— Зиёратгоҳларда жонлиқ сўйса бўлади-ми? Уйдан сўйиб бориб, гўштини пишириб, хомини қўшниларга тарқатса бўлмайди-ми?
— Маълумки, Алллоҳнинг номидан бошқа номга атаб сўйилган жонлиқнинг гўшти ҳаромдир. Зиёратгоҳга бориб, “Фалончи отага”, “Фалон бобога” деб жонлиқ сўйиб, у жойни емакхонага айлантириш ҳолатлари ҳам кўп. Мақбара, зиёратгоҳ жонлиқ сўйиладиган жой эмас. Тўғри, сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа қилиб, савобини кимнингдир руҳига бағишлаш шариатда бор. Аммо унинг учун сўйиладиган жонлиқни айнан ўша жойга олиб бориш шарт эмас. Мазкур жонлиқни уйда сўйиб, гўштини бирорта муҳтожга эҳсон қилиб, савобини бағишласа, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади. Шунча узоқ йўлларни босиб, қанча-қанча харажатлар эвазига гуноҳкор бўлмаслик керак.
Қолаверса, биз зиёрат қилаётган улуғларимизнинг барчалари тақвога, холисликка, суннатга эргашишга чақириб, бидъат-хурофотлардан қайтарган зотлар эди. Уларни эҳтиром қилишни даъво қилсагу, қилаётган амалимиз уларнинг даъволарига мутлақо хилоф бўлса...
Шунинг учун, зиёратгоҳга борганда фақат қабр зиёрат қилинади, у ерда жонлиқ сўйилмайди. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.
Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".
Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.
2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.
4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД