Мақолалар

Покиза аёлларга туҳмат қилиш

Ҳозирги кунда одамлар орасида жамиятни заифлашувига, инсонларда бир-бирларига нисбатан гина-адоват ва нафрат пайдо бўлишига сабаб бўлаётган иллатлардан бири бузуқ ниятлардан беҳабар, покиза аёлларга туҳмат тошини отиб, уларни бадном қилишдир албатта. Аллоҳ таолонинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ундай кимсаларга бу дунёда қилиниши керак бўлган муомала ва уларни охиратдаги хатарли холатлари батафсил баён қилинган.

Аллоҳ таоло “Нур” сураси айтади: «Албатта, (бўзуқ  ниятлардан) бехабар, поқиза, мўъмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл-оёклари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (23-24оят).

Ва яна Аллоҳ таоло "Нур" сурасининг бошқа оятида марҳамат қилади: «Иффатли аёлларни (зинокор деб) ҳақоратлаган, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон даррадан урингиз ва абадул-абад уларнинг гувоҳликларини қабул қилмангиз! Ана ўшалар фосиқ кишилардир»(4-оят).

Ҳаромдан сақланган, поқиза аёлга кимда-ким «зиноқор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунё-ю охиратда лаънат ва улкан азоб бўлишини, бу дунёда эса саксон дарра урилиб, гарчи ишончли бўлса-да, гувоҳлиги бошқа қабул қилинмаслигини Аллоҳ таоло баён қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бўзуқ  ниятлардан) ғофил, поқиза, мўъмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).

Туҳмат қилиш - поқиза аёлга «ей зиноқор» ёки «ей фоҳиша» ва ё шунга маънодош сўзларни айтиш, эрига «ей фоҳишанинг эри» ўғлига «ей фоҳишанинг ўғли» қизига «ей фоҳишанинг қизи» дейиш ёки шу каби сўзларни сўзлашдир. Биронта эркак ёки аёл бошқа бир эркак ёки аёлга ва ё ёш болага шу ва шунга ўхшаш сўзларни айтса, шу сўзларнинг ростлигига тўртта гувоҳ келтириши лозим. Агар келтира олмаса, туҳматга учраган эркак ёки аёл талаб қилса,жамият ва ҳукумат олдида жазога тортилади.

Кўп жоҳиллар бехаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда азобга гирифтор бўладилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтади-да, у сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ  масофали дўзахга қўлайди» деганлар (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ  ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам фарзанди хатоларининг аксарияти тилидандир», дедилар» (Табароний, Байхакий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Муттафақун алайҳ).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилига эгалик қилган, уйи сиғдирган ва хатоларига йиғлаган кишига жаннат бўлсин», дедилар (Табароний ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўъмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва бехаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила барчамизни тилларимиз ёмонлигидан сақласин. Албатта, у саховатли, марҳаматли зотдир.

 

Имом Бухори номли тошкент ислом институти

талабаси Абдуссомад Абдулбосит

 

6306 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Идда масаласи Бетакроримсан, Ўзбекистоним! »

Мақолалар

Top