Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАСАВВУФГА ОИД ТААССУРОТЛАР

05.04.2020   8832   19 min.
Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАСАВВУФГА ОИД ТААССУРОТЛАР

ТАСАВВУФГА ОИД ТААССУРОТЛАР

Тасаввуфга бўлган дастлабки алоқани камина ходимингиз хотирасидаги баъзи чизиқлар орқали англашга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Оқ-қорани ажрата бошлаганимизда, масжид муаззинини «сўфи» дейишларини англадик. Аммо ҳали муаззин ҳақиқий маънодаги сўфий эмаслигини англай олмас эдик. Кейинроқ, янги жойга кўчиб ўтганимизда, қўшниларимиздан бирларини кишилар «сўфий» деб аташларидан, масжиднинг муаззинидан бошқа одам ҳам сўфий бўлишини тушундик.

Қиблагоҳимизнинг Бухородаги «Ҳасти Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуаларида масъул бўлиб ишлаганлари ҳақидаги эсдаликларидан сўфий ва тасаввуф ҳақида дастлабки тушунчаларни ола бошладик. Аммо бу тушунчалар Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг зиёратлари, зиёратчилари, туғбардор ва у ерга шифо умидида келтирилган мажнунлар ҳамда уларнинг ўша ерда ишлашларию шифо топишлари ҳақида эди.

Гоҳида қиблагоҳимиз Баҳоуддин Нақшбанд турбатлари атрофида ишлаб турганларида ўзларига алоҳида илтифотни англатувчи тушлар кўрганларини ҳам айтиб берар эдилар.

Аста-секин ҳали у қишлоқда, ҳали бу қишлоқда бўлган зикр тўпланишлари, ундаги ҳодисалар ҳақида ҳам маълумотларни англай бошладик. Зокирларни миршаблар қувгани, уларни ушлай олмагани ҳақидаги хабарлар ҳам тез-тез тарқалиб турар эди. Ўша вақтларда бу мавзу ҳақида яроқли савол бериш ҳам, берилган саволга қониқарли жавоб олиш ҳам қийин эди.

Бухорои шарифдаги «Мир Араб» диний ўқув юртига кирганимда, қиблагоҳимизнинг топшириқларига биноан, бузрукворнинг зиёратгоҳларига яширинча бордим. Ўша кунлари Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини туш ҳам кўрдим. Бу тушни бировга айтмаган бўлсам ҳам, ўзимча яхши башоратга йўйдим.

«Мир Араб»да талабалар орасида тасаввуф ва унинг аҳли ҳақида бўлиб ўтадиган турли тортишувларни катта қизиқиш билан тинглар эдим. Асосан аҳли тариқат оиласида ўсган талабалар бу ишнинг ҳимоячиси бўлишарди. Улар машойихларга тил теккизиш мумкин эмаслигини бошқаларга англатишга куйиб-ёниб ҳаракат қилишар, бошқалар эса бу йўлга кирганларнинг «кирдикорларини» айтиб, тасаввуфни танқид қилишарди.

Энди ўйлаб кўрсак, биринчилари соф тасаввуф ҳақида гапирган бўлсалар, иккинчилари ўзлари кўрган бузуқ тасаввуф ҳақида гапирган эканлар. Ўша кезлари баъзи устоз ва талабаларнинг сўфийчиликка яширин равишда уринаётганлари ҳам маълум бўлди. Агар зикр ва шунга ўхшаш ишга очиқ равишда яқин бўлсалар, «фанат»ликда айбланиб, жазога тортилишлари турган гап эди.

Аммо Доғистондан ўқишга келган болалар улар тарафда ҳар жума намозидан кейин масжидларда ошкора зикр ҳалқалари бўлиши ва ўша ҳалқаларда нималарни кўриш мумкинлиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришарди. Мен эса коммунистлар империясининг бир жойида зикрга рухсат борлиги ва бошқа ерида унга рухсат йўқлигидан ажабланар эдим.

Чет элдаги олий Ислом ўқув юртида ўқиб юрган кезларимда илк бор тасаввуф бўйича илмий дарслар тинглаш насиб қилди. Лекин барибир бу соҳа ҳамма тарафдан ноаниқ бўлиб тураверар эди.

Ўша вақтларда аллома Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг «Роббонийлик раҳбонийлик эмас» номли китоблари қўлимга тушиб қолди. Аввал мен бу улкан олимнинг «Мусулмонларнинг таназзулга тушишидан олам нимани йўқотди?» деган китобларини ўқиган эдим. Шунинг учун «Роббонийлик раҳбонийлик эмас» номли китобларини ҳам катта қизиқиш билан ўқий бошладим. Бу китобдан анчадан буён жавоб тополмай юрган саволларимга жавоб топдим. Шунингдек, китоб Ислом оламида донғи кетган зотнинг қаламига мансублиги алоҳида ҳузур бахш этар эди.

Ёзги таътилга келганимда, юртимизда бўлиб ўтган исломий анжуманлардан бирида чет эллик қатнашчиларни Бухорои шариф билан таништириш пайтида меҳмонлар орасида тасаввуф ҳақида тортишув келиб чиқди. Бирлари бу ҳақда ижобий фикр айтса, бошқалари салбий фикр айтар эдилар. Тортишув асосан автобусда бўлар эди. Ўшанда мен таржимон сифатида уларга бириктирилгандим. Меҳмонлар орасидаги тасаввуф ҳақидаги тортишувни эшитиб, мен ҳам юқорида зикр қилинган китобда ўқиганларимдан баъзи нарсаларни айтдим. Бу гаплар қайси китобдан олинганини ҳам эслатдим. Шунда меҳмонлар мазкур гаплардан рози бўлдилар. Кейинроқ бу гапларни қандай қилиб юрак ютиб айтганимни ўзим ҳам тушунмай юрдим.

Аста-секин бошқа соҳалар каби, тасаввуф соҳасида ҳам билимимиз орта борди, турли китоб ва мақолаларни ўқидик, суҳбатларда қатнашдик. Айниқса қиблагоҳимизнинг ўзлари қиладиган зикрлари ва тунги ибодатлари бизга катта таъсир кўрсатар эди. У кишининг Аллоҳ таоло исмларининг хусусиятини билиш учун «Руҳул баён» тафсирига мурожаат қилишлари алоҳида қизиқишимга сабаб бўлар эди. Мен ҳам ўша китобни очиб, қайта-қайта ўқир эдим.

Бу орада чет элдаги таҳсили илмни тамомлаб, юртимизга қайтиб келдим. Ўша пайтда тез-тез ташриф буюрадиган меҳмонларга таржимон бўлиб юриш ҳам насиб этиб турарди. Меҳмонларнинг ичида энг кўп келадигани Суриянинг бош муфтийси Аҳмад Куфтору ҳазратлари эди. У киши Нақшбандия тариқати шайхларидан бўлиб, кўплаб муридлари бор эди. Аҳмад Куфтору ҳазратлари ўша вақтда мажлислари такрор-такрор чақирилиб турадиган «Диний арбоблар тинчлик учун курашда» ташкилоти раҳбарларидан бири эдилар. Ушбу ташкилот тез-тез мажлислар, турли йиғилишлар ўтказарди. Совет ҳукумати Ғарбга қарши олиб бораётган совуқ уруш тақозоси билан ана шу ташкилотни ва бошқа бир нечта муассасаларни тузган эди. Аҳмад Куфтору ҳазратлари ўзаро суҳбатларда доимо тасаввуф ҳақида сўз юритар эдилар.

Деярли ҳар сафар Аҳмад Куфтору ҳазратларига мен таржимонлик қилар эдим. Бир сафар у киши менга Ибн Қудома Мақдисийнинг «Мухтасари Минҳожил Қосидин» номли китобини совға қилдилар. Шу билан бирга, бу китоб руҳий тарбия борасида ўта муҳим эканлигини, ҳар бир исломий ўқув юртда дарслик сифатида ўқитилиши лозимлигини қайта-қайта таъкидладилар. Китобни эҳтимом билан ўқий бошладим. Бу асар Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолийнинг «Иҳяу улумид-дин» китобининг мухтасарининг мухтасари эди. Мазкур китобни Москвадан Тошкентгача поездда ўқиб келдим ва ундан жуда кўп нарсаларни ўргандим.

Гоҳида Аҳмад Куфтору ҳазратлари билан бирга ёки алоҳида у кишининг яқин одамлари ҳам келиб қолишар ва тасаввуф ҳақида қизиқарли суҳбатлар қуришар эди. Баъзида улар «нақшбандия хатми» дея зикр мажлислари ҳам ўтказар эдилар. Москвадаги машҳур – «Советская» меҳмонхонасида ўтказилган бундай зикрларда мен ҳам қатнашардим.

Аҳмад Куфтору ҳазратлари биздаги зокирларнинг аҳволи ҳақида маълумотга эга эдилар. Баъзи вақтда сулукдаги шайхлар ҳақида саволлар ҳам бериб қолар эдилар. У кишининг ҳамроҳлари ичида ғоят билимли Муҳаммад Башир Баний исмли шайх менга ҳам кўп нарсаларни ўргатган эди.

Тошкент Ислом институтида мудир ноиби бўлиб ишлаб юрган пайтимда идорадаги китоблар ичида Ал-Азҳар дорилфунунининг шайхи, асримиздаги кўзга кўринган аҳли тасаввуфлардан бирлари Абдул Ҳалим Маҳмуд раҳматуллоҳи алайҳининг бир неча китобларини ўқиб, кўпгина фойда олдим. Мазкур китобдаги баъзи фикрларни айтиб ҳам юрдим. Ўшанда кўзга кўринган шарқшунослардан бири «Бу иш ширк эмасми?» деган фикрни ҳам айтган эди.

Шу билан бирга, тасаввуфга қарши бўлган томонларнинг фикрлари билан ҳам танишиб бордим, гоҳида қизғин тортишувларнинг тирик гувоҳи бўлдим. Ўша пайтларда Жазоирда ҳар йили бўладиган «Ислом фикри» илмий анжуманларидан бирида инсоний илмларга бағишланган йиғилишда айниқса шиддатли тортишувларни кўрдик, эшитдик. Ўша тортишувларда кўпчилик: «Мусулмонларнинг саксон фоизидан ортиғи сўфийдир», деса, баъзилар: «Аллоҳ мени сўфий қилмаганига шукр», дер эди. Ҳар икки тараф ўзининг далил ва ҳужжатларини келтирарди.

Кейинчалик катта ўзгаришлар бўлиб, диний идорага раис этиб сайланганимда, ҳамма қатори, аҳли тасаввуф ҳам юзага чиқа бошлади. Баъзилар ўз шогирдлари билан келиб, «Тилла шайх» масжидида зикр ҳам ўтказишди. Ўшанда бу ишлардан унча хабарим бўлмаса ҳам, кўпгина кишиларда кечган ҳолатлар ҳақида менда яхши таассурот қолмаган, бу мавзу ўта ҳассос бўлгани учун, ҳозирча унинг қўзғалмай тургани маъқул, деган фикрда эдим. Шу боис бу мавзу қўзғалмай қолди ҳам.

Аллоҳ таоло насиб қилиб, Маккаи Мукаррамада «Мажаллатул Буҳусил Исламия» деган журналда Саудия Арабистонининг кўзга кўринган уламоларидан бирининг тасаввуф ҳақидаги мақоласини ўқиб қолдим. Унда тасаввуфнинг ҳамма танқид қиладиган тарафлари танқид қилинган эди. Тўғрироғи, тасаввуфга бегона бўлишига қарамай, унга нисбат бериладиган нарсалар танқид қилинган эди. Бошқа томонларига нисбатан яхши фикрлар билдирилган эди. Анча вақтгача, нима учун бу ернинг одамлари ҳам, бошқалар ҳам ушбу мақоладаги фикрларни эсга олмай, доимо бир-бирлари билан тортишиб юрадилар, деган хаёлда юрдим.

Кейин Туркияда бўлиб, сўфийларнинг турли тоифаларини кўрдик. Бу юртда кўп нарса тасаввуф ва шайхлар атрофида айланишини англаб олиш ҳар бир меҳмон учун ҳам қийин эмас. Турли тариқатлар ва турли шайхлар ўз одамлари ва муассасаларига эга. Шахслар ва ташкилотлар билан танишишда ҳам «Бу фалончи шайхнинг одами», «Бу фалончи шайхга қарашли муассаса», деб таништирилади. Шайхларнинг аксарияти Нақшбандия тариқатига мансуб, бошқа тариқатларнинг ҳам саноғига етиш осон эмас. Бинобарин, ҳар бир мурид ўз шайхидан бошқани эътироф қилмаслиги, унинг учун ҳамма нарса ўз шайхи эканлиги ҳам сир эмас. Айни пайтда тариқатлар ва уларнинг аҳлларини танқид қилувчилар оз бўлса-да, топилади.

Туркияда тариқат мадҳи, тасаввуф ва шайхлар ҳақидаги муболағали гаплардан ташқари илмий баҳслар ва китоблар ҳам мавжуд. Ана ўша китоблардан ўқиш бизга ҳам насиб қилди. Турк тилидаги китобларни ўқишни ўрганиш унча қийин ҳам бўлмади. Бу ерда эски китоблардан ташқари янги китоблар ҳам бор эди.

Мавлоно Жалолуддин Румий ва Имоми Роббонийнинг китоблари билан бирга, ҳозирги замон авлоди қаламига мансуб китобларни ўрганиш ҳам жуда қулай. Имоми Роббонийнинг машҳур «Мактубот»лари кўпгина жойларда дарс қилиб ўтилади ҳам. Мен ҳам бу китобнинг арабча нусхаси билан айнан Туркияда танишдим.

Либияда давлат миқёсида тасаввуф билан шуғулланишга ҳаракат қилинаётган экан. У ерда тасаввуф тариқатларининг умумжаҳон биринчи учрашувини ўтказишга тайёргарлик бошланди. Бу жараёнда мен ҳам қатнашдим.

Анжуманда тасаввуф ҳақида жуда кўп гаплар бўлди. Энг муҳими, тасаввуфнинг ҳақиқий маъноси ўзини намоён қилди. Турли тариқатларнинг зикрлари ҳам бўлди. Анжуман ҳужжатларини тайёрлаш иши билан банд бўлганим учун у ажойиботларни кўра олмадим. Аммо кўрганлардан эшитдим: зикр чоғида ўзидан кетишлар, тананинг ташқи таъсирдан бехабар бўлиб қолиши каби ҳолатлар ҳам бўлган экан.

Бу анжуман тариқатларни бирлаштириш, уларнинг имкониятларидан мусулмонлар манфаати йўлида фойдаланишни ўзига мақсад қилиб олган эди. Ана шу мақсадда мазкур ишларни мувофиқлаштириб туриш учун етти кишилик ҳайъат тузилди. Бу ҳайъатда Сурия бош муфтийси, машҳур шайх Аҳмад Куфтору ҳазратлари, Нигерия муфтийси, саккиз миллион муриди бор шайх Иброҳим Солиҳ, Туркия вакили Лутфий Дугон, Мисрнинг шайхларидан шайх Алоуддин Абул Азоим, Швециядан Абдулҳай Жийлоний, Америкадан шайх Ҳарти ва камина ходимингиз бор эдик. Бу ҳайъат ўзининг дастлабки йиғилишида мени котиб этиб сайлади. Бунда менинг Либияда яшаб турганим ва иш юритишга имконим борлиги ўз таъсирини кўрсатган эди.

Иш юзасидан ҳам тасаввуфга оид маълумотлар билан муомалада бўлишга тўғри келар эди. Турли юртларда ўтаётган сўфийларнинг анжуманлари ҳақидаги ҳисоботлар, чиқарилган китоб ва мақолалар, топилган қўлёзмалар шулар жумласига кирар эди.

Аста-секин турли ўлкаларга сафар қилиб, аҳли тасаввуф ила учрашувларда қатнашдик. Мисрда бўлганимизда яқин биродаримиз, Мисрда учинчи ўринда турадиган Азмия тариқатининг шайхи Муҳаммад Алоуддин Абул Азоим жаноблари баъзи тариқатларнинг шайхлари билан шахсан таништириб, суҳбатлар қуришга ёрдам бердилар. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, Мисрда саксон битта тариқат давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият кўрсатади. Ушбу тариқатлар ўз марказлари, нашриётлари, босмахоналари ва бошқа муассасаларига эга.

Сўнгра бошқа юртларда ҳам шунга ўхшаш суҳбатлар ва зиёратлар бўлиб ўтди. Гоҳида баъзи шайхлар ўзларича илтифот қилиб, каминага ижозат бериб ҳам қолар эдилар. Сомалида бўлганимизда, кўпгина тариқатлар ва уларнинг шайхлари бир жойга тўпланган эдилар. Шунда мезбонларимиз: «Энг катта шайх келмадилар. У киши одатда уйларидан чиқмайдилар, вақт топиб, зиёратларига бориб қўйсак, яхши бўлар эди», дейишди. Зиёратларига бордик. У киши «уй» деб аталадиган харобада эканлар. Салом-аликдан сўнг шайх ўз тилларида бир нарсалар дедилар. Икки-уч киши тезлаб бир томон юриб кетди. Бироздан сўнг думалоқ қилиб тўқилган янги бўйра, одам бўйининг ярмича келадиган тасбеҳ ва тариқат шажараси ёзилган эски қоғоз кўтариб қайтиб келишди. Шайх менинг қўлимдан ушлаб, бўйранинг ўртасига ўтирғизди ва ижозат бера бошлади...

Бу орада юртимизда ҳам тасаввуф бобида турли гап-сўзлар тарқала бошлаган эди. Туркиядан келган сўфийларнинг вакиллари ўз шайхларига байъат беришга даъват қилишга киришишган эди. Ўзимиздан ҳам сўфийлар чиқиб, муридларига ваъз-иршод қилишни бошлаган эдилар. Бу ишларни тушунганлар ҳам, тушунмаганлар ҳам бор эди. Натижада турли саволлар пайдо бўлди.

Жумладан, «Озодлик» радиоси орқали менга Андижондан Муҳйиддин ибн Арабий ва унинг таълимотлари ҳақида савол борди. Мен баҳс қилиш вақти ҳали келмагани учун бу мавзудаги гапларни қўзғамай юрганимизни айтиб, саволга жавоб бердим. Кейин ички вазиятни ҳисобга олиб, «Тасаввуф ҳақида тасаввур» номли бир мақолани овоз орқали юбордим.

Маълум бўлишича, ўша мақола ёзилган магнит тасмасини жуда кўпчилик тинглабди. Менга ундан фойда олганлар ҳақида кўп гаплар айтилди.

Аммо акс натижа бўлгани ҳақида ҳам бир хабар бор. Уни менга имом домлаларимиздан бирлари айтиб бердилар. Ибратли бўлгани учун, ўша хабарни эслаб қўйсак, яхши бўлади. Бир киши менга қарши бўлиб юрар экан. Китобларимни ўқиб, ваъзларимни эшитиб, аввалги муносабати ўзгарибди. Аммо мазкур тасмани эшитганидан кейин яна эски ҳолига, душманлик мавқифига қайтибди. Маълумки, ўша кимса ва унга ўхшаган одамлар оддий мусулмонлардан. Кимдандир эшитиб, бир нарсани ўрганганлар. Улар ўзларига айтилган нарсалардан бошқа ҳақиқатлар ҳам борлигини билишмайди. Агар борлиги билинса ҳам, уни қабул қилишмайди. Чунки биринчи таълим берган тараф буни айтмаган. Бечоралар ўзлари билган нарсалардан кўра билмаган нарсалари кўплигини билишмайди. Оз нарсани билганлар ўшани «бор нарса шу», деб ўйлайдилар ва ундан ўзгача гапларни инкор қиладилар. Илмлари йўқлиги туфайли ўзлари билган нарсада юрмаган кишини одам ўрнида кўрмайдилар. Барча муаммо шунда. Нима учун ҳамма фақат сен каби ўйлаб, сен каби билиши керак? Нима учун сен ўзинг билгандан бошқа нарсани билган одамни ёмон кўрасан? Нима учун сенга ёқмаган нарсани бошқалар ҳам ёқтирмаслигини талаб қиласан?

Юртимизга қайтиб келиб, вазият билан танишгандан кейин тасаввуф бобида анчагина кўнгилсиз ҳолга дуч келдик. Кўпчилик бу бобда айни номарғуб йўлга тушиб қолган экан. Ана ўша ноқулай ҳолат одамлар ичида турли саволларни пайдо қилган эди.

Тасаввуф нима ўзи?

Муридчилик динимизда борми ўзи?

«Сўфийман», деганларни кўриб, ҳайрон бўлиб қолдик-ку?

Шайхга байъат қилмаса, фалон бўлар эмиш, шу тўғрими?

Шайхга қўл берганлар бизни одам ўрнида кўришмаяпти, бунга нима деса бўлади?

Шайхга қўл бергандан кейин унинг шариатдан илми йўқлиги маълум бўлса, байъатни бузса бўладими?

Тасаввуфда «робита» деган нарса бор эмиш, у нима ўзи?

Шайхга қўл бериб, тавба қилган одам қазо намозларни ўқимаса ҳам бўлаверар эмиш, шу ростми?

Шайхга қўл берган одам учун таҳажжуд намозини ўқиш вожиб бўлар эмиш, бу қандай гап?!

Фалон шайх: «Илм ўқиган гумроҳ бўлади», дебди, бунга нима дейсиз?

Шайхга қўл берганларга: «Нима учун фалон вожиб амални қилмайсизлар?» десак, «Шайхимиз айтмаган нарсани қилмаймиз», дейишмоқда, бу қанақаси бўлди?

Сўфийлар «Чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади» деб, биз қуйган чойни ичишмаяпти, шу тўғрими?

Фалончи намоз ўқиб, дуо қилса, вафот этган шайхи келиб, қўлидан ушлаб, шаҳарни айлантириб чиқар эмиш, шундай бўлиши мумкинми?

Битта мурид: «Бизнинг шайхимиз ўзларининг нечта муриди бўлса, ҳаммасининг қаерда тургани ва ҳатто қайси ёнбоши билан ётганини билиб турадилар. Ким бунга ишонмаса, фалон бўлади», дебди, бунга нима дейиш мумкин?

Фалончи шайхнинг одамлари: «Бизнинг шайхимизга байъат қилмаганлар жоҳилият ўлими билан ўлади», дейишмоқда, шайхга байъат қилмаса бўлмайдими?

«Шу кетишда давом этаверса, эртага нима бўлади?» дейдиганлар ҳам кўп эди.

«Бу тарзда ихтилофлар кучайиб бораверса, бугунги ҳолимиз ҳолва бўлиб қолади-ку», дейдиганлар оз эмас эди.

Ким билан учрашмайлик, қаерга бормайлик, шу ва шунга ўхшаш саволлар қайта-қайта бериладиган бўлиб қолди.

Айни пайтда бир неча китоблар турк тилидан таржима қилиниб, нашр ҳам этилди. Тасаввуфда юрганларнинг ўзлари орасида ҳам ихтилофлар чиқа бошлади. Мана шу омилларни эътиборга олиб, бирор нарса ёзиш кераклиги зарурати туғилди.

«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг бир неча жузи айнан шу мавзуга оид масалаларга бағишланди. Учинчи жуз «Ният, ихлос ва илм китоби», ўттиз тўртинчи жуз «Яхшиликлар ва ахлоқ китоби», ўттиз бешинчи жуз «Зикрлар, дуолар, истиғфор ва тавба китоби», ўттиз олтинчи жуз «Зуҳд ва рақоиқлар китоби», ўттиз еттинчи жуз «Одоб китоби» бўлди.

Китобни мазкур саволларнинг ҳар бирига алоҳида жавоб бериш шаклида қилиш ҳам мумкин эди. Аммо янги саволлар ҳам чиқиши мумкин ва уларга яна жавоб бериш керак бўлади. Энг асосийси шуки, баъзи саволларга жавоб бериш билан бир илмни кишиларга мукаммал англатиб бўлмаслиги маълум. Шунинг учун китобни саволларга жавоб тарзида эмас, тасаввуф ҳақидаги асосий қоидаларнинг бугунги кунимизга тегишлисини баён қилиш ниятида ёздик. Бунда ҳозирги кундаги ҳолатни иложи борича ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Шунинг учун ҳам уни «Тасаввуф ҳақида тасаввур» деб номладик.

Аллоҳим! Бу ожизона уринишимизни Ўзингнинг розилигингга етиш учун васила қилгин. Ушбу китобнинг барча мўмин-мусулмонлар учун фойдали бўлишини насиб этгин.

Ҳаммамизни иймонда, Исломда собитқадам қилгин. Асло ҳидоятингдан айирмагин. Омин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Тасаввуфнинг маъноси;

Тасаввуфнинг таърифи;

Тасаввуфнинг манбаи;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

28.08.2026   32944   18 min.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)

 

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.

Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.

Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.

Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.

Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.

Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.

Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!

 

Қадрли дўстлар!

Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.

Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.

Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.

Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.

Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.

Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.

Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.

Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.

Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.

Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?

Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.

Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.

Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.

Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.

Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.

Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.

Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.

Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.

Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.

Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.

Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.

 

Азиз ватандошлар!

Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.

Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз

ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.

Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.

 

Қадрли дўстлар!

Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.

Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.

Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.

Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.

Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.

Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!

Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!

Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!

 

Муҳтарам юртдошлар!

Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.

Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.

Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.

Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.

Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.

Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.

Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.

Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.

Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.

Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.

Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.

Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.

 

Азиз дўстлар!

Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.

Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.

Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.

Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.

 

Қадрли юртдошлар!

Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.

Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.

Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.

“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.

Азиз ватандошлар!

Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.

Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.

Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.

Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.

Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.

Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.

Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.

Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

 

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.

Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.

Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.

Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.

Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!

Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.

Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!

Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!

Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.

Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!

Яшасин Ўзбекистон Республикаси!

Яшасин Ўзбекистон халқи!

Ўзбекистон янгиликлари