Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ (Саккизинчи мавзу)

НАЗМ

 

Олти муъман биҳнинг зикри

 

Олтидур муъманун биҳ, эй мўъмин,

Айтайин барчасин, эшит мендин.

Аввал иймон Худоға келтургил,

ширк черигин замирдин сургил.

Доғи билким, малак эрур мавжуд,

Борчаси абд-у, Тенгридур маъбуд.

Бор учунчи Китоби иқрори,

Тенгри тавфиқ берса, дей бори.

Яна бил анбиёсини барҳақ,

Рўзи охирни доғи бил мундоқ.

Яна билгил Худодин, эй ҳамдам,

Яхшилиқ бўлса, гар ямонлиқ ҳам.

Ушбуларким, борин деди Бобур,

Билгасенким, муфассали иймондур.

Бу муфассалки, мен дедим ҳолий,

Лек филжумла бордур ижмоли,

шарҳи бирла барин баён қилайин,

Билмаган бўлсангиз, аён қилайин.

 

НАСРИЙ БАЁН

*   *   *

Иймон келтириш шарт бўлган олти нарсанинг баёни (Иймоннинг олти шарти)

 

Эй мўъмин! (Эй Аллоҳга ва Унинг Расулига ишонган киши!) Ишониш – иймон келтириш шарт бўлган нарса олтитадир. Мен барчасини айтайин, сен эшит (уқиб ол).

 

Аввал Аллоҳга иймон келтиргин ва ширк лашкарини (Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш фикрларини) замирингдан сидириб ташлагин.

 

Иккинчи, билгинки, фаришталар бордир (ва бу ҳақиқатдир), ҳаммаси  бандадир,  Аллоҳ  эса  маъбуд  –  ягона  ибодат  қилинадиган Зотдир.

 

Учинчи, илоҳий Китобларни иқрор қилмоқ, яъни уларга ишонмоқ шартдир, Аллоҳ ёрдам берса, барчасини батафсил айтайин.

 

Тўртинчи, Аллоҳнинг пайғамбарларини барҳақ деб (ҳеч бирининг орасини ажратмасдан) иймон келтир, яна (бешинчи) охират кунини ҳам шундай ҳақ деб ишон.

 

(Олтинчи),  эй  ҳамдамим,  дўстим,  яна,  ҳар  қандай  яхшилик  ва ёмонлик бўлса, Аллоҳдан деб билгин ва ишонгин. Бобур айтган бу нарсалар (иймони муфассал) иймоннинг муфассали – тафсили, кенг баёнидир.

 

Лекин  мен  ҳозир  айтган  бу  муфассалнинг  –  кенг  тафсилнинг, умуман, ижмоли – қисқа ифодаси бордир.

Мен барчасини шарҳи билан баён қилайин ва билмаган бўлсангиз, аён қилайин, равшан билдирайин.

 

ИЛОВА. Энг қисқа ифодаси – иймоннинг шартлари олтитадир: Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қазо ва қадарга – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканлигига ишонмоқдир («Ал-фиқҳул акбар»).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

1884 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top