Ҳозирги кунда Ислом динида учрайдиган баъзи бир сўзларни (терминларни) нотўғри талқин қилиш ҳисобига турли тушунмовчиликлар, бесабаб фитналар зуҳур бўлиб турмоқда. Мусулмонлар ўртасида фасод ишлар кўпаймоқда. Бу каби қабиҳликка ва гуноҳга олиб келадиган амаллардан сақланиш учун Исломий терминларнинг баъзи бирлари билан танишиб чиқишни ва бунга доир Аҳли сунна вал жамоаэътиқодини билиб олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Ҳижрат
Бу сўз араб тилида бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш маъносини англатади. Исломий истилоҳда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаган ва Ислом динига иймон келтирган кишиларнинг Ҳабашистонга, кейин эса Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида ҳижрат қилинишига сабаб У зот бошчилигидаги мусулмонларнинг ўз юртларида сиғмай, аниқроғи, иймон эътиқодлари ва ҳаётлари хавф-хатарга тушиб, ҳалок бўлиш эҳтимоли кучайгач, мажбурликдан чиқиб кетишлари эди.
Олимларимиз саҳиҳ ҳадисларга суянган ҳолда ҳижратни иккига бўлишади. Биринчиси – юқорида айтилганидек дин ва ҳаётни қутқариб қолиш учун бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш. Иккинчиси –гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган (ҳижрат қилган) инсон ҳақиқий муҳожирдир”. Бошқа ҳадисда Имом Байҳақий ривоят қилиб айтадилар: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”.
Бугунги кунда баъзи ғаламислар ва мутаассиб кишилар бонг ураётган ҳижрат тушунчаси (термини) мутлақ бошқа маъноларни билдирмоқда. Улар оятлар ва ҳадисларни замон ва макон ҳолатидан келиб чиқмасдан, ўзларича, турли фатволар ва ҳукмларни эълон қилмоқдалар. Хусусан, илм-маърифат олиш учун имкониятлар тўла яратилиб қўйилган, намоз, рўза, ҳаж ва бошқа Ислом арконларини бажариш учун барча имкониятлар муҳайё қилиб қўйилган ўлкани тарк этишни фарз даражасига чиқариб, ўз юртларидан “ҳижрат қилишга” даъват этмоқдалар. Бегона юртларда сарсон бўлиб, қурол ишлатишни, зўравонлик қилишни ўргатмоқдалар.
Ҳанафий мазҳаби олимлари ғаламис ва мутаассиб кишиларнинг сўзига қуйидаги хабарлар билан раддия берадилар:
Ал-Фоқиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида шундай ёзади: “Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғирлашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб борилганида, ўғри ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи эканлигини айтиб оқланмоқчи бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ишини қоралаб, Маккага қайтишлигини ва ўз юртида муқим яшашни буюрадилар. Ва қўшимча қилиб: “Ҳижрат тўхтатилди” дея таъкидлайдилар.
Абдулло ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим” – дейди. У киши эса: “Ота-онангни олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин” – деб жавоб бердилар.
Демак, “ҳижрат” калимаси баъзи кимсалар талқин қилганидек, ўз юртини ташлаб, ўзга юртда мўъминлик қилиш эмас экан. Балки ўз юртида туриб, ибодатларни мукаммал бажариш, гуноҳу маъсиятлардан сақланиш ҳақиқий мўъминлик бўлар экан.
Шаҳидлик
“Шаҳид” калимаси Аллоҳ таолонинг исми сифатларидан бири бўлиб, “Ҳар доим ҳозир бўлувчи зот” маъносида келади. Умумий лафзда эса Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган кишига айтилади. Бу лафз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган хабарларга кўра икки турга бўлинган:
Биринчиси – ҳақиқий шаҳидлик. У Аллоҳ йўлида вафот этган, ҳалок бўлган шахсдир. Бу даражадаги мусулмон киши вафот этганидан кейин қабр азобидан омонда қолади. Қиёмат кунида барча гуноҳари кечирилиб, тўғри жаннатга киради.
Иккинчиси – ҳукмий шаҳидлик. Ҳадисларда келганидек, бунга ғайритабиий йўл билан ҳалок бўлган мусулмон кишилар киради. Мисол учун, биров томонидан ёки ҳайвон томонидан ўлдирилган, том босган, табиий офат, турли касаллик, заҳарланиш, Ҳаж вақтида, сувда чўкиб ва ҳоказо ҳолатларда вафот этган кишиларга “ҳукмий” шаҳид дейилади. Шунингдек, Ҳанафий олимларизулм кўриб вафот этган, йўл тўсар қўлидан ёки қотиллар қўлидан вафот этган мусулмонларни ҳам ҳукмий шаҳидга киритганлар.
Лекин, ҳозирги кунда, интернет сайтларида портловчи мосламаларни кийиб, тинч аҳоли ўртасига кириб ўзини портлатаётганларни ҳам шаҳид мақомига кўтараётган “олимлар фатвоси”га дуч келишингиз мумкин. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги ғазотлардан мисол келтириб, нотўғри ҳукмларни чиқараётганлигига гувоҳ бўласиз. Улардан бири Барро ибн Моликнинг Ҳанифа ғазотида қамал қилинган қалъада “Мени кўтариб ичкарига отинглар, эшикни очаман” – дея саҳобаларга айтган сўзларини ҳужжат сифатида келтиришади. Барро ибн Моликнинг бу иши хатарли эди, лекин шунга қарамасдан унинг тирик қолишига юздан эллик фоиз имконият ҳам бор эди. Бироқ ўзига портловчи мосламани кийиб, уруш эмас, балки тинч аҳоли ўртасига кириб ўзини портлатишда тирик қолиш учун бирон фоиз ҳам имконият йўқ-ку?!
Уларнинг бошқа далили Абу Айюб Ансорийнинг разияллоҳу анҳу сўзларидир. Мусулмон киши жанг пайтида душман сафига тушиб қолиб, шаҳид бўлишлик ҳақида айтганларини ҳужжат сифатида келтиришади. Бу ҳужжат ҳам ўзини тинч аҳоли ўртасига олиб кириб, портлатиш учун асос бўлмайди. Сабаби, киши душман сафига кирса душман томонидан ўлдирилинади. Ўзининг тиғидан ўлса шаҳид бўлмайди. Ундан кейин душман билан урушда юзма-юз келинади. Одамлар дам олиб ўтирган, тижорат ва бошқа мақсадда юрган жойлар уруш жойлари ҳисобланмайди.
Ўзини мусулмонлар ва ғайримусулмонлар ичига отиб, портлатиш Қуръон ва Сунна ҳужжатларига мувофиқ ўша кимса гуноҳкор бўлади ва абадий дўзах оловида ёнади. Бу кимса “ўз жонига суиқаст қилган” ҳамда бошқаларнинг ҳаётига бесабаб зарар берган ҳукмида бўлади. Бунинг далили сифатида “Нисо” сурасининг 93 оятини келтирамиз: “Ким қастдан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг азоби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта, жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”. Бошқа ҳадисда Абу Ҳурайрадан разияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким ўзини тоғдан ташласа ва ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Кимки заҳар ичиб, ўзига суиқаст қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичиб абадий, доимий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига уриб абадий, доимий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз жонига қаст қилишни қоралаб ҳаётни қадрига етишни улуғ санадилар. Бу каби ҳатти ҳаракатлардан қайтариш мақсадида ўз жонига қаст қилганларни жанозасини ўқимадилар.
Жиҳод
“Жиҳод” араб тилидан таржима қилинганда ғайрат қилиш, ҳаракат қилиш, зўр бериш, интилиш маъноларида келади. Истилоҳда эса, дастлаб, Ислом динини ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш олиб бориш тушунилган. Имом Роғиб раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Жиҳод – душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан ғайрат қилишидир”.
Жиҳод калимаси луғатда кенг маъноларни ўз ичига олганлиги боис амалда ҳам кўп турларга бўлинди. Исломга даъват қилиш, ота-онага хизмат қилиш, нафсни тарбия қилиш, душманга қарши туриш ва ҳоказо. Аллома Ибн Рушд ўзининг “Муқаддамот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашиш. Ибн Рушд Қуръони каримнинг “Тавба” сураси 73 оятини яъни, “Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод эълон қилинг” оятини тафсир қила туриб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга қарши туриб, уларни жисмонан йўқ қилишга интилганларга нисбатан қилич билан, мунофиқларга нисбатан тил билан жиҳод олиб борганлар, дейди.
Ислом даъватининг аввалги марҳаласи яъни, ҳижратдан олдинги давр, Макка даврини эслайлик. Исломга қарши турган кучлар мусулмонларни танлаган йўлидан, эътиқодидан қайтариш мақсадида турли воситаларни ишга солишган. Зулму ситам, азобу уқубатни барча кўриишидан фойдаланишган. Шу қийинчиликларга қарамасдан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни сабрга даъват этардилар. Уруш қилишдан қайтарар эдилар. Қуръонни яхшилаб ўқиган олим кишилар айтадиларки, 70 дан ортиқ оятда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳод қилишдан қайтарилганлар. Ҳатто, ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши курашишга рухсат бўлмаган. Маккада нозил бўлган қуйидаги оят сўзимизнинг тасдиғидир:
“Парвардигорингиз йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!” (Наҳл сураси 125-оят).
Кейинчалик мусулмонлар жамияти шаклланиб, ўз ватанларидан қувилганларидан сўнг, душман томонидан қилинган ҳужум оқибатида йўқ бўлиб кетиш хавфи туғилганда Аллоҳ таоло уруш қилишга, ҳимояланишга рухсат берди:
“Ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлиги сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир” (Ҳаж сураси, 39-оят).
Демак, кофирларга қарши жиҳод қилиш тил билан бошланган ва 13 йил давом этган. Ислом дини ва мусулмонлар умуман йўқ бўлиб кетиш хавфи туғилгач, қилич билан жиҳод қилиш рухсати берилган.
Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотлари моҳиятини ўрганиб чиққан олимларимиз икки ғояни илгари суришади: биринчиси – қарши курашларга жавоб бериш учун мудофаа жанглари ва иккинчиси – душман томонидан кутиладиган тажовузнинг олдинини олиш мақсадида қилинган ҳарбий тадбирлар.Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозим-ки, ғазотлар ва жанглар доимо уруш майдонларида олиб борилган. Душман тўхташни истаса уруш тўхтатилган. Қўлида қуроли йўқ кимсага қарши қурол кўтарилмаган. Аёллар, болалар ва қари кишиларга умуман озор берилмаган. Бу каби олий даражада ахлоқ ва одоб билан уруш қилиш фақат ҳақиқий мусулмонлар томонидан содир бўлганлигига тарих гувоҳдир.
Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳудудни кенгайтириш, Ислом давлатини қуриш мақсадида жанг қилмаганлар. Агар шундоқ бўлганида эди, Маккада яшаб турганларида давлат қуриш учун ҳаракатга ва урушга тайёргарлик кўрар эдилар. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишдан ўзларини сақладилар. Мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, уни ҳимояси учун жиҳодга чиқдилар. Демак, жиҳод – ҳеч қачон ҳукумат барпо қилиш ёки йўқ жойдан қўзғолон кўтариш учун жорий этилмаган.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи “Ал Манҳаж фи аввали китоб ал-жиҳад” номли асарида жиҳоднинг ассосий мазмуни бу – яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш, деб келтиради.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинким, Ислом дини – ҳақиқат ва охират динидир. Душманлар ҳақиқатни ташқи томондан бузишга кўп уринишди. Лекин уддасидан чиқа олишмади. Эндиги навбат эса ҳақиқатни ичидан бузишга ҳаракат кетмоқда. Исломий терминларнинг бузиб талқин қилиниши ўша ичкаридан бузишнинг бир усулидир. Агар мусулмонлар бу терминларни ҳам соф ҳолда тушунсалар, душманнинг ички зарбаларидан ҳам омонда қоладилар. Қалблари тинчлик ва осойишталикда қолади, Иншааллоҳ.
Бухоро шаҳар “Мавлоно шамсиддин Маҳбубий”
жомеъ масжиди имом-хатиби Манзитов Бахтиёр
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим зали марказида VII асрга мансуб қадимий Қуръон қўлёзмаси — Усмон Мусҳафи намойиш этилмоқда. Аммо бу нодир қўлёзманинг бугунги манзилига етиб келгунига қадар босиб ўтган йўли қарийб ўн тўрт асрлик Қуръон китобати тарихи, Самарқанд, Санкт-Петербург, Уфа ва Тошкент билан боғлиқ мураккаб тарихий жараёнларни қамраб олади. Бу тарихни англаш учун аввало Қуръони каримнинг илк бор Мусҳаф шаклида жамланиш жараёнига назар ташлаш, хабар бермоқда iccu.uz.
VII аср: Қуръоннинг Мусҳаф шаклида жамланиши
Қуръони каримнинг Мусҳаф шаклида жамланиши икки муҳим босқичда амалга ошган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Қуръон оятлари саҳобалар томонидан ёд олиниб, ваҳий котиблари томонидан турли ёзув материалларига қайд этилган. Бироқ улар ҳали ягона Мусҳаф ҳолида жамланмаган эди.
Пайғамбар вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида юз берган Ямома жангида кўплаб Қуръон қориларининг шаҳид бўлиши Қуръон матнини бир жойга жамлаш заруратини кучайтирди. Имом Бухорий Зайд ибн Собитдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга Қуръонни жамлашни таклиф қилган. Бу вазифа Зайд ибн Собитга топширилган. Зайд Қуръон оятларини ёзма манбалар ҳамда саҳобаларнинг ёдидаги қироатлар билан солиштириб жамлаган. Натижада Қуръон суҳуф — саҳифалар мажмуаси ҳолига келтирилган. Бу саҳифалар дастлаб Абу Бакрда, кейинчалик Умар ибн Хаттобда, ундан сўнг эса Ҳафса бинти Умар ҳузурида сақланган.
Усмон ибн Аффон даври: расмий Мусҳаф нусхалари
Усмон ибн Аффон халифалиги даврида ислом давлати ҳудуди кенгайиб, турли ўлкалардаги мусулмонлар орасида Қуръон қироатига оид тафовутлар сезила бошлади. Имом Бухорий Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисга кўра, Ҳузайфа ибн Ямон Армания ва манбаларда 'Азарбайжон' деб аталган тарихий ҳудудларга юришларида Шом ва Ироқ аскарлари орасидаги қироат фарқларини кўриб, Усмон ибн Аффонни бундан огоҳлантирган.
Шундан сўнг халифа Ҳафса бинти Умар ҳузуридаги саҳифаларни олиб келишни буюриб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан иборат ҳайъатга расмий Мусҳаф нусхаларини тайёрлашни топширган. Тайёрланган Мусҳафлар мусулмон дунёсининг йирик марказларига юборилган. Шу тариқа Абу Бакр даврида Қуръон бир жойга жамланган бўлса, Усмон ибн Аффон даврида мазкур матн асосида расмий Мусҳаф нусхалари тайёрланиб, мусулмон ўлкаларига тарқатилган.
Мусҳафнинг Марказий Осиёга келиш тарихи
Мусҳафнинг Марказий Осиёга айнан қачон ва қандай йўл билан келгани масаласи ҳануз илмий тадқиқотлар мавзуси бўлиб қолмоқда. Кенг тарқалган маълумотларга кўра, “Усмон Мусҳафи” XIV асрда буюк бобомиз Амир Темур томонидан Ироқдан Самарқандга олиб келинган. Шундан сўнг ушбу нодир қўлёзма узоқ йиллар давомида Самарқанддаги Нодир Девонбеги мадрасасида эъзоз билан сақланган.
1868-йил: Самарқанддан Санкт-Петербургга
Усмон Мусҳафи тарихининг ҳужжатлар билан аниқроқ кузатиладиган даври XIX асрдан бошланади. Мусҳаф 1868-йилда (айрим манбаларда 1869-йилда) Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилган ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, кейинчалик эса Салтиков-Шчедрин кутубхонасига топширилган.
1905-йил: Мусҳафнинг факсимиле нусхалари
Санкт-Петербургда Мусҳаф нафақат сақланган, балки илмий ва нашрий жиҳатдан ўрганилган. 1905-йилда унинг 50 дона факсимиле нусхаси тайёрланган. Бу нашр қадимий қўлёзмани бевосита кўриш имконига эга бўлмаган тадқиқотчилар учун унинг матни ва ёзув хусусиятларини ўрганишда муҳим манбага айланган.
1917-йилдан кейин: Мусҳафни қайтариш талаби
Сиёсий ўзгаришлардан сўнг мусулмон жамоатчилиги қадимий Мусҳафни ўз тасарруфига қайтариш масаласини кўтарди. Натижада қўлёзма Санкт-Петербургдан чиқарилиб, дастлаб Уфага олиб борилди. Шундан кейин унинг йўли яна Туркистон томон бурилди.
1924-йил: Тошкентга қайтиш
1924-йилда Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтарилган. Қўлёзма Ўзбекистон давлат тарихи музейида сақлана бошлаган. Шу тариқа Мусҳафнинг қарийб ярим аср давом этган Самарқанд — Санкт-Петербург — Уфа — Тошкент тарихий йўли якунланган.
1989-йил: диний идора тасарруфига топширилиши
Мусҳаф бир неча ўн йил давомида музей фондида сақланди. 1989-йилда Ўзбекистон ҳукумати қарори асосида қўлёзма Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилди. 1989-йил 14-март куни Тошкентда бўлиб ўтган мусулмонларнинг тўртинчи қурултойида Мусҳаф мусулмонлар тасарруфига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинги йилларда у Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланди.
1996–2000-йиллар: ЮНЕСКО эътирофи
Усмон Мусҳафининг халқаро миқёсдаги тарихида 1990-йиллар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон қўлёзмани ЮНЕСКОнинг “Memory of the World” — “Жаҳон хотираси” халқаро реестрига киритиш учун 1996-йилда тақдим этди. 1997-йилда Усмон Мусҳафи ушбу халқаро реестрга киритилди. 2000-йил 28-августда эса мазкур эътирофни тасдиқловчи махсус сертификат тақдим этилди. Шу тариқа қўлёзма халқаро даражада муҳим ёзма тарихий мерос сифатида эътироф этилди.
2007-йил: махсус сақлаш тизими
Қадимий қўлёзмани замонавий талаблар асосида сақлаш мақсадида 2007-йил 8-июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 115-сон қарори қабул қилинди. Германияда ишлаб чиқарилган махсус ҳимоя қурилмаси олиб келиниб, Мусҳафни муайян ҳарорат ва намлик шароитида сақлаш тизими яратилди. Бу қўлёзманинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш йўлидаги муҳим босқичлардан бири бўлди.
2025-йил 13-ноябр: янги манзил
Усмон Мусҳафи тарихидаги навбатдаги муҳим сана — 2025-йил 13-ноябр. Шу куни қўлёзма Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келиниб, Қуръони карим залидаги махсус ҳимояланган витринага жойлаштирилди. Шу кундан буён қарийб ўн тўрт асрлик тарих билан боғлиқ ушбу нодир ёдгорлик Марказнинг Қуръон залида намойиш этилмоқда.
338 варақдан иборат Мусҳаф
Бугунги кунда ушбу Мусҳаф 338 варақдан иборат бўлиб, ҳар бир варақнинг ўлчами 53 × 68 сантиметрни ташкил этади. Қуръон матни кийик терисига Ҳижоз хатида битилган. Қўлёзма ёзувида ҳаракат ва нуқталар қўлланмаган, ҳар бир саҳифада эса 12 қатор матн жойлаштирилган. Қуръони каримдаги 114 сурадан 89 таси ушбу Мусҳафда сақланиб қолмаган. Қолган 23 та суранинг айрим қисмлари бизгача етиб келган. Фақат иккита сура — Анъом ва Тоҳа суралари тўлиқ ҳолатда сақланган.
Бугун: 65 метрлик гумбаз остидаги Мусҳаф
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим залига кирган меҳмон аввало унинг кўламини ҳис қилади. Саккиз қиррали залнинг диаметри 45 метр, умумий майдони 1 638 квадрат метрни ташкил этади. Нигоҳ юқорига кўтарилганда 65 метр баландликдаги улкан гумбаз кўринади. Унинг безакларида 1 миллион 600 мингдан ортиқ Сваровсий кристаллари фойдаланилган. Залда замонавий мультимедиа технологиялари асосида махсус Қуръони карим маппинг-шоуси ҳам намойиш этилади. Унда Қуръони каримнинг нозил бўлиш жараёни ёруғлик, тасвир ва овоз уйғунлиги воситасида таъсирчан ва бадиий шаклда гавдалантирилади. Ана шу маҳобатли ва рамзий маконнинг марказида эса VII асрга мансуб Усмон Мусҳафи жойлашган.
Бир Мусҳаф атрофида 114 Қуръон қўлёзмаси
Қуръон залининг экспозицияси фақат Усмон Мусҳафи билан чекланмайди. Марказий экспонат атрофида жами 114 та Қуръон қўлёзмаси жамланган. Бу сон рамзий жиҳатдан ҳам муҳим: Қуръони карим 114 сурадан иборат. Экспозицияда Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар даврига оид Қуръон нусхаларини кўриш мумкин. Шу тариқа залга ташриф буюрган киши фақат битта қадимий қўлёзмани эмас, балки Марказий Осиёда асрлар давомида шаклланган Қуръон китобати, хаттотлик ва қўлёзмачилик маданиятини бир маконда кўради.
8 та ипак гилам ва 8 та шамс
Қуръон залининг яна бир муҳим бадиий қисми — Қуръон оятлари туширилган йирик ипак гиламлардир. Залнинг 4 равоқ қисмида жами 8 та йирик ипак гилам жойлаштирилган. Уларга Қуръони каримнинг турли сураларидан танланган оятлар битилган. Шу тариқа меъморчилик, хаттотлик, қўлёзма мероси ва замонавий музей технологиялари ягона маконда уйғунлаштирилган. Бундан ташқари, гиламлар устига доира шаклидаги 8 та шамс жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига махсус дуолар битилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати