Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАСАВВУФНИНГ МАЪНОСИ, ТАЪРИФИ ВА МАНБАИ

ТАСАВВУФНИНГ МАЪНОСИ

Тасаввуфнинг ўзи кишилар орасида турли тортишувларга сабаб бўлгани каби, бу сўзнинг луғавий маъноси ҳам аҳли тасаввуфнинг ва бошқаларнинг орасида анчагина мунозараларга сабаб бўлган. «Тасаввуф» сўзи қайси ўзакдан олингани ва ундан кўзланган маъно ҳақида бир қанча фикр-мулоҳазалар айтилган. Бинобарин, «суфий» («сўфий») сўзи ҳақида ҳам худди мана шу ҳолни кўрамиз. Зотан, бу икки сўз ва маъно бир-биридан ажралмас нарсалардир. Келинг, ана шу мулоҳазаларнинг баъзилари билан танишиб чиқайлик.

  1. Айримлар: «Сўфий» сўзи аҳли суффага нисбатдир», дейишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида у зот алайҳиссаломнинг масжидларида суффа бўлган. Ўша суффада уй-жойи йўқ ўта камбағал саҳобалардан бир гуруҳи яшаганлар. Улар асосан талаби илм билан машғул бўлганлар ва тақводорлик билан умр кечирганлар. Сўфийчилик ўшалардан келиб чиққан.

Аммо бу фикрга қарши тарафдагилар: «Агар «суфий» сўзининг асли суффа бўлганида, араб тили қоидасига биноан уни «суффий» дейиш керак эди», дейишади. Шунинг учун «суфий» сўзи «суффа» сўзидан олинган, дейиш тўғри бўлмайди.

  1. «Сўфий» сўзи «саф» сўзидан олинган, дейдиганлар ҳам бор. Уларнинг фикрича, сўфийлар ибодатнинг олдинги сафида бўлганлар, шунинг учун ушбу номни олганлар.

Аммо луғат уламолари бу фикрни ҳам рад этадилар. Чунки сафга нисбат берилса, «саффий» дейилиши керак эди.

  1. «Сўфий» сўзи Суфа ибн Удд ибн Тлобихага нисбатдир, дейди яна бир тоифа. Қадимда ўта кўп ибодат қиладиганлар айнан ўша одамга нисбат берилган.

Аммо бу талқин ҳам қабул қилинмаган. Чунки Исломда бошқа диндагиларни ўзига ўрнак қилиб олиш мумкин эмас. Суфа ибн Удд жоҳилият даврида фаолият кўрсатган.

  1. Баъзи кишилар: «Сўфий» «сафо»дан олинган. Қалби соф бўлган кишилар сўфий бўлишига ишорадир», дейишган.

Аммо кўпчилик бу фикрни ҳам рад этади. Уламоларнинг фикрича, «Сафо» сўзининг «суфий» (сўфий) бўлиб қолиши луғат илми жиҳатидан ҳам, мантиқ жиҳатидан ҳам тўғри келмайди.

  1. «Суфий» сўзи арабча «сувф» – «жун» сўзидан олинган, дейишади кўпчилик боҳислар. Аввало, луғат жиҳатидан бу исм жуда тўғри келади. Қолаверса, кўп ибодат қилишга берилган кишилар кийимни ҳам жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган, дейишади улар.

Жун майин бўлмагани учун ҳам барча асрларда обидларнинг хос кийими ҳисобланган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обидликлари ҳақида сўз борганда ҳам «Ул зот жун кийим кияр эдилар» деган ривоят келтирилади.

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Бадр уруши қатнашчиларидан етмиштасини кўрганман, барчасининг кийими фақат жундан эди», дейилган.

Абу Сулаймон Дороний бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Жун зуҳднинг аломатларидан биридир. Кимнинг қалбида беш дирҳамлик жун кийиш рағбати бўлса, уч дирҳамлик жун кийиши лозим эмас».

Кўпчилик мутахассислар ушбу охирги қавлни қабул қилганлар.

 

ТАСАВВУФНИНГ ТАЪРИФИ

«Сўфий» ва «тасаввуф» сўзларининг луғавий маънолари ҳақидаги тортишув уларнинг истилоҳий маъноси борасида ҳам давом этади.

Муҳаммад Юсуф Мусо таҳқиқ қилган «Ал-ақийда ваш-шарийъа фил Ислом» китобида зикр қилинишича, Никольсон ҳижрий бешинчи асргача битилган асарлардан тасаввуфнинг етмиш бешта таърифини топган.

Абдул Қоҳир Бағдодий ишончли тасаввуф қутбларининг таълифотларидан мингга яқин таърифни топган.

«Қавоидут-тасаввуф» китобида зикр қилинишича, машҳур тасаввуф шайхи Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи икки мингга яқин таърифни келтирган. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ қилиш маъносидадир.

Аҳли тасаввуфнинг ўзлари унинг таърифидаги бундай хилма-хилликни яхшилик аломати деб биладилар. Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи, фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Тасаввуфнинг таърифидаги ихтилофга келсак, у кишиларнинг сулук даражаларидаги мартабаларига оиддир. Уларнинг ҳар бири ўз эҳсосини ўз мақомида таржима қилгандир. Бу билан ўзидан бошқанинг мақомига қарши чиққан ҳисобланмайди, чунки ҳақиқат биттадир. У катта боққа ўхшайди. Ҳар бир солик бир дарахтнинг остида туриб, ўша дарахтни васф қилгандир. Бу зинҳор, боғда бундан бошқа дарахт йўқ, дегани эмас. Таърифлар қанчалик ихтилофли бўлмасин, уларнинг барчаси покланиш ва тақво мартабасига етиб боради».

Тасаввуф ҳақидаги таърифлардан намуналар:

  1. Шаръий одоблар ила зоҳирда туриб, унинг ҳукмини ботинда кўриш. Шунингдек, шаръий одоблар ила ботинда туриб, унинг ҳукмини зоҳирда кўришдир. Шунда одобланувчи учун икки ҳукм ила камол ҳосил бўлур.
  2. У бир мазҳаб бўлиб, мақсади қалбни Аллоҳдан бошқадан холи қилиш, Холиққа ихлос ила ибодат қилиш ҳамда Ундан бошқасидан ажралиш ила руҳни қудсият оламига олиб чиқишдир.
  3. Тасаввуф нафсни ахлоқий жиҳатдан тараққий эттирадиган ҳаётий фалсафа бўлиб, у муайян амалий риёзат воситасида ҳақиқатга айланади ва баъзи вақтларда олий ҳақиқатга сингиш ҳиссига олиб боради. Шунингдек, ундан завқ ва ақл ила маърифат ҳосил қилишга олиб боради.
  4. Тасаввуф бир илм бўлиб, у ила нафснинг аҳволи – яхши ва ёмони, унинг ёмонини поклаш йўли, яхшисини зийнатлаш йўли, Аллоҳ таолога томон юриш кайфияти ва Унга томон қочиш услуби ўрганилади. Яъни Ўзидан бошқадан паноҳ сўрамаслик.
  5. Тасаввуф – ҳар бир ёмондан холи бўлиш, ҳар бир яхшидан ибрат олиш ила қурбатга ва висолга эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш, ниятда Робби ила боғлашдир.

Юқорида зикр этилган таърифлар билан бир қаторда «тасаввуф» сўзи ва унга боғлиқ лафзлар қадимги луғат илми усталари томонидан синчковлик билан ўрганилганини ҳам эслаб ўтмоғимиз лозим.

Жумладан, «Ал-мўъжам ал-васийт» номли луғат китобида бу ҳақда қуйидагилар келтирилган:

«Саввафа фулонан» – «фалончини сўфийлардан санади», дегани. «Тасаввафа фулонун» – «фалончи сўфий бўлди», дегани.

Тасаввуф сулук тарзи бўлиб, унинг асоси нафс пок ва руҳ олий бўлиши учун содда ҳаёт ва фазилатлар ила зийнатланиб яшамоқдир.

Тасаввуф илми – сўфийлар эътиқод қиладиган нарсалар ва ўз жамоаларида ҳамда ёлғиз қолганларида ушлайдиган одобларидир. Сўфий – тасаввуф йўлига эргашган одамдир».

Энди сўфийнинг васфида келган таърифлардан энг машҳурларидан бирини келтирайлик.

Шайх Шиҳобуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ас-Суҳравардий раҳматуллоҳи алайҳи сўфийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Сўфий ҳар бир нарсани ўз жойига қўядиган, вақтлар ва ишларни илм ила тадбир қиладиган, халқни ўз мақомига қўядиган, Ҳақнинг амрини ўз жойига қўядиган, беркитилиши лозим бўлган нарсани беркитадиган, очилиши лозим бўлган нарсани очадиган ва ишларни ҳузури қалб ила, сиҳҳати тавҳид ила, камоли маърифат ила, риояти сидқу ихлос ила ўз ўрнида адо этадиган шахсдир».

 

ТАСАВВУФНИНГ МАНБАИ

Кишилар ўртасида «Тасаввуф қаердан келиб чиққан?» деган саволга жавоб беришда ҳам жуда кўп қарашлар мавжуд. Бу борада тасаввуфнинг тарихини ўрганган тоифалар турли фаразларни айтганлар.

Баъзи шарқшунослар: «Тасаввуф аслида юнонча «суфис» сўзидан олинган, мусулмонлар юнон маданиятидан кўп нарсаларни, жумладан, тасаввуфни ҳам олганлар», дейдилар.

Аммо бу гапни нафақат мусулмонлар, балки бошқа шарқшунослар ҳам рад этадилар. Чунки юнонча «суфис» «син» ҳарфи билан бошланади, сўфий эса «сод» ҳарфи билан.

  1. Бошқа бир тоифалар: «Мусулмонлар тасаввуфни масиҳийликдан олганлар», дейишади.

Аммо бу гапнинг ҳам ишончли далили йўқ. Бу гапни айтганлар баъзи бир зоҳирий нарсалардан ўзларича хулоса чиқариб айтганлар, холос.

  1. Учинчи бир гуруҳ: «Мусулмонларга тасаввуф мажусийлар ва буддачилардан кириб келган», дейишади. Улар ўзларининг бу фикрларига аввалгига ўхшаб, қуруқ тахминларни ва баъзи бир кўзга кўринган тасаввуф намояндаларининг асли форсдан бўлиб, боболари мажусий бўлганини далил қиладилар.

Уларга: «Бир кишининг аслига қараб катта бир илм ёки мазҳабга баҳо берилмайди, воқеликка қараш керак», дейилади. Чунки барча исломий илмлар ва мазҳабларнинг кўзга кўринган намояндалари араб бўлмаган турли халқларнинг вакилларидир.

  1. Тасаввуфга қарши бўлганлар: «Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин чиққан бидъат, аввалги даврда мутлақо бўлмаган, Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам «тасаввуф» сўзи бирор марта зикр қилинмаган», дейишади.

Бундай эътирозларга тасаввуф тарафдорлари батафсил жавоб берадилар. Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам «тасаввуф» сўзи бирор марта зикр қилинмагани унинг исломий илм эмаслигига далил бўла олмайди. Чунки Қуръони Карим билан ҳадиси шариф луғат қомуси ҳам, илмларнинг таърифини келтирадиган таърифнома ҳам эмас. Қолаверса, бошқа исломий илмларнинг номи ҳам бу икки масдарда келмаган. Қуръон ва суннатда номи келмаган нарсани инкор қилаверсак, жуда кўп нарсадан воз кечишимизга тўғри келади.

Биринчи даврда айнан «тасаввуф» сўзи ишлатилмаган бўлса ҳам, унинг маъноси бўлган. «Тасаввуф ҳижрий учинчи асрдан кейин чиққан» деган гап мутлақо нотўғри. Балки бу сўзни катта тобеъинларнинг ўзлари ишлатганлар.

Мисол учун, тобеъинларнинг энг катталаридан бўлган, кўплаб саҳобийларни кўрган имом Ҳасан Басрийдан қилинган ривоятда: «Тавофда бир сўфийни учратиб қолдим. Унга бир нарса берган эдим, қабул қилмади ва: «Менда тўрт чақа бор, ана шу кифоя қилади», деди», дейилган.

Шунингдек, катта тобеъинлардан бўлган Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳидан «Агар Абу Ҳошим Суфий бўлмаганда, риёнинг дақиқ маъносини билмаган бўлардим», деганлари ривоят қилинган. Бундан «тасаввуф» сўзи ва маъноси ҳижрий биринчи асрдаёқ маълум ва машҳур бўлгани билинади.

  1. Аҳли тасаввуф ва уларнинг тарафдорлари: «Тасаввуф бошқа барча исломий илмлар қатори Қуръон ва Суннатдан олингандир», дейдилар ва бунга кўплаб оят ҳамда ҳадисларни далил қилиб келтирадилар.

Қарши тараф эса тасаввуф аҳлининг Қуръон ва Суннатга хилоф фикрлари, ишлари ва тасарруфларини мисол келтириб, бу гапни рад этадилар.

Шунда тасаввуф тарафдорлари турли омилларга кўра бу нарсада ҳам баъзи шахслар томонидан хатолар бўлгани ҳамда Қуръон ва Суннатга хилоф иш қилганлари, гарчи ўзларини тасаввуфга мансуб десалар ҳам, аслида тасаввуфдан йироқ эканликларини айтадилар. Улар Ислом ақийдаси ва шариатига хилоф бўлган ҳар бир нарса тасаввуфга мутлақо бегона эканини таъкидлашдан чарчамайдилар.

Бу ҳақда замондошимиз, аҳли тасаввуф намояндаларидан, Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқати шайхи Муҳаммад Закий Иброҳим жаноблари қуйидагиларни айтади:

«Ушбу ақийда ва шариатга бегона бўлган фалсафаларнинг аҳли қибла тасаввуфига ҳеч алоқалари йўқ. Уларни бизга қарши ҳужжат қилиб келтириш ҳақни ботил ила аралаштиришдир. Бировнинг гуноҳи туфайли бошқани айблаш пасткашликдир. Мазкур фалсафий қараш ила машҳур бўлганлар ва тасаввуфга нисбат берилганлар ўнтадан ошмайди. Улар ўтдилар ва унутилдилар. Уларнинг фалсафасига эътиқод қилувчилар қолмади».

Шу ерга келганда муҳаққиқ уламолар ҳам, аҳли тасаввуфнинг ўзи ҳам тасаввуфни иккига – Сунний тасаввуф ва фалсафий тасаввуфга тақсимлашларини яхшилаб билиб олмоғимиз лозим.

Фалсафий тасаввуфни барча – тасаввуфга қаршилар ҳам, аҳли тасаввуфнинг ўзлари ҳам қоралайдилар ва инкор қиладилар. Аммо Қуръон ва Суннатга асосланган сунний тасаввуфни ҳамма қўллайди.

Фалсафий тасаввуф кейинчалик пайдо бўлиб, турли фалсафалар таъсири остида Исломга бегона бўлган фикр ва эътиқодларни олға сурган. Бундай тасаввуфнинг кўзга кўринган намояндалари Муҳйиддин ибн Арабий, Мансур Халлож ва бошқалар бўлиб, улар ваҳдатул вужуд, ҳулул ва иттиҳод каби фалсафаларни ўртага ташлаб, катта ихтилофларга сабаб бўлганлар.

Бу йўналишни ҳамма танқид қилган ва ҳозирда у ўз издошларига эга эмас. Шу билан бирга, бу масала бизнинг ушбу китобимизнинг мақсадига кирмайди. Шунинг учун фалсафий тасаввуф ҳақида гапириб ўтирмай, асл мақсадга ўтамиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Сунний тасаввуф

6338 марта ўқилди
Top