Мақолалар

Қурбонликдан мақсад – Аллоҳга бўлган тақвони намоён этиш

Узоқ йиллик тажрибалардан маълумки, юқумли касалликлар кенг тарқалган даврда энг мақбул чора карантин тартибларини жорий қилиш бўлган. Бундан асосий мақсад эса, одамлар ҳаётини сақлаш ва вабо кенг тарқалишини жиловлашдир. Шундай воқеалар Ислом тарихида ҳам, юртимиз ўтмишида кўп кузатилган. Бугунги карантин сабабли ўрнатилган тартиб-қоидалар кишиларга бироз мушкул келсада, аслида бу билан оммавий фалокатнинг олди олинади, инша Аллоҳ.

Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси даврида бутун дунё давлатлари каби юртимизда ҳам касаллик кенг авж олиши муносабати билан карантин чекловлари кучайтирилди. Шунингдек, касаллик занжирини узиш мақсадида, шанба ва якшанба каби дам олиш кунлари фуқароларга “ўзини ўзи яккалаш” каби қатъий чекловлар жорий этилди. Жумладан, Махсус комиссия қарори билан бу йилги Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль жума, шанба ва якшанба, яъни кетма-кет уч кун мана шундай карантин мезонлари ўрнатилиб, бир қатор ҳаракатлар, хусусан, транспорт воситалари ҳаракати чекланди.

Аҳолимиз ҳаётини сақлаш ва саломатлигини асраш йўлида ўрнатилган шундай тартибларни онгли равишда тушунган ҳолда қурбонлик қилишни ният қилган кишилар жонлиқ харид қилиш, сўйдириш, сақлаш ва уни тарқатиш чора-тадбирларини аввалдан кўриб қўйишлари зарур бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, қурбонлик қилишдан мақсад Аллоҳ йўлида қон оқизиб, тақвоимизни намоён қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар... Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!”  (“Ҳаж” сураси, 37-оят).

Демак, қурбонлик қилувчи киши жонлиқ сўйиши билан ўзининг Аллоҳга бўлган тақвосини намоён қилар экан, бу ишни чиройли одоб, ихлос ва эътиқод билан қилиши, бу йўлдаги қийинчиликларга бардош бериши керак бўлади.

Ҳозирги кунда баъзи кишилар “Қурбонлик сўйиш кунлари карантин кучайтирилган кунларга тўғри келиб қолди. Мен қурбонлик қилишга қийналаман. Гўштини қандай тарқатаман, бир қанча фақирлар мени қурбонлик гўштимга қараб турмоқда”, деган сўзлар билан чиқиб, мутасаддиларга турли маломатлар, ҳақоратлар ва нолойиқ сўзлар қилмоқдалар. Аслида улуғ ибодат қилишга ҳозирланган мўмин киши мазкур ибодатни юксак одоб билан вазминлик ила адо этиши талаб этилади. Бундай хатти-ҳаракатлар ибодат савобининг камайишига олиб келади.

Азизлар, ибодатнинг асосий шарти бўлмаган масалалар билан одамлар фикри ҳаёлини чалғитиш, ушбу ибодатнинг чиройли адо этилишига монеълик қиладиган, нуқсонли бўлишига сабаб бўладиган турли гап-сўзларни тарқатишдан сақланайлик. Айниқса, лаънат айтиш мўмин кишига ярашмайдиган одат бўлиши билан бирга, хатарли томони шундаки, лаънат ноўрин айтилган бўлса, айтган кишига қайтади. Шунга кўра, уларга айтилган лаънатлар катта эҳтимол билан айтувчининг ўзига қайтади.

Энг муҳими жонлиқ сўйилиши билан қурбонлик адо бўлади, уни қилган киши вожибнинг уддасидан чиққан бўлади. Қурбонлик гўштини тарқатиш эса мустаҳаб амал бўлиб, унинг масаласи биз ўйлагандан ҳам кўра кенгроқдир. Яъни, гўштни ҳаммасини тарқатиш ҳам, кейинроқ улашиш ҳам, ҳаммасини олиб қолиш ҳам жоиз, тарқатган киши савоб олади, тарқатмаган киши гуноҳкор бўлмайди.

Бунинг устига қурбонлик гўштларини бир икки кун сақлаб туриб ёки учинчи куни, яъни якшанба куни сўйиб, душанба эрталабдан тарқатиш ҳам мумкин. Шунингдек, қурбонлик қилиш бўйича онлайн хизмат кўрсатувларга буюртма қилиш ёки вакил орқали ҳам сўйдириш жоиздир. Хуллас, қурбонлик қиламан, деган киши учун жиддий мушкуллик йўқ.

Тўғри тушуниш керакки, ҳозир дунёни барча бурчакларида аҳвол шундай. Бундай пайтда барчамиздан озгина сабр-тоқат, муроса ва ақл билан иш тутиш талаб қилинади, холос. Ҳеч қандай маломат қилишга ўрин йўқ. Бу қийинчилик кунлар Аллоҳ таолонинг барчамизга синови, шундай кунларда бир ёқадан бош чиқариб, бир-биримизни қўллаб туришимиз керак.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда карантин чекловларининг ўртача йўли танланган. Барча озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар узлуксиз ишламоқда. Кундалик эҳтиёж товарлари тақчиллиги ва нарх-навонинг асоссиз ўсишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.  

Эслатиб ўтамизки, одамлар эҳтиёжманд дўст-биродарлари ёки камхарж қариндош-уруғларига ҳайит кунлари хурсандчилик улашишни истасалар, арафа кунларда ўз хайрияларини улашишлари ва қурбонлик гўштларини агар бундай кишилар сал узоқроқда бўлишса, ҳайитнинг тўртинчи куни етказишни тавсия этамиз.

Ҳозир, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида турибмиз. Бу кунларда қилинган хайру эҳсонларнинг савоби ҳам улкан бўлишидан хабаримиз бор. Ҳар ким ўз атрофидаги муҳтожларга ёрдам берса, уларнинг ҳам кўнглига сурур киради, ҳайит хурсандчилигини ҳис қилишади. Бу ҳақда Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда Ул зот: Муҳтожга махфий қилинганидир, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривоятлари).

Шундай экан, бундай синовли кунларда ҳар биримиз бор имкониятимизни ишга солиб ҳаракат қилсак, барча савобли ишларни мукаммал ва чиройли ҳолатда бажариш насиб этади, инша Аллоҳ.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

2445 марта ўқилди

Мақолалар

Top