Кутубхона

Қуръон илмлари: «САБАБИ НУЗУЛ» ИЛМИ

Улуми Қуръонга оид илмлар ичида «Сабаби нузул» илми алоҳида ўрин тутади. Қуръони Каримни ўрганиш ва ундан шаръий ҳукмлар чиқаришда ушбу илмнинг фойдаси жуда ҳам каттадир. Бу борада Қуръони Карим оятлари икки турга тақсимланади:

Биринчи тур: Ҳеч қандай сабабсиз, тўғридан-тўғри нозил бўлган оятлар.

Қуръони Каримнинг кўпгина оятлари асосан ушбу турга киради. Улар инсониятни ҳидоятга бошлаш учун сабабсиз нозил қилинган.

Бироқ «Аслида буларни ҳам сабабли дейиш мумкин, чунки улар ҳам қайсидир шахсий ёки ижтимоий ҳолат тақозосига кўра нозил қилинган», деган уламолар ҳам бор.

Иккинчи тур: Бирор сабабга боғлиқ равишда нозил бўлган оятлар.

Бундай оятлар маълум сабабларга кўра нозил этилгандир. Ушбу бахсимизда ҳудди шу тоифага кирувчи оятлар ҳақида батафсил сўз юритамиз.

«Сабаби нузул»нинг маъноси

Қуръони Каримдан ваҳий нозил бўлишига боис бўлган нарса «Сабаби нузул» дейилади.

Бошқача қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бирор ҳодиса рўй беради ёки у зотга савол берилади. Шу муносабат ила бир ёки бир неча оятлар нозил бўлиб, Аллоҳ таоло уларда мазкур ҳодисага боғлик нарсани баён қилади ёки саволга жавоб беради. Ана ўша ҳодиса ва савол «Сабаби нузул» бўлади.

Ибн Жарир, Воҳидий, Фирёбий ва Ибн Абу Ҳотим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Ҳазраж қабиласига мансуб арабларнинг мажлис қуриб, гаплашиб ўтирган жойларидан ўтди. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг бундай улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегди ва «Булар бирлашсалар, биз булар билан ёнма-ён яшай олмай қоламиз», деб, бир яҳудий болани чақирди ва унга: «Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буъос» кунини эслат ва у ҳақдаги шеърлардан ўқиб бер», деб буюрди. («Буъос» кунида Авс ва Ҳазраж қабилалари қаттиқ урушиб, Авс ғолиб чиққан эди.) Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилди. Ўтирганлар тортишиб, аччиқлашиб, урушиб кетишди. «Қурол!!! Қурол!!!» деб бақиришди. Бу можаро Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга бориб етганда, ҳузурларидаги муҳтожирлару ансорийларни олиб, уларнинг олдига бордилар. Уларга:

«Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилганидан кейин, жоҳилият ишини кесганидан кейин, орангизга улфатликни солганидан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?» дедилар.

Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтон йўлига юрганларини англаб етдилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлашиб кетдилар. Расулуллоҳ билан бирга итоаткор ҳолда қайтдилар.

Шунда Оли Имрон сурасидаги ушбу оят нозил бўлди:

وَٱعۡتَصِمُواْ بِحَبۡلِ ٱللَّهِ جَمِيعٗا وَلَا تَفَرَّقُواْۚ وَٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتَ ٱللَّهِ عَلَيۡكُمۡ إِذۡ كُنتُمۡ أَعۡدَآءٗ فَأَلَّفَ بَيۡنَ قُلُوبِكُمۡ فَأَصۡبَحۡتُم بِنِعۡمَتِهِۦٓ إِخۡوَٰنٗا وَكُنتُمۡ عَلَىٰ شَفَا حُفۡرَةٖ مِّنَ ٱلنَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنۡهَاۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمۡ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُونَ١٠٣

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Ўтли жар ёқасида эдингиз, сизни ундан қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз» (103-оят).

Демак, оятдаги хитоб аслида барча Ислом умматига бўлса ҳам, тушаётган пайтда мадиналик Авс ва Хазраж қабилаларига қаратилган эди. Уларнинг ораларида бўлиб ўтган ҳодиса Ислом умматига қилинадиган умумий амрнинг ўша вақтда нозил бўлишига сабаб бўлган.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلرُّوحِۖ قُلِ ٱلرُّوحُ مِنۡ أَمۡرِ رَبِّي وَمَآ أُوتِيتُم مِّنَ ٱلۡعِلۡمِ إِلَّا قَلِيلٗا٨٥

«Ва сендан pyҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» (85-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида икки ривоят келтирилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Насаий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон каби муҳаддислар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Қурайшликлар яҳудийларга: «Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: «Руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Шунда қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашди. Бу сўровга жавобан «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар...» ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса қуйидагилар айтилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина кўчаларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийларга дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», дейишди. Улардан бирлари ўринларидан туриб келиб, руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай, жим туриб қолдилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар...» оятини тиловат қилдилар».

Шунинг учун ҳам баъзи тафсирчи уламоларимиз: «Ушбу ояти карима икки марта, яъни Маккада бир, Мадинада бир нозил бўлган», дейдилар.

Шу масалада келган бошқа ривоятларга кўра, яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан бирга, «Агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади», дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар, холос. Бу жавоб

«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейиш эди.

Демак, бу оятнинг нозил бўлишига яҳудийлар тарафидан берилган савол сабаб бўлган.

«Сабаби нузул» илмининг фойдалари 

«Сабаби нузул» илмининг фойдалари кўп бўлиб, улардан баъзилари қуйидагилардан иборат:

Биринчи фойда: Аллоҳ Қуръони Каримда нозил қилган нарсанинг муайян ҳикматини билиш мўминга ҳам, мўмин эмасга ҳам манфаатлидир. Сабаби нузулни билган мўминнинг иймони мустаҳкам бўлади, Аллоҳнинг Китобига амал қилишга рағбати кучаяди. Чунки у сабаби нузулни билиш орқали оятларнинг маъноларини яхшироқ, аниқроқ ҳамда тўлиқроқ тушуниш имконига эга бўлади. Бинобарин, оятларга амал қилиши ҳам осонлашади, кучаяди.

Мўмин бўлмаган шахснинг эса бундаги ҳикматларни кўриб, иймонга келиши умид қилинади.

Иккинчи фойда: Оятнинг маъносини тушунишга ва уни тушунишдаги қийинчиликни кетказишга ёрдам беради.

Ҳатто Воҳидийга ўхшаш олимлар: «Оятнинг тафсирини унинг қиссаси ва сабаби нузулини билмасдан англаш қийин», деганлар. Бошқалари эса: «Сабаби нузулни билиш оятнинг маъносини тушунишга ёрдам беради», дейишган.

Ушбу маънони тўлиқроқ англаб етиш учун баъзи мисоллар келтирайлик.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَلِلَّهِ ٱلۡمَشۡرِقُ وَٱلۡمَغۡرِبُۚ فَأَيۡنَمَا تُوَلُّواْ فَثَمَّ وَجۡهُ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ وَٰسِعٌ عَلِيمٞ١١٥

«Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа юзлансан-гиз, Аллоҳнинг юзи ўша ерда. Албатта, Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир» (115-оят).

Ушбу оятнинг сиртқи маъносига қараладиган бўлса, намоз ўқийдиган одам қаёққа қараб ўқиса ҳам бўлавериши келиб чиқади. Қиблага қараб намоз ўқиш шарт бўлмай қолади. Аммо саҳобаи киромлардан қилинган ривоят бу оятнинг ҳақиқий ва тўғри маъносини англаб етишга ёрдам беради. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«У киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозни уловлари устида у қаёққа юзланса, ўша ёққа қараб ўқир эдилар. Ўзлари Маккадан Мадинага келаётган эдилар, деди. Сўнгра Ибн Умар «Машриқу мағриб Аллоҳникидир» оятини қироат қилди ва: – Ушбу оят мана шу ҳақда нозил бўлган», деди». 

Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан зулматли кечада сафарда эдик. Қибла қайси тарафда эканини била олмадик. Биздан ҳар бир киши ўз қаршисига қараб намоз ўқиди. Тонг оттирганимиздан кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдик. Бас, «...қаёққа юзлансангиз, Аллоҳнинг юзи ўша ерда» ояти нозил бўлди». 

Иккаласини Термизий ривоят қилган.

Мана шу ривоятлар билан оятнинг маъноси тўғри тушунилди ва ҳақи қати аён бўлди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

لَا تَحۡسَبَنَّ ٱلَّذِينَ يَفۡرَحُونَ بِمَآ أَتَواْ وَّيُحِبُّونَ أَن يُحۡمَدُواْ بِمَا لَمۡ يَفۡعَلُواْ فَلَا تَحۡسَبَنَّهُم بِمَفَازَةٖ مِّنَ ٱلۡعَذَابِۖ وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٞ١٨٨

«Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!» (188-оят)

Ушбу ояти кариманинг сиртқи маъносига қараладиган бўлса, қилган ишига хурсанд бўлиб, қилмаган ишига мақталишни хуш қурадиганларнинг ҳаммаси аламли азобга учраши муқаррар бўлади. Марвон ибн Ҳакамга ҳам бу маъно ноаниқ бўлиб қолганда, одам юбориб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўратган. 

«Марвон ўз эшикоғасига: «Эй Рофеъ, Ибн Аббосга бориб, «Агар қилмаганига хурсанд бўлиб, қилмаганига мақталишни суядиган ҳар бир одам азобланадиган бўлса, албатта, ҳаммамиз азобланар эканмиз-да?» дегин», деди. Шунда Ибн Аббос: «Сизларнинг бунга нима даҳлингиз бор? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларни чақириб, бир нарса ҳақида сўраган эдилар, улар уни у зотдан яширишди. У зотга бошқа нарсанинг хабарини беришиб, ҳузурларидан ҳудди у зот сўраган нарсанинг хабарини бергандек бўлиб чиқишди. Шу билан бирга, бунинг учун мақтовталаб бўлишди. Беркитганларидан ўзларича хурсанд бўлишди», деди.

Сунг Ибн Аббос «Аллоҳ: «Уни одамларга албатта баён қилгайсиз ва беркитмассиз», деб, китоб берилганларнинг аҳду паймонларини олганини эсла» ва «Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама» оятларини қироат қилди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу одамларнинг маълум бир оятнинг маъносини тушунмаганларини эътиборга олиб, уларга оятни унинг нозил бўлиш сабаби билан англатмоқдалар. Ушбу ривоятда келган биринчи ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, ҳиёнат қилишлари ўзига хос услубда баён этилган.

«Аллох: «Уни одамларга албатта баён килгайсиз ва беркитмассиз» деб, китоб берилганларнинг ахду паймонларини олганини эсла».

Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда «Бу китобни одамларга албатта баён қиласиз ва беркитмайсиз», деб аҳд олган эди. Жумладан, улар ўз китобларида Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишлари, у зотнинг васфлари ва у киши ҳақидаги кўпгина маълумотлар зикр қилинганлигини беркитмасдан, одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.

Ҳадиси шарифда келган оятнинг давомида:

«Бас, уни ортларига караб отдилар ва озгина баҳога сотдилар», дейилади.

Яъни аҳли китоблар аҳдни ортларига қараб отдилар ва ўша аҳднинг ўрнига бу дунёнинг арзимас матоҳини олдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлардан Тавротда ўзлари ҳақида келган оятларни сўраганларида, улар у кишидан мазкур нарсани беркитишди ва гапни чалғитиб, бошқача маълумотларни келтиришди. У зотнинг ҳузурларидан ҳудди сўраган нарсаларининг хабарини бергандек бўлиб чиқишди. Шу билан бирга, бу ишлари учун мақталишни исташди. Пайғамбар сўраган нарсани беркитганларидан ўзлари хурсанд бўлдилар.

Шунда қуйидаги ояти карима нозил бўлди: 

«Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!»

Бу ояти каримада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилинмоқда. Яҳудийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган нарсани беркитиб, ўрнига бошқа нарсани айтиб, қилмишларига хурсанд бўлиб, қилмаган ишлари учун эса мақталишни истаб юрганлари билан улар азобдан қочиб қутула олмайдилар. Улар албатта аламли азобларга учрайдилар.

Ана энди мазкур оятнинг маъноси равшан бўлди. Унинг равшан бўлишига «Сабаби нузул» илми ёрдам берди.

2. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

۞إِنَّ ٱلصَّفَا وَٱلۡمَرۡوَةَ مِن شَعَآئِرِ ٱللَّهِۖ فَمَنۡ حَجَّ ٱلۡبَيۡتَ أَوِ ٱعۡتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيۡهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَاۚ

«Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас» (158-оят).

Ушбу ояти кариманинг сиртқи маъносига қараладиган бўлса, кимдир ҳаж ёки умра қилганда Сафо ва Марва орасида саъй қилса, гуноҳ бўлмайди, саъй қилмаса ҳам бўлаверади, деган маъно чиқади. Жумладан, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳам худди шундай тушунган. Аммо сабаби нузулни билганидан кейин ҳақиқатни англаб етган. 

Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Оишага:

«Менимча, бир киши Сафо билан Марва орасида саъй қилмаса, зарар бўлмайди», дедим.

«Нима учун?» деди.

«Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнииг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас», деган», дедим.

«Сафо ва Марва орасида саъй қилмаган одамнинг ҳажини ҳам, умрасини ҳам Аллоҳ тугал қилмайди. Агар сен айтгандек бўлганида, «Икковлари ўртасида саъй қилмаса, гуноҳ эмас», дейиларди. Нима учун ундай бўлганини биласанми? Ансорлар жоҳилиятда денгиз бўйидаги икки санамга ният қилиб, талбия айтар эдилар. Улар Исоф ва Ноила деб аталар эди. Сўнгра келиб, Сафо ва Марва орасида саъй қилар эдилар. Кейин соч олдирар эдилар. Ислом келганда иккиси орасида худди жоҳилиятдаги каби тавоф қилишни ёқтирмадилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир»(ояти)ни нозил қилди. Бас, улар саъй қилдилар», деди».

Бошқа бир ривоятда:

«Эй опамнинг ўғли, қандай ҳам ёмон гап айтдинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саъй қилганлар ва мусулмонлар ҳам саъй қилдилар. Бас, суннат бўлиб қолди», дейилган.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятда Қуръони Карим оятларидан бирини, яъни Сафо ва Марва орасида саъй қилишга оид оятни нотўғри англаш оқибати ва уни тузатиш лозимлиги ҳақида Оиша онамиз томонларидан батафсил тушунтириш берилмоқда. Ривоят қаҳрамонларидан Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг опалари Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг кичик ўғилларидир. У киши «Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас» оятининг нозил бўлиш сабабини билмаганлари учун уни нотўғри тушунганлар. У киши ҳаж ёки умра қилувчилар Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмаса, зарари йўқ, деган фикрга борганлар ва буни холалари – Оиша онамизга айтганлар. Оиша онамиз ҳамма тафсилотларни билганлари учун, жиянларининг хатосини тўғрилаганлар. 

Бухорийнинг лафзида:

«Албатта, бу ансорийлар тўғрисида нозил бўлган. Улар Исломдан олдин Манот Тоғияга ният қилиб, талбия айтар эдилар. Улар унга Мушаллал олдида ибодат қилар эдилар. Ким унга атаб эҳром боғласа, Сафо ва Марва орасида саъй қилишни ўзига эп кўрмас эди. Улар Исломга кирган чоғларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.

Абу Бакр айтдики: «Мен ушбу оятнинг икки гуруҳ ҳақида нозил бўлганини эшитдим. Иккиси ҳам жоҳилият вақтида Сафо ва Марва орасида тавоф қилишни ўзига эп кўрмаганлар ҳақида ва жоҳилиятда иккиси орасида тавоф қилиб юриб, Исломда уни ўзига эп кўрмаганлар ҳақида», дейилган.

Ушбу ривоятда исми зикр қилинган Манот Тоғия жоҳилият аҳлининг энг катта бутларидан бири бўлган. Мазкур бутни Амр ибн Луҳаф исмли киши Қадид деган жойга яқин бўлган Мушаллал номли кириш жойига қўйган бўлиб, ансорийлар Исломдан олдин ўша бутнинг олдида эҳром

боғлаб, ҳаж ва умрани бошлар эканлар. Мазкур бутнинг олдида эҳром боғлаганлар. Сафо ва Марва орасида саъй қилишдан ҳижолат бўлиб қолар эканлар. Демак, жоҳилият вақтида Сафо ва Марва орасида саъй қилишни ўзига эп кўрмаганлар ансорийлар экан.

Исломдан олдинги даврда Сафо тепалигига Исоф исмли, Марва тепалигига Ноила исмли бутлар қўйилганлигини, қурайшликлар саъй қилиб бориб, ўша ерга етганларида уларни улуғлашларини юқорида баён қилдик. Исломга кирганларидан кейин улар бу икки тепалик орасида саъй қилишни ўзларига эп кўрмай қолдилар. Демак, жоҳилиятда иккиси орасида саъй қилиб юриб, Исломда уни ўзига эп кўрмаганлар мухожирлар экан.

Аллоҳ таоло «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас» деган ояти каримани нозил қилиб, уларнинг нотўғри мулоҳазаларини тузатиб, ҳаж ва умрани ният қилган киши учун Сафо ва Марва орасида саъй қилиш Ислом шариатида собит қолишини баён этди.

Учинчи фойда: Оят нима ҳақида нозил бўлганини аниқ билиш. Бу эса ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйишга, бошқаси билан аралаштириб юбормасликка ёрдам беради.

Тўртинчи фойда: Ҳар бир оятни эшитган одам учун унинг нозил бўлиш сабабини билиш ёдлашни, тушунишни ва илоҳий каломни қалбга жо қилишни осонлаштиради.

 

САБАБИ НУЗУЛНИ БИЛИШ ЙЎЛИ

Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. 

Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингиз билмаган гапни гапиришдан сақланинг. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон гапирса, дўзахдаги ўрнига тайёрланаверсин. Ким Қуръонга нисбатан ёлғон гапирса, дўзахдаги ўрнига тайёрланаверсин», дедилар».

Шунинг учуй ҳам бирор оятнинг сабаби нузули ҳақида ушбу оятларнинг нозил бўлишига бевосита гувоҳ бўлган, нозил бўлиш сабабларини билган, унинг илмини баҳс қилган зотлардангина тўғри йўл билан нақл қилиш мумкин.

Шунга биноан, сабаби нузул саҳобийдан нақл қилинган бўлса, бошқа ривоят билан тасдиқланган бўлмаса ҳам, қабул қилинаверади. Чунки саҳобийдан ривоят қилинган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган нарсанинг ҳукмидадир. Зотан, бу каби нозик масалаларда саҳобийлар ўзларича бир ган айтмайдилар. Улар бу борада фақат эшитган, кўрган, ҳозир бўлган ва тасдиқланган нарсаларнигина гапирадилар.

Агар сабаби нузул ҳақида мурсал (яъни санадида саҳобий тушиб қолган) хабар нақл қилинса, уни бошқа бир мурсал қувватласагина ва уни Мужоҳид, Икрима ва Саъид ибн Жубайрга ўхшаш катта олим, муфассир тобеъинлар ривоят қилсагина, қабул қилинади.

 

САБАБИ НУЗУЛНИНГ ИФОДА ТУРЛАРИ

Сабаби нузулни ифода қилиш бўйича ишлатиладиган таъбирлар ҳам турлича бўлади.

Баъзида «Фалон оятнинг сабаби нузули бундай», дея очиқ айтилади. Унда сабаб аниқ бўлади ва бошқа гапга ўрин қолмайди.

Баъзида «сабаб» сўзи очиқ айтилмайди. Лекин оятнинг нозил бўлиши ҳақидаги ҳодисанинг сўнгида «фа» таъкиб ҳарфи келтирилади. Мисол учун, «Ундай бўлди. Бундай бўлди. Бас, фалон оят нозил бўлди», дейилади. Бу ҳам сабаби нузулни ифода этадиган таъбир ҳисобланади.

Гоҳида Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берилади. Сўнгра у зотга ваҳий қилинади. У зот саволга ваҳийда нозил бўлган нарса ила жавоб берадилар. Бу ердаги таъбирда «сабаби нузул» лафзи ҳам, «фа» таъқиб ҳарфи ҳам бўлмайди. Аммо сабаб гапнинг боришидан билиб олинади. Бунинг ҳукми ҳам сабаби нузулни баён қилган ҳукмидадир.

Гоҳида «сабаб» сўзи ҳам, «фа» таъқиб ҳарфи ҳам, саволга жавоб ҳам келмай, «Фалон оят фалон нарса ҳақида нозил бўлган», дейилади. Бу иборани сабаби нузул ҳақидаги матн деб бўлмайди. У сабаби нузулдан бошқа маънони ҳам ифода этиши эҳтимоли бор. Қай бир эҳтимол кучли эканини бошқа белги ва аломатлардан билиб олинади.

Шунга биноан, бир мавзуда икки хил ибора келса, улардан бири сабаби нузулни аниқ ифода этса, иккинчиси аниқ ифода этмаса, биринчиси сабаби нузул дея қабул қилинади. Иккинчиси эса оят далолат қилган нарсанинг баёни дейилади.

Келинг айтилган фикрларга мисол келтирайлик. 

Ибн Мункадирдан ривоят қилинади:

«Жобир розияллоҳу анҳунинг: «Яҳудийлар: «Агар эркак хотинига орқа томонидан олдига яқинлик қилса, бола ғилай бўлади», дер эдилар. Шунда «Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингиздай келинг» ояти нозил бўлди», деганини эшитдим».

Термизий ва Бухорий ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аёлларингиз экинзорларингиздир» аёлларнинг орқаларидан келиш ҳақида нозил қилинган».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ерда Жобир розияллоҳу анҳунинг ривояти сабаби нузул иборасидир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ривояти эса мазкур масала бўйича шариат ҳукмини баён қилишдан иборат бўлади.

Тафсирчиларнинг «Бу оят фалон нарса ҳақида нозил бўлган, мана буниси фалон нарса ҳақида нозил бўлган» каби гаплари ва ихтилофлари сабаби нузул бўла олмайди.

Аммо сабаби нузул ҳақидаги матн экани аниқ бўлган иборалар орасида ихтилоф бўлса, алоҳида ўрганиб, кейин хулоса қилинади. Мазкур ихтилофлар қуйидагича бўлиши мумкин:

Сабаб бир нечта, нозил бўлган нарса битта.

Сабаб битта, нозил бўлган нарса бир нечта.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Сабаб бир нечта, нозил бўлган нарса битта бўлиши;

Сабаб битта, нозил бўлган оятлар бир нечта бўлиши;

Қуръони Карим эъжози;

4986 марта ўқилди
Top