Мақолалар

Тасбеҳ намози: Қийинчилик ва ғам-ғуссаларга даво бўлувчи намоз

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасини турли мусибатлар билан синаб, имтиҳон қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер..” (Бақара сураси, 155-оят).

Ҳозирги кунда бутун дунё халқи бошида бўлиб турган синов ҳам Аллоҳ таолонинг синови эканига иқрор бўлишимиз керак. Куни кеча Муҳтарам Президентимиз “ бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз”. – деб таъкидладилар.

Албатта бу синов кунларда аввалги ҳолатимиздан кўра янада кўпроқ солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳдан гуноҳларимизни кечиришини сўрашимиз керак. Зеро, нажот фақат ва фақат Аллоҳга қайтишдадир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган ибодат бу тасбеҳ намозидир.  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга бундай дедилар: “Эй Аббос! Эй амакигинам! Сенга ато этайми? Сенга инъом қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, махфийсинию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракат намоз ўқишдир. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсан. Биринчи ракатда қироатдан кейин, тик турган ҳолингда: Субҳааналлоҳ, валҳамду лиллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳу валлоҳу акбар деб ўн беш марта айтасан. Сўнг руку қиласан ва рукуда турган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнгра бошингни рукудан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва сажда қилган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, шуни яна ўн марта айтасан. Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), шуни яна ўн марта айтасан. Ана шу бир ракатда етмиш бештадир. Тўрт ракатда ҳам шундай қиласан. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шундай қил. (Ҳар куни шундай) қила олмасанг, ҳар жумада бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта ўқи. Агар буни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта ўқи (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ибн Абу Сайф Яманий “Ал-ламъа фии рағоиби йавмил жумуъа” китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради: “Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракатда Фотиҳадан кейин Такасурни ўқийди, иккинчисида Вал-асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди”.

Абу Усмон Хайрий Зоҳид: Қийинчиликлар ва ғам-ғуссалар учун тасбеҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим, деган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Аллоҳ тасбеҳ намозини ўқиган банданинг билиб-билмай қилинган, каттаю кичик, ошкору махфий гуноҳларини мағфират қилади.
  2. Тасбеҳ намозини ўқиган одам ўнта хислатга эга бўлади.
  3. Тасбеҳ намози юқоридаги баён қилинган тартибда ўқилади.
  4. Киши тасбеҳ намозини ҳар куни ўқий олса, жуда яхши. Агар ўқий олмаса, уни ҳар жумада бир марта, уни ҳам қила олмаса, ҳар ойда бир марта, уни ҳам қила олмаса, ҳар йили бир марта, уни ҳам қила олмаса, умрида бир марта ўқиса ҳам бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг

Ҳадис ва Ҳаёт китоби асосида Тошкент шаҳар “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом ноиби Довудхон УБАЙДУЛЛАЕВ тайёрлади

 

5529 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top