Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Март, 2026   |   5 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:59
Қуёш
06:19
Пешин
12:34
Аср
16:51
Шом
18:44
Хуфтон
19:57
Bismillah
25 Март, 2026, 5 Шаввол, 1447

Қарзни узмай, кечиктириш – зулм

26.11.2020   3331   2 min.
Қарзни узмай, кечиктириш – зулм

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирдилар: “Бой одамнинг имкони бўла туриб қарзини кечиктириши зулмдир” (Ибн Ҳажар ривояти).

Қарзни қайтаришга қодир бўла туриб, уни пайсалга солиш зулмдир. Ибн Форис раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Берилиши шарт бўлган нарсани бермаслик – ҳаром. Гарчи қарз бойдан олинган бўлса ҳам, уни кечиктириш узр бўлмайди”.

Қарзни олгандан кейин уни вақтида, хушмуомалалик билан қайтариш лозим. Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг энг яхшингиз қарзини гўзал адо этганидир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Қарз берганга энг яхши мукофот мо­лини ўз вақтида қайтариб бериш ҳамда қарздор томонидан унинг ҳақига қилинган дуодир. Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом мендан қирқ минг қарз олдилар. У зотга мол келганида уларни менга қайтариб бердилар ва: “Аллоҳ молинг­га ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар».

Агар қарздор: “Олган қарзимни, албатта, қайтариб бераман”, деб ҳаракат қилса, унга Аллоҳ таоло ёрдамчи бўлади. Аммо нияти ўзгани алдаш, молини еб кетиш бўлса, унинг охири войдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни қайтаришни ният қилса, Аллоҳ уни адо этишда ёрдам қилади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”деб огоҳлантирганлар. Бу ҳадисни ҳар бир қарз олувчи ёдида тутиши керак.

Жуда кўп инсонлар, қарзни истаганларича, зарурат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам олаверишади. Сўнг эсдан чиқариб юборишади. Тўлашни хаёлларига ҳам келти-
ришмайди. Мабодо, баъзисини тўлашса, узоқ муддатдан кейин ҳақдор обдон ялин­гач, қолганини қайтаради. Иш шу да­ражага етадики, гўё қарздор – ҳақдорга, ҳақдор – қарздорга айланади.

Шуни ёдда сақлаш лозимки, Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан бандасининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Фақат қарзни эмас. Бандалар ўртадаги ўзаро ҳақларини бир-бирларидан кечмагунларича, Аллоҳ таоло кечмайди.

Манбалар асосида Бухоро вилояти

Ромитан туманидаги “Мулло Нарзе”

жоме масжиди имом-хатиби

Суннат ФАХРИЕВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

01.04.2025   8650   1 min.
Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар