Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Йўл қоидасида ўзгалар ҳақи

12.08.2016   4764   5 min.
Йўл қоидасида ўзгалар ҳақи

Биз мўминлар бировнинг ҳақидан қўрқиш, бировларга озор етадиган амаллардан қайтарилганмиз. Бировнинг ҳақи деганда ўзгаларнинг молу мулкини алдов, тажовуз, зулм ва босқинчилик каби йўллар билан ейиш каби амаллар кирадими ёки бошқа шунга ўхшаш амаллар ҳам кирадими? Бунга бугунги куннинг баъзи тарбиясиз ҳайдовчилари ҳам кириши мумкинлигидан огоҳ этмоқчимиз.

Бир ҳайдовчи йўлда беҳосдан бошқа машинани сиқиб қўйди ва узрини айтди. Аммо жоҳил ҳайдовчи унинг узрини қабул қилмади ва йўлда аварияга тушадиган ҳолга тушириб қўйди. Узр сўраган ҳайдовчи уни орқасидан қувиб етиб йўл четига сиқиб тўхтатди ва ўртада даҳанаки жанг кетди. Она ҳам қолмади, бир-бирларини роса сўкишди. Бошқа бири тезликни ҳаддан ошириб одамлар ҳаётига хавф солди. Бошқа бири светафор чироғига амал қилмай, аварияга сабабчи бўлди. Бу ишлар жоҳил ва аҳмоқ инсонларнинг амали эканини, ҳам ўзгаларнинг ҳақига хиёнат эканини билишадими?. Йўл патрул постидан ҳамма навбат билан ўтаяпти, аммо баъзи бир учарлар ҳеч кимга қарамасдан олдинга тиқилиб тез ўтиб кетади. Навбат билан келаётган шунча одамни ранжитди ва уларнинг ҳақига хиёнат қилди, баъзи бир ёшлар кекса ҳайдовчиларни назар писанд қилмагани боис лаънатга қолади.

Светафор ёнида турибман, бир машина тез келиб тўпланиб турган сувни йўлдан ўтаётган кекса аёлнинг устига сепиб ўтиб кетди. Онахон шаллоба бўлди ва оғзидан: “Илоё, аварияга учраб ўл”, деган қарғиш чиқиб кетди. У аёл жаҳл билан, жон дилдан ғазаб устида қарғади. Шу аёлнинг дуоси мақбул бўлса, у йигитнинг ҳаёти кесилади. Наҳотки, қарғишдан қўрқмасак. Аслида савол бермоқчиман: “Қонун-қоида ким учун ишлаб чиқилади ва светафор кимлар учун қўйилади?" Ҳайдовчи қасддан тезликни оширса, кимнингдир ўлимига сабабчи бўлса, бу дунё қонунидан қутулиши мумкин, аммо Аллоҳ таолодан, қасос талаб қиладиган жароҳатланиб майиб бўлган ёки ўлган одамнинг даъвосидан қутуладими? “Эй Аллоҳ, бу банданг мени ўлдирди, бола-чақамнинг етим бўлишига, қийналишига сабабчи бўлди, буни дўзахийлардан қилгин”, деб даъво қилса, даъвоси инобатга олиниб дўзахга ташланилса, ким унга раҳим айлайди”. Аллоҳ таоло банда билан ўзининг орасидаги баъзи гуноҳларни кечириши мумкин. Мисол учун, вақтида намоз ўқий олмасдан қазо қилса, кечириши мумкин, аммо банда билан банда ўртасидаги хиёнат ва даъволарни жабрланувчи кечирмаса, кечирмайди. Қолаверса, бировга озор берадиган одам мўмин бўлмайди. Кўча одоби, муомала маданияти, кийиниш маданияти бор. Ҳайдовчиликка ўқийдиганларга маърифат дарсларини ҳам ўтиш керак. Европа давлатларидан бирига борган бир киши машинаси билан йўлда туриб қолибди. Бир вақт эшикдан чиқиб қараса, орқасида машиналар қатор бўлиб турган эмиш. Биронта машина сигнал чалмаяпти. Бугун машиналарнинг сигнал бериш одобсизликларидан дод дегинг келади. Йўлдан ўтаётган кекса бир одам яқинлашганда сигнал бериб чўчитадиганлар, хохолаб куладиганларга нима дейсиз? Ўша одамнинг қон босими бўлса ёки юраги хаста бўлса, қон босими ошиб кетса ва қарғаса, шу ҳайдовчининг умри зомин бўлмайдими? Ёки ярим тунда кўп қаватли уйлар ёнига келиб магнитофонни бақиртириб, бемаза мусиқа қўйиб, ҳаммани безовта қилган ҳайдовчи яхши қарғишлар билан сийланади ва яна биринчи бўлиб падари, яъни ота-онаси тарбия бермагани учун лаънатланади. “Сенга тарбия берган падарингга минг лаънат”, деб қарғайдиганлар бор. Ота-оналар фарзандига машинани лаънат олиш учун олиб берганмидилар? Ҳар бир ота-она машина миниб кўчага чиқаётган болаларига йўл қоидасини бир эслатиб, сўнгра йўлга чиқишга рухсат берсин.

Иккита ёш гўдаги бор бир аёлни тезлигини ошириб келаётган машина уриб кетиб, у ҳалок бўлди. Ўйланг ва тафаккур қилинг, жанозага мингга яқин одам келди. Марҳума қизнинг ота-онаси ўша ҳайдовчини шунақанги қарғаяптики, олдиларига бориб “қарғаманг” дейишга ким ботинади. Кекса ота: “Илоҳи, сенинг боланг ҳам бевақт ўлсин. Устида боламлаб ўтир”, деб йиғлаётганига гувоҳмиз. Мана шундай қарғиш олганлар бир куни бир балога учраши аниқ. Чунки дуолар рад қилинмайди. Шу боис, ота-онага лаънат олиб келадиган, гуноҳсиз одамларнинг ўлимига сабаб бўладиган ишлардан сақланайлик. Бу гапларим фақат ҳайдовчиларга эмас, йўлдан ўтадиган пиёдаларга ҳам тегишли. Йўлда бировнинг ҳақига хиёнат ва тажовуз қилишдан сақланайлик.

Кимнингдир айби билан жон таслим қилган аёл қиёматда даъво қилмайди, майиб мажруҳ ҳар лаҳза чеккан азобини ҳақини талаб қилмайди, деб ким кафолат беради? Йўл қоидасини бузиб бир инсонннинг ҳақига хиёнат қилаётган ҳайдовчи тўхта! Аллоҳ ҳузуридаги савол-жавобларга тайёрмисан? Аллоҳни алдаб бўлмайди! Қиёмат кунининг савол-жавобидан қўрқ ва қоидага риоя қил. Сен ҳайвон ёки ёввойи махлуқ эмассан. Инсонсан, мўминсан. Кишилар ҳақидан ва жабридан қўрқ! Аллоҳнинг азобидан қўрқ ва нафсинг устидан ҳоким бўл ва асло йўл қоидасини бузма!!!

Алишер Шермурод ТОҒАЙ,
Чилонзор тумани Тинчлик жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3183   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ