Қишда қор ёғишини томоша қилиш завқли иш. Тўғрими? Ҳамма жой оппоқ қорга бурканади, атроф мусаффо, ҳаво топ-тоза, учиб-учиб тушаётган қор парчаларига қўлингизни тутсангиз, кафтингизга қўниб эриб кетади.
Биз қорни уч ёки тўрт кўринишда тасаввур қиламиз: майда қор. Қор майдалаб ёққанда қаттиқ совуқ бўлади, одамнинг хаёлига осмонда қор тугаб қолаётгандек, ана шу қор охиргисидек туйилади; ўртача қор, бу қор ёққанда ҳаво мўътадил бўлади, суяккача ўтиб кетадиган совуқ бўлмайди; лайлак қор. Бу қор ҳамманинг жону дили. Аммо у узоқ вақт ёғмайди ва ҳаво ҳарорати ҳам ёқимли бўлади; шилта қор. Бу ёмғир аралаш ёғадиган қор. Бунда ҳам ҳаво хийлагина совуқ бўлади.
Демак, билганларимиз шу тўрт хил қор экан. Уларни ҳажмига қараб ажратамиз. Аммо Аллоҳ таолонинг мусаввирлигини қарангки, ушбу қор зарраларининг бирортаси бошқа бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири алоҳида санъат асаридир.
Олимларнинг таъкидлашича, ер юзини буткул қор қопласа ҳам ҳеч бир қор заррасига бошқасига ўхшамайди.
Америкалик тадқиқотчи олим Вильсон Бентлей 50 йил давомида олиб борган кузатишлари натижасида 1985 йил шундай хулосага келди. Қор заррасини суратга туширишни санъат даражасига кўтарган олим умрининг ярмини шу ишга сарф этди.
Ҳар бир қор зарраси осмондан тушган мукаммал санъат асаридир. Ана шу бир дона қор заррасининг ўзиёқ инсон зотига Буюк Яратувчини танишга кифоя қилади. Яъни, Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 11-оят).
Қорнинг мўъжизаси шу билан тугамайди. Ҳар йили қишда тоғларда муз захираси йиғилади. Муз қалин бўлиши учун қор кўп ёғиши керак. Агар тоғлар меъёрида муз захирасини тўплаб ололмаса, ўша йили дарёларнинг суви кам бўлади. Шунингдек, яйловларга ва далаларга ҳам қор кўп ёғса, ўша баҳорда ўт-ўлан мўл бўлади, экин-тикин баракали бўлади.
Аллоҳ таоло муборак Каломида: «У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир» (Анъом сураси, 99-оят), деб марҳамат қилган.
Бундан аён бўладики, қиш фаслининг қаҳратони ва қор-ёмғирлари бизнинг баҳоримизни, ёзимизни, кузимизни сероб қилиш учун экан. Биз эса ана шу ғанимат фаслда Қуръони каримни мутолаа қилайлик, зикрни кўпайтирайлик, амри маъруфлар, наҳйи мункарлар эшитиш учун муҳтарам олимларимизнинг суҳбатига бориб файз олайлик. Дўстларни зиёрат қилиб иймонлашайлик. Зотан, улуғларимизнинг тавсиялари ҳам шу ўзи.
Қуръони каримни қанчалик кўп ўқисак, қалбларимиз шифо топади, кўнглимиз роҳатланади, кўзимиз равшанлашади, хотирамиз мустаҳкам бўлади. Қалб шифо топса, тананинг бошқа аъзолари ҳам соғлом бўлиши машҳур ҳадисда ворид бўлган. Яна бир ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўралди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар (Байҳақий, Абу Нуайм Қузоий ривоят қилган Жалолиддин Суютий бу ривоятни “Жомеул аҳодис”да, Муттақий Ҳиндий “Канзул уммол”да келтирган)
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ѐки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди” (Ибн Қудома. Мухтасару минҳожил қосидин).
Ёғаётган қор парчалари, тунларнинг қуюқлиги биз бандаларга ана шу ҳикматларни эслатиб, ибодатга маҳкам бўлишимизга ундайди.
Фотограф Алексей Клжатов ҳам кўп йиллардан бери қор парчаларининг йирик планли суратларини тасвирга тушириш билан шуғулланади. У доимий равишда ўз расмларини Flickr ресурсига жойлаб келади. “Мен уйимнинг очиқ айвонида LED чироғ билан ёритилган шиша устига тушаётган қор парчаларини суратга оламан. Баъзида эса табиий ёруғлик ҳамда фон сифатида қора толалардан фойдаланаман”, деб ёзади у.
Қуйида Алексей тасвирга олган қор парчаларидан намуналар келтирилди:
ЎМИ матбуот хизмати
«Мусулмон Умматининг Буюк Ғалабага ва Ватан ҳимоясига қўшган ҳиссаси: тарих сабоқлари ва замонавий муаммолар» номли Астрахандаги II Халқаро илмий-диний конференцияда
Диний идорамиз вакили иштирок этди
Халқаро анжуманда Жанубий федерал округ, Кавказ орти ва Яқин хориж диний арбоблари ҳамда давлат ҳокимияти органлари вакиллари, илмий ва эксперт жамоатчилиги, таълим муассасалари, олийгоҳлар ўқитувчилари ва талабалари, Россия ҳарбий қисмининг раҳбарлари, Россия Федерацияси субъектларидан диний ва жамоат арбоблари, анъанавий конфессиялар диний пешволари ва кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Форум Ғалабанинг 80 йиллиги ва “Ватан ҳимоячилари” йили доирасида ўтказилишини инобатга олган ҳолда, унинг иши давомида мусулмон уламоларининг фуқаролик жамиятини жипслашишдаги роли, шунингдек давлатларимиз тараққиётининг муҳим тарихий босқичларида диний арбобларнинг давлат сиёсатига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.
Халқаро форумда маъруза учун сўз берилган Диний идорамиз вакили Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломлари ва дуои-хайрларини ҳурмат билан етказди.
Астрахан давлат университетида талаба ёшлар билан учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби” мавзуларида тўхталиб ўтди.
Турли хил диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат буйруғи, ҳам замон талаби, ҳам давр эҳтиёжи эканлигига эътибор қаратилиб, кенг тушунчалар берилди.
Халқаро конференция доирасида Россия мусулмонлари Марказий Диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида ташриф учун миннатдорлик изҳор этиб, ўзининг энг катта ва илиқ самимий саломларини, энг яхши тилак ва хайрли дуоларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига албатта етказишни бир неча бор таъкидлаб ўтди.
Россия мусулмонлари Марказий Диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратларининг Ўзбекистонга, Бухорога, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача баланд эканлиги кўзларида ёш билан меҳр ила ифода этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ҳам саломлари делегациямиз аъзоси томонидан ҳурмат билан етказилди.
Хизмат сафари давомида конференция иштирокчилари, хорижий меҳмонлар, ватандошларимиз ҳамда маҳаллий фуқаролар ва расмий ташкилотлар масъуллари билан бўлган суҳбатларда делегациямиз вакили томонидан бугунги кундаги мамлакатимиздаги қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиб, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз камолоти, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун беҳисоб даражада ишлар олиб борилаётганлигини ёритиб, бугунги кундаги мамлакатимиздаги ҳамма соҳаларда, айниқса диний соҳада жуда ҳам катта ислоҳотлар, мисли кўрилмаган янгиликлар тўғрисида хабар бериб ўтилди.
Астраханда ўтказилган «Мусулмон Умматининг Буюк Ғалабага ва Ватан ҳимоясига қўшган ҳиссаси: тарих сабоқлари ва замонавий муаммолар» номли II Халқаро илмий-диний конференция Россия Федерациясининг кўплаб марказий, ҳудудий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди.