Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Март, 2026   |   22 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:38
Аср
16:39
Шом
18:29
Хуфтон
19:41
Bismillah
11 Март, 2026, 22 Рамазон, 1447

Эътиқод дурдоналари: ҲАВАС ҚИЛИНАДИГАН ИНСОН (Али розияллоҳу анҳу)

31.05.2021   9637   7 min.
Эътиқод дурдоналари: ҲАВАС ҚИЛИНАДИГАН ИНСОН  (Али розияллоҳу анҳу)

ҲАВАС ҚИЛИНАДИГАН ИНСОН

38 - وَلِلْكَرَّارِ فَضْلٌ بَعْدَ هَذَا    عَلَى الأَغْيَارِ طُرًّا لاَ تُبَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Шундан сўнг Қайтмас ботир (розияллоҳу анҳу)нинг қолган жамики барчалардан афзаллиги бор (шу сўзни маҳкам ушлагин ва бундан бошқа сўзларга) эътибор бермагин.

 

Назмий баёни:

Шундан сўнг Ботирга афзал кўрилиш,

Қолган барчалардан тортма ҳеч ташвиш.

 

Луғатлар изоҳи:

لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.

كَرَّارِ – жор ва мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабар.

فَضْلٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда “зиёдалик” маъносига тўғри келади.

بَعْدَ – зарфликка кўра насб бўлиб турибди. 

هَذَا – исми ишора ذَا нинг олдидан танбеҳ  هَ келган. Оқил ва ғойри оқил муфрад музаккарга нисбатан ишлатилади.    

عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

الأَغْيَارِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.  

طُرًّا – тамйиз. Луғатда “жамики” маъносини англатади.

لاَ – наҳий ҳарфи.

تُبَالِ – “аҳамият бериш” маъносидаги مُبَالاَةً масдаридан олинган феъл. بَالٌ луғатда “қалб” маъносини англатади. Шунга кўра لَا تُبَالِ сўзидан “қалбингни машғул қилма” маъноси тушунилади. 

 

Матн шарҳи:

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг “шундан сўнг” деган сўзларига икки хил маъно берса бўлади:

  1. Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлардан кейин энг афзал кўриладиган инсон Али розияллоҳу анҳудир;
  2. Усмон розияллоҳу анҳудан кейин энг афзал кўриладиган инсон Али розияллоҳу анҳудир.

Ушбу байтда Али розияллоҳу анҳуни юқоридаги уччалаларидан ҳам ортиқ ҳисоблайдиган тоифаларга ҳам, фақат Усмон розияллоҳу анҳудан ортиқ ҳисоблайдиганларга ҳам, иккалаларини бир-бирларидан ортиқ кўрмайдиганларга ҳам раддия бордир. Яъни шижоати билан ажралиб турган Али розияллоҳу анҳу юқоридагиларидан кейин барча валийларнинг улуғидир.    

Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг ўғли бўлиб, милодий 600 ёки 603 йилда Макка шаҳрида туғилган.

Али розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим.

 

Али розияллоҳу анҳунинг оилалари

  1. “Фотима бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Фотима розияллоҳу анҳодан: Ҳасан, Ҳусайн, Зайнаб (каттаси), Умму Кулсум (каттаси) исмли фарзандлари туғилган. Фотима розияллоҳу анҳо ҳаётлик пайтида бошқа бирорта ҳам аёлга уйланмаган.
  2. Ховла бинти Жаъфар ибн Қойс. Бу аёлидан Муҳаммад (каттаси) исмли ўғли туғилган.
  3. Лайло бинти Масъуд ибн Холид. Бу аёлидан Убайдуллоҳ ва Абу Бакр исмли ўғиллари туғилган.
  4. Уммул Банийн бинти Ҳизом ибн Холид. Бу аёлидан Аббос, Усмон, Жаъфар ва Абдуллоҳ исмли ўғиллари туғилган.
  5. Умму валад чўрилари. Бу чўриларидан Муҳаммад (кичкинаси) исмли ўғли туғилган.
  6. Асмо бинти Умайс. Бу аёлидан Яҳё ва Авн исмли ўғиллари туғилган.
  7. Саҳбо Умму Ҳабиб бинти Робиъа. Бу аёлидан Умар ва Руқойя исмли фарзандлари туғилган.
  8. Умома бинти Абул Ос ибн Робиъ. Умома Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг қизи бўлган. Бу аёлларидан Муҳаммад (ўртанчаси) исмли ўғиллари туғилган.
  9. Умму Саъийд бинти Урва. Бу аёлларидан Уммул Ҳасан ва Рамла исмли қизлари туғилган.
  10. Муҳайё бинти Имруул Қойс. Бу аёлидан Умму Ҳоний, Маймуна, Зайнаб (кичкинаси), Рамла (кичкинаси), Умму Кулсум (кичкинаси), Фотима, Умома, Хадийжа, Уммул Киром, Умму Салама, Умму Жаъфар, Жумона, Нафиса ва яна битта қизлари бўлган”[1]. Эҳтимол, ушбу қизлари ҳали ном қўйилмасдан вафот этган.

Албатта, юқорида баён қилинганидек ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган.

Али розияллоҳу анҳу Бадр, Уҳуд, Хандақ, Байъатур Ризвон каби барча воқеаларда иштирок этган. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосар қилиб кетганлари сабабли Табук ғазотида иштирок эта олмаган.

 

Али розияллоҳу анҳунинг фазллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳу ҳақларида ҳар бир мусулмоннинг ҳаваси келадиган жуда кўплаб мақтовларни айтганлар: 

–  “Сен дунёда ҳам, охиратда ҳам менинг биродаримсан”;

–  “Ким Алига азият берса, менга азият берибди”;

– “Ким Алини яхши кўрса, мени яхши кўрибди, ким мени яхши кўрса, Аллоҳни яхши кўрибди, ким Алини ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди, ким мени ёмон кўрса, Аллоҳни ёмон кўрибди”;

– “Али Қуръон билан, Қуръон Али биландир, иккалалари то Ҳавзга келгунларича бир-бирларидан ажрамайдилар”;

– “Алининг мусулмонлар зиммасидаги ҳаққи отанинг боласидаги ҳаққи кабидир”.   

Усмон розияллоҳу анҳунинг вафотидан сўнг милодий 656 йилда 53 ёшида кўпчилик мусулмонларнинг иттифоқи билан халифа этиб сайланган. Халифалигининг бешинчи йилида милодий 661 йилнинг 19 январ куни фитначи Абдураҳмон ибн Мулжим суиқасди туфайли масжидда қаттиқ жароҳатланган ва икки кун ўтгач, шамсий ҳисоб билан 59 ёшида вафот этган.

Саҳобаи киромлар ўртасида баъзи кўнгилсизликлар бўлиб ўтган бўлса ҳам, уларнинг бу ишлари ўз нафслари учун эмас, балки Аллоҳ розилиги йўлидаги ижтиҳодлари бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан “Жамал” воқеаси иштирокчилари ҳақида сўрашганларида у зот жавоб сифатида қуйидаги оятни ўқиб берган:

﴿تِلۡكَ أُمَّةٞ قَدۡ خَلَتۡۖ لَهَا مَا كَسَبَتۡ وَلَكُم مَّا كَسَبۡتُمۡۖ وَلَا تُسۡ‍َٔلُونَ عَمَّا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٤١

“Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўладир. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмассиз”[2].

Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўша қонлардан Аллоҳ бизнинг қўлларимизни пок қилди, энди улар билан тилларимизни булғамаймиз”, –  деб жавоб берган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлишдек бахтга мушарраф бўлган инсонларнинг барчасига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин, уларни яхши кўришни бурчимиз деб биламиз[3]

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

СИДДИҚА ВА ЗАҲРО розияллоҳу анҳумо ФАЗИЛАТЛАРИ

 

[1] Ибн Саъд “Тобақот”да “Али ибн Аби Толибнинг ўн тўртта ўғил ва ўн тўққизта қиз фарзандлари бўлган” дея келтирган. Қаранг: Муҳаммад Ризо. Мавсуъату хулафаи рошидин. Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2006. – Б. 12.

[2] Бақара сураси, 141-оят.

[3] Иброҳим Лаққоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Салафи солиҳ сўзи мутлақ ишлатилса саҳобалар тушунилади”, – деган. 

Шунингдек салафи солиҳлар сўзидан тўртала мужтаҳид имомлар, Авзоъий, Мужоҳид, Суфён Саврий, Суфён ибн Уяйна каби уламолар ҳам тушунилиши мумкин. 

Халаф уламолар деганда ҳижрий 3-асрдан кейин яшаб ўтган уламолар тушунилади. 

Имом Заҳабий: “Мутақаддим ва мутааxхир уламолар орасини ажратувчи чегара учинчи асрнинг бошидир”, – деган.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қадр кечаси қандай кеча эканини биласизми?

11.03.2026   961   2 min.
Қадр кечаси қандай кеча эканини биласизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик (Қадр сураси, 1-оят).


Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир(Қадр сураси, 3-оят).


Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради.У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир (Қадр сураси, 5-оят).


Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.


Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.


Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.


Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қадр кечасини иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).


Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.


Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.


Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”.

Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).


Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тўғри келади. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.


Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!


Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар