Мақолалар

Ватанни севмоқ иймондандир

Ватан – инсон туғилган гўша, киндик қони тўкилган маскан, у масканда улғаяди, оила қуради, эсдан чиқмайдиган хотиралар унда рўй беради, яқинлар, қариндошлар, ота-боболар барча барчаси инсон учун муқаддас хотиралардир. Зотан, Ватанни севиш инсон табиатини бир бўлагидир. Шунинг учун, ундан узоқлашганда уни қумсайди ва соғинади. Аллоҳ инсонга мана шу табиатни ато этган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетишни хоҳламадилар, фақат Макка мушрикларининг у зотга зулмлари ҳаддан ошгандан сўнгина Роббиларининг изни ва кўрсатмаси билан ундан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллар бўшашиб кетадиган сўзлар айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дея Макка шаҳридан чиқиб кетаётганларида марҳамат қилган экан. (Термизий ривояти).

Ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанларига нисбатан айтган бу гўзал сўзга эътибор қилинг! Ватанни ҳавоси, суви, тупроғи барчаси бамисоли  шифодек. Бежизга доно халқимиз: “Она ернинг тупроғи она сутидан азиз”, деб айтмаган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши бетоблигидан шикоят қилганда бармоқларини муборак сўлаклари билан хўллаб, сўнгра бармоқларини ердаги тупроққа ботириб ўша бетоб одамга бармоқларини суртиб дам солганлар. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

كَانَ إِذَا اشْتَكَى إِنْسَانٌ شَيْئًا أَوْ كَانَتْ بِهِ قَرْحَةٌ أَوْ جُرْحٌ قَالَ النَّبِيُّ  بِإِصْبَعِهِ هَكَذَا ثُمَّ رَفَعَهَا وَقَالَ: بِاسْمِ اللهِ تُرْبَةُ أَرْضِنَا بِرِيقَةِ بَعْضِنَا لِيُشْفَى بِهِ سَقِيمُنَا بِإِذْنِ رَبِّنَا

Қачон бир инсоннинг тоби йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: “Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина (Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг туфургиси ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Роббимиз изни ила”)”, дер эдилар” (Бухорий ривояти).

Инсон ўзи яхши кўрган нарсасини ҳидласа ҳам шифо бўлади. Шунинг учун яхши кўришганлар бир-бирлари билан кўришишлари даво турларидан ҳисобланади. Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом соғинчида кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларини бошларига ташлаганларида кўрмай қолган кўзлари шифо топган.

                   

Ҳудди шунингдек, пайғамбарлар отаси Иброҳим ҳалилуллоҳ ватанлари Маккаи мукаррамa учун дуо қилгандилар:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَـَذَا بَلَداً آمِناً وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُم بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ قَالَ وَمَن كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلاً ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ

“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла...”. (Бақара сураси, 126-оят.)

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари қалбларидан тошиб чиққан муҳаббат эди. Маккага тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидандир. У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади.

Инсон аввал ўзи туғилиб ўсган она заминига муҳаббат ва садоқатли бўлишига Ислом дини ўргатади. Сўнг бутун дунё ва башариятга. Яъни, аввал инсон ўз яқинларига, қариндошларига яхшилик қилишга чақирилади. Кейин атрофини ўраб турган Аллоҳ яратган мавжудотларни ҳаққини адо этиш уларга раҳм қилишга чорлайди. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким ер аҳлига раҳм қилмаса, осмон аҳли раҳм қилмайди”. (Бухорий ривояти). Бу доира кенгайиб бораверади. Хоҳ у инсон бошқа дин вакили бўлсин, албатта унга яхшилик қилишга чақиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким аҳдлашган (аҳли китоб)га зулм қилса, ё унинг тоқатидан ортиқ нарсага буюрса, ё уни рози қилмай ундан бирор бир нарсасини олса мен қиёмат куни уни сўровчиси бўламан”,-деганлар.

Тобора доира катталашиб ҳайвонот, набодот, жамодот оламларининг  ҳар бирига яхшилик қилишга амр этар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло ҳар бир нарса учун яхшилик ёзгандир”, деб айтганлар.

Динимиз ислом ҳар бир ишда Аллоҳга тақво қилишга буюради. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан бирингизнинг Унга тақво ила қилган амалларингизни яхши кўради”,-деб марҳамат қилдилар.

Исломда ватанга муҳаббат бу – “асабият” эмас, яъни инсон ўзини бошқалардан устун қўйиш, адоват қилиш, нафратланиш, бошқаларга ҳийла найранг ўтказиш дегани эмас. Худди шунингдек, тафриқа ёки тарафкашлик дегани ҳам эмас. Балки туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир.

Демак, мусулмон киши ватанини севади. Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, ҳурсанд бўлса ҳурсанд, ҳафалик етса қайғуради. Инсон Ватан менга нима берди, деб эмас, балки мен ватанимга нима қилдим, деган олий туйғу билан яшамоғи лозим. Зеро, авлиёлар пешвоси Иброҳим ибн Адҳам “Мен йўқотган нарсаларим ичида энг қадри баланди – бу ватанимдан айро яшаганимдир”, деган эканлар.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз Ватан муҳаббати ва унга садоқат маъноларини ўз рубоийларида қуйидагича гўзал ифода қилганлар:

Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмуш,

 Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмуш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмуш.

Эй, Аллоҳим! Азиз ва мўътабар ватанимиз – жонажон Ўзбекистонни ўзинг бунданда фаровон қилгин, осмонини мусаффо айла, халқимизни тинчлиги ва бахтини зиёда қил.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
 “Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

19153 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Яхшиликнинг мукофоти яхшилик Улуғ неъмат... »

Мақолалар

Top