Илмнинг ҳаммаси дунёдир. Охират эса унга амал қилишдир. Ихлос билан қилинганидан бошқа ҳамма амал беҳудадир.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий
***
Кишининг олим бўлишига Аллоҳ таолодан қўрқмоғи, илмсиз қолишига эса амалига мағрурланиши кифоя қилади.
Масруқ
***
Бадбахтнинг нишонаси беш нарсадир: кўнгли қаттиқ бўлмоқ, кўзи ёшсиз бўлмоқ, бешарм ва беҳаё бўлмоқ, дунёга мойил бўлмоқ, умидсиз бўлмоқ.
Фузайл ибн Иёз
***
Фосиқдан ҳаё тилама, золимдан – вафо.
Алишер Навоий
***
Кўзни аёлларга тикишдан, уларнинг суратларини томоша қилишдан тиймоқ керак. Ақлнинг сўнишига, ҳаё пардасининг йиртилишига ва энг муҳими, ибодатнинг «мазаси» йўқолишига асосий сабаб ана шудир.
Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий
***
Илм, ҳикмат ўргангин, бўлма мағрур,
Мақтанчоқни шармандаси чиқди, кўр.
Маҳмуд Кошғарий
***
Қанчалик гўзал деб ҳисобламанг, аёлни пардоздан кейин томоша килган маъқул.
Аёл адабиётнинг ўта билимдони бўлиши шарт эмас, аммо у нозик дид эгаси бўлиши шарт.
Чжан Чао
***
Кимнинг кўзига фақат ўз яхшиликлари кўринса, у одамлар нафратига мубтало бўлади, агар фақат ўз ёмонликлари кўринса, одамлар нафратидан эмин бўлади.
Маҳфуз Муҳаммад
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёға бошлаганда қуйидаги дуони ўқир эдилар: "Аллоҳумма, инний асалука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа ва хойро маа урсилат биҳ ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ".
"Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман".
Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. "Нега хавотирга тушдингиз?" деб сўрашса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман", дея жавоб берардилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?" дедик. У зот: "Чунки у (ёмғир) ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди", дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Бу иш йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД