Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Қудрат сифатиға ишоратдур (Ўн тўртинчи мавзу)

НАЗМ

 

(4) Қудрат сифатиға ишоратдур

 

Яна бир васфи Ҳаққа қудратдур,

Анда қудратдуру Анда қувватдур.

Бори ишда, билингки, донодур,

Ҳар не қилмоқта ҳам тавонодур.

Кўз юмуб очқунча қилур мавжуд,

Кўз очиб юмғунча қилур нобуд.

Ҳар не қилмақта қудрати бастур,

Олату восита керакмастур.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

  1. Қудрат сифатига ишорат

 

Ҳақ таъолонинг яна бир васфи қудрат сифатидир. Бутун қудрат ва бутун қувват Ундадир. Билингки, У зот ҳамма нарсани билиши билан бирга ҳамма ишни қилмоққа ҳам қодирдир.

 

Хоҳлаган нарсасини кўз юмиб очгунча бор қилади, кўз юмиб очгунча йўқ қилади. Ҳар  ишни  қилишга  Унинг  қудрати  етарлидир,  Унинг  ишига (бандаларга ўхшаб) сабаб ва воситалар ҳожат эмасдир.

 

ҚУДРАТ  СИФАТИГА  ИЗОҲ.  Қудрат  сифати  азалийдир,  мумкинни  бор ёки йўқ қилмоққа таъсир этади. Аллоҳ Ҳайй, Қодир, Жаббор ва Қаҳҳордир. Мулк ва Малакут (Подшоҳлик) Уникидир. Иззат ва жабарут (улуғлик, буюклик) Унга хосдир. Мутлақ қодирлик, қаҳр ва амр қилмоқ ҳам Унга тегишлидир. Осмонлар ва Ер ҳамда бутун махлуқот Унинг қудрати қўлидадир. Ҳамма нарсага қодир эканлиги ҳар қандай бир сабаб, чора-тадбир, касб-ҳунар йўли билан эмас, У зот ҳар нарсани қилади, нима учун қилгани сўралмайди («Жомиъ ул-мутун»).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

2052 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top