедик.

Имом Аҳмад ва Насоий, Баззоз ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: доимий ҳамр (ароқ) ичувчига, ота-онага оқ бўлган фарзандга ва ўз аҳлига ахлоқсизликни ўргатган даюсга”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Катта гуноҳлардан бири киши ўз отасини сўкмоғидир”, дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз отасини ҳам сўкадими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бир киши иккинчи бир кишининг ота­сини сўкади, шунда у бу кишининг отасини ёки онасини сўкади, у бунинг онасини сўкади”, дедилар.

Ҳоким Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар қандай гуноҳнинг (жазосини) Аллоҳ хоҳиши ила қиёматгача кечиктиради. Фақат ота-онага оқ бўлишнинг (жазосини) ўлишидан олдин, ҳаётлигида ўз эгасига беради”, дедилар. Яъни, ота-онага оқ бўлган киши бунинг жазосини то тирик экан, бу дунёдаёқ олади.

Имом Аҳмад Муоз ибн Жабалдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўнта сўзни васият қилиб: “Аллоҳга ширк келтирма, агар ўлдирилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам, ота-онангга оқ бўлма, агар уйдан кетишингга буюрсалар ҳам...” дедилар».

Асбаҳоний Абу Аббосдан, у киши Авом ибн Ҳушабдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир қишлоққа келдим. Ёнида қабристон бор эди. Аср вақтидан сўнг қабристондаги бир қабр очилди ва ундан эшак бошли бир одам чиқди. Ва уч марта эшакдай ҳангради. Сўнгра қабрга кирди ва қабр ёпилди. Шу пайт бир кампир ип йигириб ўтирарди. Ёнимдаги одам кампирни кўрсатиб:

– У унинг онаси, – деди. Мен воқеани сўрадим. «У ароқ ичиб маст бўларди. Уйга келганида онаси: “Эй ўғлим, Аллоҳдан қўрққин, қачонгача ичасан?” дер эди. Шунда у онасига: “Мунча эшакдай ҳанграйсиз?” дер эди. Бас, ажали етиб, аср вақтида вафот этди. Энди ҳар куни аср вақтида қабр ёрилади ва уч марта эшакдай ҳанграйди, сўнгра қабр ёпилади», деди.

Қаранг, фарзанд ота-онасини нима деб ҳақоратласа, ўзи ўша нарсага айланиб қолар экан... Бу ниҳоятда таъсирли ривоятни фарзандлар даврасида ўқиб, тадаббур қилинса, фойдаси катта бўлади. Фарзандлар ёшлигиданоқ ота-она ҳақларини ўйлай бошлайди. Ислом таълимотида кўрсатилганидек, фарзанд ота-она ҳақларини чиройли қоим қилса, у нафақат ўзини, яшаб турган жамиятининг ҳам ҳақини адо этган бўлади. Чунки ота-она ҳурматини ўрнига қўйиш бу ижтимоий масаладир. Қайси оилада, қайси маҳаллада бу тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб яшнайди. Бу эса охир-оқибат жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Ота-она рози – Худо рози, деган ҳикматнинг қиммати ҳам шунда.

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир. Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ:

  1. Гуноҳга сабаб бўлмаса, ота-онанинг буюрганларини албатта бажариш.
  2. Ота-онага мулойим сўзлаш.
  3. Уйга кирганларида, ҳурмати учун ўрнидан туриш.
  4. Ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш.
  5. Мол-мулкини сақлаш.
  6. Сўраган нарсасини бериш.
  7. Улардан маслаҳат сўраш.
  8. Ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш.
  9. Улар меҳмон кутишса, олдида мунтазир бўлиб туриш.
  10. Ота-она айтишини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш.
  11. Отанинг олдида овозни баланд кўтармаслик.
  12. Гаплашаётганларида орага гап қўшмаслик.
  13. Рухсат беришмаса, уйдан чиқмаслик.
  14. Ухлаётганларида безовта қилмаслик.
  15. Ота-онадан аҳли аёлини ва фарзандларини устун (афзал) кўрмаслик.
  16. Ота-она нотўғри иш қилиб қўйсалар кечириш, кўрмасликка олиш.
  17. Кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурида ўзини тутиш.
  18. Улар яхши кўрадиган овқатни илиниш.
  19. Ота-онадан олдин таомга қўл чўзмаслик.
  20. Уларнинг олдида чўзилиб ётмаслик.
  21. Оёқ узатмаслик.
  22. Уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик.
  23. Чақирганларида тезлик билан жавоб бермоқ.
  24. Улар ҳаёт пайтларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш.
  25. Ота-онасининг ҳурматини қилмайдиган кишилар билан дўстлашмаслик.
  26. Уларнинг ҳақларига дуо қилиш, вафот этганларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш:

رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا٢٤

«...Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 24).

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қариндошлар ҳақи;

Қўшни ҳақи;

Устоз ҳақи;

Дўст ҳақи;

3831 марта ўқилди
Top