Кўп таҳлил ва мушоҳадаларим асосида айтишим мумкинки, советнинг динсиз мафкураси даврида ислом дини, эътиқод масалаларининг бардавомлигида эшонбоболар, саноқли аҳли илмларнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида ўрин тутиб келган. Қайси бирлари бу йўлда жонини тиккан, яна қай бирлари соғлигини гаровга қўйиб дин учун хизмат қилиб ўтишган. Илоҳий илмни тарқатиш, оммани ахлоқий тарбиясини таъминлашга камарбаста бўлганлар ва бунга эришганлар ҳам. Тасаввур қилинг, бутун бир мамлакат худосиз, мансабга ўтиришининг асосий имтиҳони “дин – афюн, худо йўқ” деган сўзларни такрорлашдан ибрат бўлган. Мамлакатнинг бош мафкураси, матбуоти, таълим-тарбия концепциясида шу таълимот ҳукмрон эди. КГБ, ички ишлар, прокуратура органлари ҳам зўр бериб худосизликни тарғиб қиларди. Мабодо, қаердандир динга тарғибот бўлаётганини билишса, ўша диндорлар қаттиқ жазоланган. Қамоққа ёки сургун азобига дучор бўлганлар. Бу ишлари учун халқ орасидан хуфялар, қулоқлар ёлланган: улар етказган маълумотлари эвазига мукофотлар ва имтиёзларга эга бўлишган. Шу қалтис даврда ҳам имонли, тақводор, асл эшонбобо ва аҳли илмлар бошларини кундага қўйиб бўлса-да, Аллоҳ олдидаги масъулиятини, йўлини топиб бажарганлар. Улар том маънодаги мазлумлар эди. Мазлумнинг дуоси ижобат деган ҳадис бор. Яқиндагина қайсидир бадбахт, Расулимиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёмон фикр билдирди. Оламда мусулмон борки, у қайсидир маконда яшамасин, бу ифлоснинг иддаосига тили билан ҳам дили билан ҳам қаршилик қилди. У пайтлар эса дин афюн деса ҳам худо йўқ деса ҳам Расулуллоҳга хоҳлаган туҳматини қилса ҳам мусулмонлар жим эди. Олий ўқув юртларда, мактабларда атеистик ташвиқот очиқчасига, давлат ҳимояси остида қилинарди. Рамазон ойи бошланиш арафасида бутун матбуот рўзага қарши фаолиятини бошлар, минглаб врачлар рўзанинг инсон соғлигига “зарар” экани ҳақида маърузалар ўқирди. Аллоҳ таоло, динимиз, унинг аҳкомларига ва Пайғамбар алайҳиссаломга кўр-кўрона тош отиб, маломатлар қилишарди. Ким бу нокасларни бу разил ишдан қайтарарди? Ҳеч ким! Ўша пайт маълум маънода уларнинг ташвиқотларига юрганлар, алданганлар, динига мусулмонлилигига бепарво бўлганлар талайгина бўлган. Қама-қамалар, жисмоний ва маънавий таъсир ўтказиш тажрибасини ўз танасида синаб кўрган, калтакланиб, соғлигидан ажралган юртдошларимизни санаб саноғига етиш мушкул. Мана шу мушкулотлар қаршисида иймон ва эътиқод борасида бардам туриб берган қатъиятли инсонлар боис Аллоҳ бизга динимизнинг моҳиятини тўла-тукис берадиган илм ва эътиқодни насиб қилган бўлса не ажаб. Шунинг учун халқимиз уларни қоридодалар, махдумлар, тўралар, махсумлар, хўжалар, саййидлар, эшонбоболар деб эъзозлаб, ҳар доим иззат-икромда, керак пайтда ҳимоясига олиб юришди. Ҳаммаларидан Аллоҳим рози бўлгин!
***
Эшон ва мурид, мурид киму мухлис ким, деган мавзуда отам бот-бот ўзларининг хотираларини сўзлаб берардилар. Ёдимда айтганлари: “Йил оралатиб, қишлоғимизга эшонбоболар келарди. Собиқ шўро сиёсатига соме бўлган кишилар буни "мурид овлаш" деб киноя билан тилга олишган. Эшакка ортилган хуржунда тасбеҳ, исломнинг беш аркони содда ва равон тарзда баён этилган рисолалар ва яна қандайдир ҳадялар бўларди. Бир кун бир кишиникида, иккинчи кун унисиникида, хуллас бир ҳафта турарди. Енгил зиёфат, ўн-йигирма киши йиғилиб ҳозирги тилда айтилганда амри маъруф эшитар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар оларди. Қишлоқ аҳлининг қарғишидан қўрқибми, хуфялар ҳам хабар беришмаган ё фойдаси йўқ дейишганми, ишқилиб тинчликда ўтарди. Мажлис охирида арзимас пулга китоб ё тасбеҳ олардик”.
Ўйлаб қоласан киши, бутун мамлакат динга қарши бўлган замонда, улар бу рисолаларни қандай йўл билан нашр қилган? Уни қўрқмасдан олиб юрган ва тарқатган?. Амри маъруф қилишгани-чи? Ўша даврда оталаримиз жума намозини ўқиш учун вилоят марказига боришган. Саноқли масжид, саноқли одамлар... Маъруза эшитишган, маълум маънода ўзлари учун илм олишган. Аммо аксар, 99 фоиз мусулмон бўлган қишлоқ аҳолиси-чи? Шунинг учун эшонбоболар, қоридодалар, махдумлар, тўралар, махсумлар, хўжа-саййидлар, аҳли илмлар буни идрок қилишган ва ўзлари учун хатарнок бўлса-да Аллоҳ олдидаги мажбуриятларини бажаришган. Гоҳида фикр қиласан киши, ҳозирда интернетда қайсидир ўтган олимнинг сўзини ёки ўзимиз ўқиган нималардандир қўйиб савоб умидида лайкни кутамиз. Лайк сони кўпайса савобга эришаяпман, деб хурсанд бўламиз. Ўша пайтдаги ҳолат билан ҳозиргисини бир таққослайлик-чи? Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари бошларига тўқмоқ бўлиб ёғилиш эҳтимоли бўлган, шуни биламизми? Ўша улуғларимизнинг саъй-ҳаракатлари, дуолари самараси ўлароқ жамиятимизда минглаб қорилар, олимлар, миллионлаб намозхонлар, динини, Аллоҳни ва унинг Расулини севадиган авлод пайдо бўлганини-чи, шуларни ҳис қиламизми?!
Барча-барчаларингиздан розимиз ва Аллоҳни раҳматини сўраймиз. Сизлардан миннатдормиз ва сизлар қилаётган дуоларимиздан баҳраманд бўлаяпсизлар деб умид қиламиз. Шулар қатори ҳазратнинг оталари Темирхон эшон бобонинг ҳам саъй-ҳаракатларидан қанчалаб кишилар баҳраманд бўлиб, иймон ва эътиқод, ҳидоят топиб тўғри йулни танлашган. Бунинг самараси эса динга, халққа, ватанга хизмат қилувчи авлодларни Аллоҳ кўпайтириб берди.
***
Ўша пайтлари каттароқ лавозимда ишлаган бир укамизга ҳазратга бўлган ҳурмат ва эҳтиромим эриш туюлган шекилли: “Дилмурод ака, нима мунча эшонбобо, ҳазрат-ҳазрат деяверасиз, – деб қолди. “Бизга шундай дейиш буюрилган”, деб қўя қолдим. Унга ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ эди.
Аллоҳ раҳмат қилсин, отам умри давомида аҳли илмларни, эшон боболарнинг ҳурмат эҳтиромини қилиб ўтди. Сабабини у киши, динимизга тазйиқлар, диндорларга таъқиблар бўлган кезлари ҳам улар халққа шариат қоидаларини ўргатишдан чекинмадилар, деб изоҳлар эдилар. Ўшалар ёйган илмларнинг барокатидан бизлар, фарзандларимиз, невараларимиз то қиёматга қадар исломда иншааллоҳ собитмиз, дердилар.
Айтингчи ибодат, эътиқод ўлароқ яхшилик мукофоти нима бўлади?. Ахир ҳазратнинг динимизга, мўмин мусулмонларга қилаётган хизматларини кўриб туриб ҳам ҳурматларини жойига қўймасам, эъзозламасам, кимман? Такаббурлик ёмон иллат, бу нарса ҳозирда аксар ёшларимизнинг ҳатти-ҳаракатларида, гап-сўзларида, бирор-бир киши ёки нарсаларга бўлган муносабатида бўртиб, кўриниб қолмоқда. Бугун аҳли илмлар, уламоларни тан олмаган авлод, эртага отасини менсимаслиги мумкин. Сабаби, у зомбига айланиб боради.
Отам раҳматликнинг аҳли илмлар, динимиз, уламоларимизга билдирган эҳтиромини мен ҳам муносиб давом эттириб келяпман, бу – масаланинг бир жиҳати. Яна бир жиҳати: буни фарзандларим, набираларим ҳам бардавом этишларига масъулман.
***
Ҳазрат, ҳар бир ишда янгилик қилиш ва унинг давомий бўлишини истар, йўл ва имкон ахтарар эдилар. У киши муфтий лавозимига тайинланмасларидан олдин, Қуръон мусобақаси ислом билим юртлари талабалари ўртасида, мадраса хоналаридан бирида ўтарди. Ва бу ҳисобот кўринишига ўхшарди. Бир куни ҳазрат мени чақириб, Қуръон мусобақаси каттароқ ва муҳташамроқ, мусобақа бўладиган жой эса чиройли дизайн ва мукаммал сценарий асосида бўлишини ва малакали тасвирчилар, монтаж усталари керак бўлса рассомларни жалб қилиш лозимлигини таъкидлаб, топшириқ бердилар. Бу ишни аъло даражада қилиш мумкин, аммо моддий томондан муаммолар бўлишини айтганимда, ҳазрат бу ёғидан хотиржам бўлишимни уқтириб, иш бошлашимизга фотиҳа бердилар.
Жараён бошланди, шу асно билдимки у киши аввалбошдаёқ бу тадбир учун кетадиган харажат масалаларини тегишли масъулларга тайинлаб қўйган эканлар. Биринчи Қуръон мусобақаси Тошкентдаги “Собитхон ҳожи” масжидида бўлиб ўтди. Тадбир бежирим дизайн асосида жило берилган масжид хонақоҳида, мухлис томошабинлар иштирокида чиройли тарзда ўтди. Тасвирга олиш гуруҳи эса малакали мутахассислардан иборат эди. Ижодий гуруҳнинг ишидан хурсанд бўлган ҳазрат, асрдан кейин олдиларига киришимни сўрадилар. Кирдим. Анчагина пул бериб, “бу ўзимнинг жамғармамдан, ишлаганларга мукофот тариқасида тарқатинг ва менинг ташаккуримни етказинг, дедилар. Бир нарсани эслатишим керак, у пайтларда диний тадбирларда қилинаётган ҳар қандай янгилик қаттиқ цензурадан ўтарди. Масалан, интернетда идора сайтига бирор янгилик ёки хабар қўймоқчи бўлсак, икки-уч жой кўригидан ўтказиб, сўнг эълон қилардик. “Ахборотнинг тезкорлиги қаерда қоларди, идоранинг имиджи, нуфузи” деган масалалар уларни зиғирчалик қизиқтирмасди. Қуръон мусобақасини чиройли тарзда ўтказишда ҳам баъзи инсонлар, ташкилотлар хуфялари ё укахонлари томонидан огоҳлантирилганини мен ҳам, ҳазрат ҳам билардик. Иш манфий томонга ўзгариши ҳам мумкин эди. Аммо ҳазрат тап тортмасдан ўтказди. Нима қилдилар, кимга нима дедилар, тўғриси менга қоронғу. Фақат, Ўзбекистоннинг юз йиллик тарихида мисли кўрилмаган мана шу тадбир амалга ошди. Шу-шу Қуръон мусобақаси дабдаба, ўзига хос, чет элдаги мусобақалар кўринишида давом этаверди
***
Ҳазрат, бир куни мени ҳузурларига чорлаб: “Дилмурод, медиа марказ очамиз. Идора учун зарур. Имомларимизни маърузаларини, ўтган уламоларимиз ҳақида филъмлар, "Муслим.уз" сайтимиз учун видео ролик, материаллар тайёрлайсизлар. Сарф-харажатларини Рустам билан ҳисоблаб чиқинглар; хоналар ажратсин; малакали тележурналистлар, шу соҳанинг билимдонларини топиб, шартнома тузиб, менга ҳисоботини беринглар, – деб тайинладилар.
Бу ажойиб таклиф ва имконият эди. Мана-ман, деган вазирликлар бюджетида хоҳлаганича моддий таъминоти мавжуд, аммо бу каби на режаси ва на лойиҳаси бор. Ташаккур сизга ҳазрат! Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Дин ташвишидаги бу ишларингиз мақбул бўлсин!
Ҳазрат тайинлаган ҳамма ишлар тез ва қисқа муддатда бажарилди. Ижодий гуруҳ учун хоналар, телемаҳсулотларнинг олди бўлган камералар, чироқлар, монтаж хоналар – барча-барчаси мукаммал қўйилди. Файзулохон бошчилигидаги тасвирчи, режиссёр ва монтаж усталари жам бўлишган бўлса, Илҳом Жуманов атрофида моҳир журналистлар йиғилишган эди. Бу ижодий гуруҳ билан анчагина ишлар қилинди. Аммо яна эски ўйин: қайсидир идоранинг қайсидир амалдорига бу ишлар хуш ёқмади. Нимаси ёқмади, бизга номаълум, эҳтимол ҳадемай махсус телеканал очишимиздан чўчишгандир, қайдам. Ҳар нима бўлганда ҳам ишлагани қўйишмади. Бу сафар ҳазратнинг аралашувлари ҳам ёрдам бермади. Тепароқдан акс-садо бўлган бўлса керак. Анчагина ўзимга келолмай юрдим. Ҳазрат хоналарига чақириб: “Хафа бўлманг, ҳаракат ва амалларни қилдик. Аллоҳ таоло билиб турибди. Улар билан тортишиш, баҳслашиш умуман бефойда. Кези келганида ўзлари жавоб беришади, дея мени юпатган бўлдилар-у, бироқ ўзлари ҳам тараққиёт йўлига ғов бўлганлардан ниҳоятда зада бўлганликларини, озорланганликларини юз ва кўзларидаги маъюс ҳолат ифода этиб турарди.
(давоми бор)
Дилмурод Қўшоқов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.
Саид ибн Имрон розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Тўрт халифаи рошидин розияллоҳу анҳум “тўғри бўлган зотлар...”нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар.
Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу: “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобалардан оятдаги “тўғри бўлган зотлар...” кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки иймон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.
Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз!”.
Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда “Роббимиз – Аллоҳ” дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар».
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илм-фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.
Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: “Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар” (Ёсин сураси, 55-оят).
Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!” дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).
Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.
Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари “Роббимиз – Аллоҳ” деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун “(Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.