— Бир ёшли ва уч ёшли фарзандларим бор. Улар асосан қорни билан ухлашади. Уйғоқ пайтларида ҳам қорни билан ётишади. Бу мумкин эмаслигини ўқиганман. Албатта, болаларни тўғри ётқизишга ҳаракат қиламан, лекин барибир шундай ётишяпти. Нима қилсам бўлади?
— Динимиз қорин билан ётишдан қайтаришини фарзандларингизга аста-секин ўргатиб боринг. Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимни кўриб қолдилар. Оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар” (Имом Ибн Можа ривояти).
Қолаверса, бундай ётиш инсон саломатлиги учун ҳам зарар бўлиб, буни дунё мутахассислари илмий исботладилар. Юзтубан ухлашда инсон кўкрак қафаси тўлиқ нафас ололмайди. Бўйин мушаклари мускулга айланиши оқибатида қон томирлари шикастланади. Бел қисмининг эгилиши ички органларга кучли босим ўтказади.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримда савол ва жавоб кўринишида бир нечта оятлар зикр қилинган:
“Сиздан ҳаром ой ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 217-оят);
“Сиздан нимани инфоқ қилишларини сўрайдилар” (Бақара сураси, 219-оят);
“Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 219-оят);
“Сиздан етимлар ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 220-оят);
“Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 222-оят);
“Сиздан фатво сўрайдилар” (Нисо сураси, 176-оят);
“Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар” (Анфол сураси, 1-оят);
«Сиздан: “Бу ҳақми?” деб сўрайдилар» (Юнус сураси, 53-оят);
“Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар” (Исро сураси, 85-оят);
“Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар” (Каҳф сураси, 83-оят);
“Сиздан тоғлар ҳақида сўрайдилар” (Тоҳа сураси, 105-оят);
“Сиздан қиёмат қачон бўлур, деб сўрайдилар” (Назиъаат сураси, 42-оят).
Ушбу саволларга жавоб бериш услуби уч хил кўринишда келади. Энг кўп учрайдиган кўриниш шуки, Аллоҳ таоло саволни зикр қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Қул” (айт) деб амр қилади. Баъзи ўринларда эса жавоб “фа” ҳарфи билан бошланади: “Фа қул”.
Қолган саволлар эса ёрдамчи масалалар бўлгани учун уларда “фа” ҳарфи зикр қилинмаган.
Учинчи кўринишга келсак, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар бандаларим сиздан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман” (Бақара сураси, 186-оят).
Бу ерда “Айт: Мен яқинман” дейилмаган. Бу эса дуо мақомининг улуғлигини кўрсатади. Бунинг бир неча нозик жиҳатлари бор.
Биринчиси: Аллоҳ таоло гўёки: “Эй бандаларим! Бошқа ишларингизда воситачига муҳтож бўласиз. Аммо дуо пайтида Мен билан сизнинг орангизда ҳеч қандай воситачи йўқ”, демоқда.
Иккинчиси: “Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар” деган оятда Аллоҳ таолонинг бандага меҳрибонлиги ва унга яқинлиги ифода этилган.
Учинчиси: Аллоҳ таоло “Бандам Менга яқин” демади, балки “Мен унга яқинман” деди. Банда ўз кучи билан Ҳақ таолога яқин бўла олмайди. Аммо Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз фазли ва раҳмати билан бандасига яқинлашади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Албатта, Мен яқинман”, деб марҳамат қилган.
Тўртинчиси: дуо қилувчининг қалби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан машғул экан, у ҳақиқий маънода Роббига юзлана олмайди. Банда ўз ҳавойи нафси ва шахсий мақсадларидан воз кечиши билан Аллоҳга яқин бўлади. Дуо инсонни Аллоҳга яқинлаштиради. Шу боис дуо ибодатларнинг энг афзалларидан бири ҳисобланади.
Даврон НУРМУҲАММАД