Мақолалар

Муносабат: Дилимиз эзгулик ва дуога тўлсин!

 

Аллоҳга беҳисоб шукр, халқимиз яна бир улуғ кун – Қурбон ҳайитини қарши олмоқда. Синов йилда қутлуғ байрамни бироз бошқача нишонлашга мажбурмиз. Негаки, бутун дунёда бўлгани каби юртимизга ҳам пандемия жиддий таҳдид солиб турибди. Аммо бу халқимиз қалбидаги байрам шукуҳи ва тароватини асло сўндира олмайди, эзгу амалларимизга тўсиқ бўлолмайди.
Шу йил 24 июль куни “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йил 31 июлда Қурбон ҳайити байрам сифатида кенг нишонланиши белгиланди.
Ушбу қарорда Дин ишлари бўйича қўмитага давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитини карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналари мос равишда нишонлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Шу муносабат билан жорий йил 25 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти эълон қилинди. Унда таъкидланишича, коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқишганидан сўнг қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишса, янада кўп савобга эга бўлишади.
Ҳайитнинг 3 куни давомида қурбонлик қилиш мумкин. Унинг гўшти учга тақсимланиб, бир қисмини – яқин қариндошларга, яна бир қисмини – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
Шунингдек, бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамларнинг жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонлик, маърака маросимларини ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланиш сўралди. Ҳар ким ўз хонадонида оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганлар руҳи покларига бахшида этиш тавсия этилди.
Имом-хатибларнинг бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларга қувонч, юртимизга файзу барака олиб кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишларини амалга ошириши белгилаб қўйилди.
Азиз ҳамюртлар, буларнинг барчаси сизу бизнинг саломатлигимизни асраш, коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қилинмоқда. Ушбу синовли кунлар тез орада ортда қолади, кейинги ҳайит айёмларини яна жамоат бўлиб нишонлаймиз, иншааллоҳ.
Бу йил эса карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда, улуғ кунларда дуоларни янада кўпайтириб, халқимиз, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлашини кўп-кўп сўрайлик! Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити барчангизга муборак бўлсин!

Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби

2386 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top