Мақолалар

Ал-Азҳар халқаро электрон фатво марказининг коронавирусга оид ФАТВОЛАРИ

 

  1. Коронавирус сабабидан ўлган киши шаҳидми?

Ал-азҳар халқаро электрон фатво марказининг таъкидлашича, коронавирус сабабидан вафот этган киши шаҳид мақомида бўлади ва унга шаҳидлар ажри берилади. Дунё ҳукмлари борасида унга барча мусулмон маййитларга татбиқ қилинадиган ғусл, кафанлаш, жаноза намози каби ҳукмлар жорий қилинади. Бунинг далили Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари: “Шаҳидлар бешта: тоъун (ўлат)дан ўлган, қорин оғриғи (ички касаллик) билан ўлган, чўкиб ўлган, том босиб ўлган, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар”. Бир ривоятда, тоъун (вабо)да ўлган шаҳиддир, деганлар.

Ана шулардан келиб чиқиб коронавирусдан ўлганлар ҳам тоъун (ўлат) дан ўлганлар қаторида ҳисобланади.

  1. Коронавирусдан сақланиш учун тақилган ниқоб билан намоз ўқишнинг ҳукми.

Ислом тадқиқотлари маркази ҳузуридаги фатво ҳайъати мусулмонларга коронавирус тарқалиши ёки юқишидан эҳтиёт бўлиш сабабли тақиб оладиган ниқобларда намоз ўқишни зарари йўқлигини қайд этган.

  1. Масжидларда намоз ўқишни тўхтатишнинг ҳукми.

Миср фатво уйи (Дорул ифто) Азҳар шайхи ва Миср вақф вазирининг янги турдаги коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида, икки ҳафта мобайнида, Республиканинг барча ҳудудларида жамоат ва жума намозларини адо этишни тўхтатиб, азон айтиш билан кифояланиш қарорларини маъқуллашини эълон қилди.

  1. Спирт билан дезинфекция қилинган масжидда намоз ўқишнинг ҳукми.

Азҳар фатво маркази: спирт – гидрооксид бирикмаси бўлган углерод ва водород зарраларидан иборат химиявий мураккаб элемент.

Химикларга кўра ҳар қандай спирт деб аталувчи моддалар ҳам маст қилувчи бўлавермайди. Маст қилмайдиган спиртнинг сифатлари маст қиладигани каби бўлмагани ва ўзгариш содир бўлгани учун у пок ҳисобланади. Шунинг учун у билан баданни ва турли юзаларни дезинфекциялаш мумкин бўлаверади. Шу сабабли баданга ёки намоз жойига бундай спирт теккандан сўнг намоз ўқиш жоиз.

Аммо, таркиби ва маст қилиши жиҳатидан аввалги ҳолида бўлган спиртнинг ҳукми эса уламолар ўртасида ихтилофли масала бўлиб, унинг ҳукми ихтиёр қилинган қавлга кўра покдир. Марказга кўра спиртни тиббий томондан тозалашда ишлатиш мумкин ва у билан турли юзаларни, жамоат жойларини ва масжидларни тозалашнинг зарари йўқ. Кийими, бадани ёки жойнамозига спирт теккан одамнинг намози дуруст бўлади.

  1. Коронавирус сабабли жума намозини уйда ўқишлик ҳукми.

Азҳарнинг халқаро электрон фатволар марказига кўра уйда жамоат бўлиб, хутбалари билан икки ракъат ўқилган жума намози адо топмайди. Ҳаттоки намозхонлар сони кўп бўлса ҳам тўғри бўлмайди. Уйда хутбасиз тўрт ракъатдан иборат жамоат бўлиб ёки якка-якка ҳолда пешин ўқилади. Киши эркак ва аёллардан иборат ўз аҳлига имом бўлиб, жамоат ҳолда адо этиши мустаҳабдир.

  1. Коронавирус сабабидан жума намозини ўқимасликнинг ҳукми.

“Фатво уйи” қуйидагича жавоб берди: жамоат ва ҳаттоки жума намозларини тарк қилишга сабаб бўладиган қатор омиллар мавжуд бўлиб, кучли жала, инсонга заҳмат етказадиган лойгарчилик, масжид йўлини кўриб бўлмас даражадаги қоронғулик каби умумий ҳамда касаллик, жонига, молига, аҳлига хатар бўлиши каби хусусий омиллар шулар жумласидандир. Шунингдек, бадбўй нарса истеъмол қилиш, кучли мудроқ босиши ва шуларга ўхшаш ҳолатлар ҳам жумъа намозига ҳозир бўлишдан тўсади.

  1. Коронавирус сабаб рўза тутмасликнинг ҳукми.

Азҳарнинг халқаро электрон фатволар маркази шифокорлар янги турдаги коронавирусни олдини олишга қаратилган чоралар сифатида инсоннинг оғзи кун бўйи нам ҳолда туришлиги зарур деган тавсия берганда Рамазон рўзасини тутиш ҳукми бўйича саволга фейсбук ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали жавоб берди.

Унда келтирилишича, агар касалликка чалинмаган бўлса, мусулмонга Рамазон ойида оғиз очиш мумкин эмас. Лекин шунга қарамай шифокорлар рўза коронавирусга чалиниш ва у орқали ҳалок бўлиш хавфини кучайтиради деган тақдирда ва бу нарса илмий жиҳатдан ўз тасдиғини топганда, рўза тутмаслик мумкин бўлади. Бироқ бу нарса ҳозиргача илмий тасдиғини топган эмас.

  1. Коронавирус пандемияси давом этган тақдирда таровиҳ намозларининг ҳукми.

Машҳур Ислом даъватчиси Мабрук Атийяга кўра таровиҳ намозларини уйда адо этиш масжидларда адо этишдан афзалдир. Чунки таровиҳнинг ҳукми суннат бўлиб, суннатларни уйда адо этиш масжидда адо этишдан яхшироқдир. Олимнинг таъкидлашича, йиғилиш мусулмонларга зарар етишига сабаб бўладиган бўлса, намоз учун йиғилмаслик керак. Коронавирус сабабли масжидлар фарз намозлари учун ёпилган бир пайтда суннат намозлар учун очилмаслиги ўз-ўзидан тушунарли.

  1. Коронавирусга қарши дуо учун тўпланишларнинг ҳукми.

“Миср фатво уйи” ҳозирда фуқароларни коронавирус тарқалмаслиги учун ҳар қандай тўпланишга чорлашдан огоҳлантирди.

Фуқароларни кўчада ёки бошқа бирор жойда ҳар қандай мақсадда ва ҳар қандай сабаб билан тўпланишга бўлган барча чақириқлар шаръан ҳаром ва бузғунчиликдир. Ушбу чора-тадбирларга амал қилмаган ҳар бир шахс шаръан гуноҳкордир.

  1. Вирус юқишидан қўрқиб курсига ўтириб намоз ўқиш ҳукми.

Шайх Уъвайда Усмон (дорул ифто бош котиби): коронавирус юқишидан қўрқиб курсига ўтириб намоз ўқиш мумкин эмас. Мусулмон киши учун зарур эҳтиёт чораларини кўришгина вожиб бўлади.

  1. Масжид ёпилганда унинг ташқарисида жума намозини ўқиш ҳукми.

Масжид ёнида ё майдонларда ёки биноларнинг томида ёки ёпилган масжид ичида камчилик кириб олиб, устиларидан қулфлаб жума ёки бошқа жамоат намозларини адо этиб, масжидларда жамоат ва жума намозларини адо этмаслик қарорига амал қилмаслик ҳеч кимга жоиз эмас.

  1. Уйда телевизор ёки радио орқали намойиш қилинаётган намоздаги имомга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоизми?

 Телевизор ёки радио орқали намойиш қилинаётган жума ёки бошқа намозга иқтидо қилиб намоз ўқиш ҳеч ким учун жоиз эмас.

  1. Фақирларнинг эҳтиёжи сабаб закотни ўз вақтидан олдин чиқариш ҳукми.

Миср фатво уйи: закот аслида ўз вақтида чиқарилади. Камбағал ёки бирор шунга ҳақли бўлган муҳтожнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб бир ёки бир неча йилнинг закотини аввалдан чиқариш мумкин, бунга ҳеч қандай шаръий монеълик йўқ.

  1. Касаллик ва вабони истеҳзо қилиш ва уни менсимаслик.

 Азҳар маркази фейсбук орқали: масхара ва истеҳзо шариат қайтарган ишлардан бўлиб, бало, офат ва мусибатлар вақтида инсонлардан бу каби қилиқларнинг содир этилиши тўғри эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирликларининг ушбу вабо вақтида эҳтиёт ва профилактик чоралари сифатида баён қилаётган йўл-қўриқлари масхара қиладиган, диндаги бидъат ёки носоғлом ақл билан қилинаётган ишлар эмас. Аксинча, динимиз 1400 йил аввал бу каби ишга бизни чорлаган. Жумладан, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор ерда вабо чиққанини эшитсангиз у ерга борманг, агар сиз турган ерда вабо тарқаса у ердан қочиб чиқманг”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

  1. Кийимларга таркибида спирти бўлган моддаларни суриш ва уларда намоз ўқиш.

Бадан ёки кийимга таркибида спирт бўлган моддани тозалаш ё вирус ва бактериялардан ҳимояланиш учун суриб намоз ўқиш жоиз.

  1. Коронавирус билан ўлган маййитни ювишнинг ҳукми.

Одатда вафот этган мусулмон ғусл қилдирилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилади, лекин вабо тарқалган ва медицина маййитни ушлаган тирикларга ўтишини исботлаб турган бир вақтда маййит устидан сув қуйилиб, уни ишқаламасдан бирор чора қилиб сув етказилиши кифоя қилади. Бунда ғассолга касаллик юқмаслиги учун махсус камбинзон кийдириш, хонани дезинфекциялаш каби мутахассислар томонидан бериладиган барча чоралар қўлланиши керак бўлади.

Агар маййит танасидан суюқлик оқиш хавфи бўлса, кафан устидан сув ўтказмайдиган материал билан яхшилаб ўраб қўйилиши шарт. Касалхонадан ювиб, ўраб чиқарилган маййит аҳллари масжиддан бошқа алоҳида жойда жаноза ўқиб, дафн қилишлари мумкин. Унга жанозани жамоатнинг энг кам миқдори бўлган икки киши ўқиса ҳам кифоя. Ҳаттоки ғоибона жаноза ўқилиши ҳам жоиз. Буларнинг бари муқаддас динимизнинг юксак инсонпарварлик мақсадлари билан ҳамоҳанг ҳисобланади. Шунингдек, бунга шариатда эътиборли ҳужжатлар бор. Зеро заруратлар тақиқларни бекор қилади ҳамда зарурат керакли миқдорда эътиборга олинади.

 

4372 марта ўқилди

Мақолалар

Top