Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ЯНГИЛАНИШ

Ҳижрий ўн учинчи асрнинг иккинчи ярмига, милодий йигирманчи асрнинг бошларига келиб, исломий илмларда ижобий ўзгаришлар пайдо бўла бошлади.

Аста-секин динимизнинг иймон ва Исломга оид кўпгина илмларини ҳозирги замон руҳида кишилар онгига сингдириш йўлида анчагина ишлар қилина бошлади.

Ақоид, тафсир, ҳадис, улумул Қуръон, улумул ҳадис, мерос ва бошқа илмларда янги китоблар битилди ҳамда кўплаб забардаст олимлар етишиб чиқди. Ушбу ҳаракатлар туфайли мусулмонлар бу соҳаларда ўзларига керакли илмларни олиш ва саволларига жавоб топиш имконига эга бўлдилар.

Аммо тасаввуф бобида иш аввалги ҳолида қолаверди. Бу соҳани ўрганиш ёки унга доир янги китоблар ёзиш йўлида ҳаракатлар бўлмади, бўлса ҳам, тор доирада ва қониқарсиз бўлди.

Бизнинг фикримизча, аҳли тасаввуфнинг ичида бу ишни қилишга қобилиятлилари йўқ эди. Борлари ҳам ўзининг шахсий риёзати билан ва муридлари тарбияси билан банд эди. Ёзишга қобилияти борлар эса тасаввуфда яшамаган, яъни унинг ичига кирмаган кишилар эди. Улар тасаввуф ҳақида – унинг соф ҳақиқатини баён қилиш борасида – бирор нарса ёза олишлари мушкул эди. Ғарблик шарқшуносларнинг ёзганлари эса сувни яна ҳам лойқалатишдан бошқага ярамас эди.

Охир-оқибат, Мисрнинг кўзга кўринган олимларидан шайх Аҳмад Мустафо Мароғий, Тафтазоний, Абу Хашаб ва бошқалар тасаввуф тариқатлари йўлдан тойиб кетганини эътиборга олиб, уларни ислоҳ қилиш ёки бирйўла бекор қилиш талаби билан чиқдилар.

Бу борада Ал-Азҳар дорилфунунининг журналида 1958 йил 29 январда чоп этилган қўйидаги матнга эътиборингизни тортамиз:

«Ички ишлар вазирлиги турли йиғилишларда бўладиган доира, дўмбира ҳамда най чалиш каби бидъату хурофот ва аҳмоқликларни ман қилди. Шунингдек, мавлидларда ва тариқат аҳлларининг кўча юришларида, зикр ҳалқаларида аёлларнинг қатнашишини ҳам ман қилди. Бунга жисмни калтаклаш, ҳашаротларни ейиш ва ғалати кийимлар кийиш ҳам киради».

Бу каби мажбурий чоралар Мисрдан бошқа юртларда ҳам кўрилган бўлиши керак. Эҳтимол, ислоҳот ишлари ҳам олиб борилгандир. Шу тариқа, аста-секин тасаввуф бобида ҳам ижобий ўзгаришлар пайдо бўла бошлади. Кўплаб мақолалар, китоблар ёзилди. Турли тариқатлар ўз ишларини янгидан йўлга қўйдилар.

Албатта, бу ишлар осонлик билан амалга ошмади. Зеро, қадимдан ўрганиб қолинган нарсаларни тарк қилиш осон эмас. Ислоҳотчиларга қаттиқ қаршиликлар ҳам кўрсатилди.

Масалан, Мисрда кенг тарқалган тариқат бўлмиш «Ашийраи Муҳаммадия»нинг шайхи Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадиятут-тасаввуфил исламий» номли китобида қуйидагиларни эслайди:

«Тасаввуфни ислоҳ қилиш борасида ўзим йўлиққан қийинчиликлардан бир тарихий ҳодисани айтиб ўтмоқчиман. Эллигинчи йилларда тасаввуфни ислоҳ қилиш ва олға силжитиш йўлида кўп уринганимдан кейин ҳукумат менинг таклифларимни қабул қилди. Қоҳира волийси раҳбарлигида тасаввуф ислоҳи бўйича қўмита тузилди. Таклиф муаллифи ва сўфийлик бўйича мутахассис сифатида қўмитанинг котиби бўлдим. Сўнгра худди шу мақсадда Вақф вазири раҳбарлигида бошқа бир қўмита тузилди. Унга ҳам мен котиб бўлдим.

Шу сабабли тасаввуф тариқатлари умумий жамияти имом Ҳусайн масжидида олтмишдан ортиқ шайхнинг иштирокида мажлис ўтказиб, бир овоздан мени тасаввуф тариқатларидан чиқариб ташлашга қарор қилдилар. Аммо Аллоҳнинг фазли ила ҳукумат менинг ёзган ҳисоботларим асосида бу ислоҳни давом эттирди. Менга эса нуфузимни қайтариб берди».

Тасаввуф ислоҳоти бошқа юртларда ҳам давом этди. Тасаввуф тариқатларининг доимий нашрлари йўлга қўйилди, турли нашриёт ва бошқа муассасалар ишга тушди, халқаро учрашувлар ва илмий анжуманлар ўтказилди ва ўтказилмоқда.

Ҳозирги кунда Ислом оламининг йирик уламолари ҳам тасаввуф мавзусига алоҳида эътибор қаратиб, бу соҳада китоблар ёзишни бошладилар.

Аввалроқ Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи бир неча китоблари ила бу ишга ўз ҳиссаларини қўшган эдилар. Масалан, «Тарбиятунар-руҳия» ва «Ал-мустахлис фий тазкиятил анфус» китобларидан кўп фойдалар олган эдик.

Кувайт давлатидаги илмий анжуманларнинг бирида кўзга кўринган аллома, бугунги куннинг энг машҳур олими бўлмиш шайх Юсуф Қаразовий ҳазратлари билан гаплаша туриб, ярми ҳазил, ярми чин қилиб: «Шайх, телекўрсатувларингиз кўпайиб кетди. Китоб ёзиш эсдан чиқиб қолмаяптими?» дедим. «Йўқ! Бу асло мумкин эмас! Китоб – муҳим нарса. Ҳозир тасаввуф ҳақида китоблар ёзишни бошладим. Бир нечтаси нашр ҳам этилди», дедилар шайх.

У киши бу билан ўзларининг «Аллоҳга йўлланишда Қуръон ва суннат асосида сулук фиқҳини осонлаштириш» силсиласига оид китобларига ишора қилаётган эдилар. Ушбу силсилага оид «Ният ва ихлос» ҳамда «Таваккул» китобларини ўқиб, баҳраманд бўлдик.

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари ҳам тасаввуф йўлида кўп ишлар қилганлар. Яқинда у киши Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ал-ҳикам ал-Атоийя» деб номланган китобларига икки жилдлик шарҳ ва таҳлил ёзиб чиқардилар.

Суриялик олимлардан доктор Муҳаммад Шайхоний ҳам «Ат-тарбия ар-руҳия» номли китоб ёздилар.

Туркияда ўзига хос услубда, турк тилида тасаввуфга оид кўплаб китоблар нашр этилди ва этилмоқда. Мазкур китоблардан баъзилари ўзбек тилига таржима ҳам қилинди.

Бизнинг диёримизда ҳам тасаввуф ва унинг аҳли худди юқорида айтиб ўтилган ҳолатни бошидан кечирди. Вақти келганда бу диёрлардан улуғ мутасаввифлар ва буюк тариқат асосчилари етишиб чиқдилар. Улар ҳақида кўп эшитганмиз. Шу боис, бу ерда такрорлаб ўтирмаганимиз маъқул.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, айни пайтда бизда тасаввуфни тутиб қолганларнинг кўплари илмга муҳтож эканликлари ҳеч кимга сир эмас. Сиртдан қараганда, тасаввуфда анча жонланиш бор, аммо буни ҳақиқий тасаввуф, «Қуръон ва суннатга илмий равишда суянган тасаввуф» дейиш қийин.

Очиғини айтадиган бўлсак, юртимизда рус истилосигача ҳам тўғри йўлдаги ва тўлақонли тасаввуф қолмаган эди. Чор Русияси ўрнига келган атеистик тузум барча динларга бўлгани каби, Ислом динига нисбатан ҳам алоҳида қаттиқ қатағон олиб борган.

Ўша тузум вақтида чет элларга ташвиқот қилиш мақсадида Исломнинг баъзи нарсаларига рухсат берилганди. Аммо «фанатизм» номи асосида тасаввуфнинг ҳар қандай кўринишига қарши алоҳида қаттиқ қаршилик мавжуд эди. Бу ишда айниқса давлат билан ҳамкор бўлган диний идоралар ашаддий эдилар.

Оқибатда тасаввуф оғир ҳолга тушди. Ундаги баъзи бир таълимотлардан бошқалар тамоман бехабар қолдилар. Бошқа диний соҳаларда чет эллар билан олиб борилган чегараланган алоқалардан бироз бўлса ҳам маънавий фойда олинар эди. Аммо тасаввуф учун бу жабҳадан ҳеч қандай наф келмас эди.

Мустақилликка эришиб, диний ишлар йўлга қўйила бошлаган вақтда тасаввуф ҳам бошини кўтаришга уринди. Аммо бу уриниш тўғри ҳолда бўлмаганини ҳозир кўпчилик тушуниб қолди. Умуман, бизда тасаввуф тўлақонли бўлмаганини одамлар аста-секин англаб бормоқдалар.

Энг ачинарлиси, шаръий илмлардан хабардор кишиларимиз ичида ҳам тасаввуфни тузукроқ тушунадиганлари кам. Баъзи бирлари эса бошқаларга ёмон ўрнак бўлиб, шариат илмини билмайдиган шайхларга мурид бўлиб олишган. Улардан: «Бу нима савдо?» деб сўралса, «Йўқдан кўра юпанчиқ», дейишади.

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб юрилаверадими ёки тўлақонли ва ҳақиқий тасаввуф эгалари бўлишга ҳаракат қиламизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, кир чопону қийшиқ салла кийиб, соқолини суннатга хилоф равишда ўстириб олиб, ўзини ижодий фаолиятдан мосуво қилган зиёлини ўша ҳолида тарк қиламизми ёки унга ҳақиқий тасаввуфни ўргатиб, кийим-боши ва сифатию сийратини ҳақиқий суннатга мувофиқ қилиб, унинг зиёсидан дину диёнатимизга ҳамда элу юртимизга кўпроқ фойда келишини йўлга қўямизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, жўжабирдай оиласини ташлаб, эшон буванинг иштирокларидаги йиғинларда қорнини қаппайтириб, назар топиш умидида юрган полвонни шу ҳолида ташлаб қўямизми ёки унга диний саводини чиқаришида, эшон бувадан руҳий тарбия устози сифатида фойда олишида ва ўзига ҳамда оиласию қариндош-уруғи, эл-юртига фойда келтирадиган мусулмонга айланишида ёрдам берамизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, талаби илмни тарк қилиб, бошқалардан фарқли кийим кийиб, «Тариқат ҳақиқатдир, биз ҳақиқатдамиз, сиз нимадасиз? Абу Ҳанифа ҳам шайхга қўл берган, охирги икки йили бўлмаганда, Нўъмон ҳалок бўлар эди» деб юрган шоввозларни «Менга нима» деб, шу ҳолларида ташлаб қўямизми?! Ёки унга Исломда талаби илм фарзлигини, кийим суннатга мувофиқ бўлиши кераклигини, аввал шариатни ўрганиб, кейин тариқатга юзланиш лозимлигини ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг  ниҳоятда улуғ тақволи фақиҳ бўлганларини, у кишининг нафақат фақиҳликлари, балки тақволари ҳам ҳар қандай мутасаввиф учун ибрат бўла оладиган даражада зоҳир бўлганини ўргатамизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» дея тасаввуфга эргашиб, «Азизларимиз айтмаган нарсани фарз бўлса ҳам, вожиб бўлса ҳам, қилмаймиз. Ҳар қандай нарсани бизга азизларимиз айтган бўлсагина қиламиз», деб жар солаётганларни шу ҳолларида ташлаб қўяверамизми?!

Ёки уларга азизларимиз ҳаммамиз учун азиз эканликларини, аммо динимиз, шариатимиз ҳаммадан азиз эканлигини, азизларимиз ҳам Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарани азиз тутганларини тушунтирамизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» дея тасаввуфга эргашиб, ўзини бошқалардан устин ҳис қилганлардан биттаси вилоят бош хатибига «Биродар бўлайлик» деган таклифни қилибди. Бош хатиб эса: «Биз сиз билан биродармиз, неча йилдан бери биргамиз, менинг имомчилигимда намоз ўқияпсиз, оилавий борди-келдимиз ҳам бор, яна қандай биродар бўламиз?» дебди. Ҳалиги одам «биродар бўлайлик»ни такрорлайверибди. Бош хатиб гапнинг очиғини сўраган экан, «Сиз ҳам бизнинг шайхга қўл берсангиз, биродар бўлган бўламиз», деган жавобни эшитибди.

Шунда бош хатиб: «Ғуслда нечта фарз борлигини айтиб берсангиз, айтганингизни қиламан», дебди. «Йўқдан кўра юпанчиқ» дея тасаввуфга эргашиб юрган биродар ғуслдаги фарзларни билмас экан. Бош хатиб: «Мен ғуслда нечта фарз борлигини билмайдиган одам билан биродар бўлмайман», дебди.

Мазкур «биродар» ғуслдаги фарзларни билмай туриб биз билан биродар бўлиб юраверсинми ёки унга ғуслдаги фарзларни ва лоақал фарзи айнларни ўргатиб қўйиб, кейин биродар бўлайликми?!

Эшон бувалардан бирининг ҳовлисида ўтирган мухлис киши таҳоратхонада муридлар ўртасида жанжал кучайганидан хавотирланиб борса, таҳоратда оёғини эшон буванинг уйига қаратиб ювган муридга дашном беришаётган экан.

Бир масжиднинг қавмларидан баъзилари эшон бувалардан бирининг зиёфатга кираётиб, қўлини ювганида чилопчинга тушган сувни муридлари тақсимлаб олганини кўриб, ўзларига ҳам олишибди ва «табаррук сув»дан шишачага солиб, имомларига ҳам олиб келишибди.

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашган муридлар эшон буваларнинг «эҳтиромларини жойига қўйиб», шунга ўхшаш ажойиботлар кашф қилиб юраверсинми?! Ёки уларга эшон буваларни руҳий тарбия устозлари сифатида ҳақиқий ҳурматлаш қандай бўлишини; аслида қиблага юзланиб таҳорат қилиш афзал эканини, оёқни ювиш ҳам таҳоратнинг рукни бўлгани учун, уни эшон буванинг уйига қаратибгина эмас, қиблага қаратиб ҳам ювиш жоиз эканини, биров қўлини ювгандан қолган сув табаррук эмас, оби мустаъмал бўлишини ўргатамизми?! (Аслида, бинонинг ичида бўлса, бошқа бир иложи бўлмаганда, эшон буванинг уйига қараб эмас, балки қиблага қараб ҳам оёқ ювиш тугул, таҳорат ушатишга-да рухсат бор.)

Бундай кўнгилсиз мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Минг афсуски, буларнинг сони кун сайин ўсса-ўсяптики, камайиши ёки тузалишининг дараги йўқ.

Иккинчи тарафда Туркиядан кириб келган тасаввуф мавжуд. Одамлар эса «Тасаввуф ўзи нима?» деган саволга жавоб тополмай ҳайрон. Тасаввуф ҳақидаги баъзи бир нашр қилинган нарсалар мутасаввиф бўлмаган кишиларнинг тарихга оид битиклари ёки баъзи мулоҳазаларидан иборат, холос. Яна, аввал айтиб ўтилганидек, таржима ҳам бор.

Мен ўзимни тасаввуф доирасидаги шахс деб биламан. Аҳли тасаввуфни жуда ҳурмат қиламан. Замонамизда кўзга кўринган тариқат шайхларидан кўпгина дўстларим ҳам бор. Тасаввуфга рағбат қилганларни яхши кўраман.

Шу билан бирга, тасаввуф ва унинг аҳли ҳақида бирор фикр айтишдан олдин вазиятни одатдагидан ҳам чуқурроқ таҳлил қилиш заруриятини англаб етганман. Чунки қалбга боғлиқ ишда зинҳор шошилиб бўлмайди.

Бошқа мусулмон юртлар қатори, бизнинг юртимизда ҳам аҳли солиҳ, аҳли тақво, аҳли сулук ва аҳли зикр кишилар бор. Худди мана шу тушунча мени узоқ вақт тасаввуф ҳақида бирор қаттиқ гап айтмай юришга мажбур қилди.

Аммо, менимча, ҳозирда тасаввуф ҳақида бирор гап айтмай юришим гуноҳ бўладиган вақт етиб келганга ўхшайди. Кўпгина изланишлар, сўровлар, ўрганишлар, суҳбатлар ва маслаҳатлардан кейин шу фикрга келдим.

Тасаввуф аҳли билан бўлган кўпгина суҳбатлардан кейин юртимизда муридларга берилаётган вазифалар ҳам ноқис эканлиги аён бўлди. Биздаги тасаввуф асосан қўл бериш ва ноқис вазифадан бошқа нарса эмаслиги ошкор бўлди. Ҳеч бўлмаса тасаввуфга оид китобларни мутолаа қилиш ҳам йўқ экан. Яна бошқа нуқсонлар ҳам кўп.

Аллоҳ таолодан қўрқиш омили, юқорида зикр қилинган сабаблар, соф тасаввуфга бўлган муҳаббатимиз ва халқимизнинг динимизга янада яқинлашишига бўлган иштиёқ каминани ушбу сатрларни қоралашга ундади.

Аллоҳим, бу ишимизни хайрли ва фойдали қилгин!

Юртимизда, бошқа Ислом илмлари қатори, тасаввуф ҳам ўз йўлини топиб, аввалги шон-шуҳратини тиклаб, халқимизга ва юртимизга хизмат қилишига Ўзинг ёрдам бер.

Соф тасаввуфга асосланган амалларимизнинг, ибодатларимизнинг Ўзинг хоҳлагандай холис бўлишини, ҳар қандай бидъат-хурофотдан, яширину ошкора ширкдан буткул холи бўлишини насиб айла!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Тасаввуфга оид таассуротлар;

2796 марта ўқилди
Top