Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (21-суннат): Уйқуга ётишдан олдин Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш

 

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётоқларига ётганларида, икки кафтларини бирлаштириб, уларга дам уриб – “Ихлос”, “Фалақ”, “Нас” сураларини қироат қилардилар. Сўнгра икки кафтларини баданларининг қўллари етган жойларига суртардилар. Бошларидан бошлаб, сўнгра юзлари ва кетма-кет бошқа аъзоларига. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи одамлар кечаси тинч ётиш, безовта бўлмаслик учун турли дориларни, тинчлантирувчи воситаларни қабул қилишади. Аммо бу доим ҳам кутилган натижани бермайди. Тинч дам олиш учун турли ёмон хаёлларни миядан чиқариб ташлаш, шайтон васвасасини кетказиш керак. Бунинг учун набавий ҳадисга амал қилинади. Шунда ҳар хил дори-дармонларга ҳожат қолмайди. Зеро, энг зўр даво Қуръон ва ҳадисдир.

Демак, ким кечаси ухлашдан олдин Ихлос, Фалақ, Нос суралари билан бирга Фотиҳа, Исро, Сажда, Таборак, Духон, Кофирун, сураларини (шунингдек, Оятул курсийни) ўқиса, туни осуда ўтади, узуқ-бузуқ хаёллар уни безовта қилмайди, ёмон туш кўрмайди. Албатта, Аллоҳ таоло Қуръонга ошно бандага икки дунёда омонлик беради.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

2634 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top