Мақолалар

Долзарб саволга тезкор жавоб. Карантинда аёл-қизлар билан жамоат бўлиб, пешин ўқиш жоизми? Таровеҳ намози-чи?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

“Карантин ҳолатида жума куни оила аъзолари билан пешинни жамоат бўлиб ўқиш мумкин. Ҳозирда масжидларимиз карантин сабабли ёпилгани учун жума намозининг ўрнига уйда пешин намози ўқилмоқда.

Аммо, жума намози масжидларда ўқилган вақтларда узрли ва узрсиз кишиларнинг уйда пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир. Чунки, бунда жуманинг жамоатини камайтириш ва буйруққа қарши йўл тутиш бор.
Карантин ҳолатида эса аҳли аёли ва фарзандлари билан пешинни жамоат бўлиб ўқишда жуманинг жамоатини камайтириш ҳам, буйруққа қарши йўл тутиш ҳам юз бермайди. Зеро, мўмин-мусулмонларнинг жонини омон сақлаш учун карантин эълон қилинган ва шу сабаб жума намозининг ўрнига пешин намози ўқилмоқда.

Шу ўринда Таровеҳ намозига ҳам изоҳ бериб ўтиш жоиз, ортиқча тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун. Таровеҳ намозини карантин вақтида масжидда адо қилиш имконияти бўлмагани боис, уйда ёлғиз адо этиш ҳам жоиз. Лекин хонадон аҳли билан жамоат бўлиб адо қилиш афзалдир. Таровеҳ намозида ҳам имомдан ташқари бир киши бўлса, жамоат билан адо қилинган бўлади”.

Сайёра Шоева, ЎзА

2736 марта ўқилди

Мақолалар

Top