АБУ ЮСУФ
У киши машҳур саҳобий Саъд ибн Ҳабтанинг авлодларидан бўлиб, исмлари Яқуб ибн Ибраҳим ибн Хунайс ибн Саъд ал–Ансорийдир. 112-ҳижрийда туғилдилар. Ўспиринлик вақтларидан ҳадис ривоят қилиш билан шуғулландилар ва ҳадисларни Ҳишом ибн Урва, Абу Исҳоқ аш-Шайбоний, Ато ибн Соиб ва уларнинг табақасидан бўлган кишилардан ривоят қилдилар. Фиқҳни аввал Ибн Абу Лайлодан, сўнгра Абу Ҳанифадан олдилар. У киши Абу Ҳанифанинг энг катта шогирди ва энг яхши ёрдамчилари эдилар. Абу Ҳанифа ҳам Абу Юсуфга таълим бераётган вақтларида ота-оналарининг фақирликлари учун у кишининг кўнгилларини кўтариб турар эдилар. Агар Абу Ханифа бўлмаганларида у киши таълим ололмаган бўлар эдилар. Абу Юсуф ҳам фақиҳ, ҳам олим, ҳам ҳофиз эдилар. Талҳа ибн Муҳаммад "Тарихул қузот" номли китобларида шундай дейдилар: "Абу Юсуф ўз асрининг энг кучли фақиҳи эдилар. Бирорта ҳам киши у зотни олдиларига тушган эмас. У киши илмда, ҳукмда, раёсатда ва қадрда энг юқори ўринда эдилар. Ишлари машҳур, фазилатлари зоҳир эди".
Ибн Абдулбар айтадилар: "Абу Юсуф бир эшитишда элликта ҳадисни ёдлаб олар эдилар, сўнгра ўринларидан туриб, уни одамларга ёздирар эдилар. У киши жуда кўп ҳадис ёд олган эдилар, лекин у кишига Абу Ҳанифанинг раъйлари жуда ҳам сингиб кетган эди”.
У киши биринчи бўлиб ўз мазҳабларида китоб ёздилар ва илмларини ер юзининг барча жойида тарқатдилар. Абу Ҳанифанинг мазҳабларини қўллаб-қувватлашда ва уни абадийлаштиришда у киши катта рол ўйнадилар. Дарҳақиқат, у киши Аббосийлар давлатининг қозиларининг қозиси мансабига тайинланганларидан ва давлатнинг барча вилоятларига қози тайинлашлик ҳуқуқи у кишининг қўлларига берилганидан у киши фақат ҳанафий мазҳабига мансуб кишиларнигина қозилик лавозимига тайинлар эдилар. Бу эса мазҳабнинг тарқалиши ва қўллаб-қувватланиши демакдир. У киши биринчи бўлиб ушбу юқори даражадаги мансабга эга бўлган кишидирлар. Абу Юсуф учта халифанинг даврида қозилик қилганлар ва қозиларни тайинлаганлар, улар: Маҳдий, Ҳодий ва у кишини жуда ҳам ҳурмат қиладиган Ҳорун ар-Рашиддир. Айтишларича Абу Юсуф биринчи бўлиб олимлар учун хос либос тайин қилганлар, ундан олдин олимларнинг барчалари ҳар хил кийимда юришар эди.
Абу Юсуф ижтиҳодда ва фиқҳда катта кучга ва нуфузга эга эдилар. Бир куни у кишидан устозлари Аъмаш бир масала ҳақида сўраган эдилар, у киши жавоб бердилар. Шунда у кишидан: "Сен бунга жавобни қаердан олдинг? - деб сўрадилар. Ўзингиз менга айтиб берган ҳадисингиздан, дедилар Абу Юсуф ва ҳадисни ёзиб бердилар. Шунда устозлари: "Мен бу ҳадисни ота-онанг бир-бирлари билан топишишларидан олдин ёдлаган эдим, лекин бунинг маъносини мана энди тушуңдим”, дедилар. У кишини билган илмлари орасида энг улуғи фиқҳ эди. У киши тафсирни, Расулуллоҳнинг ғазотларини, арабларнинг кундалик ҳаётларини ва бошқа илмларни ҳам билар эдилар. Абу Ҳанифанинг шогирдларининг ичида у кишига ўхшагани бўлган эмас.
Абу Юсуф Имом Моликнинг олдиларига борганлар. У киши билан кўпгина масалалар устида мунозара қилганларидан кейин, у кишидан илм ола бошлаганлар. Сўнгра Ироққа қайтиб келганлар. У киши Ҳижозликларни илмидан кўпгина фойда олганлар. Абу Юсуф биринчи бўлиб, икки мазҳабни бир-бирига яқинлаштирганлар ва ироқликлар билан ҳижозликлар ўрталаридаги келишмовчиликка чек қўйганлар. Аҳли ҳадислар у кишини муҳаддислар қаторига қўшганлар ва у кишига тасаннолар айтганлар. Ибн Маъин айтадилар: “Раъй эгалари (яъни, ўша вақтда Ироқ, Кўфа ва шу каби шаҳарларда яшаган, хусусан Ҳанафий мазҳаб олимларига “раъй эгалари” дейилар эди) орасида Абу Юсуфдан кўра кўпроқ ҳадис ёдлаган ва айтган ҳадисига ишонса бўладиган киши йўқ”. Яна шундай деганлар: “Абу Юсуф ҳадис эгаси ва суннат эгасидир”. Ибн Маъин, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Алий ибн Мадиний Абу Юсуфни ҳадис борасида “сиқа” (ишончли киши) эканликларига иттифоқ қилишган. Ибн Жарир Табарий айтадилар “Абу Юсуф раъйга берилганликлари билан бир қаторда қозилик мансабида ўтирганликлари учун бир тоифа кишилар у кишининг ҳадисларини олишмас эди”
У киши 166 ҳижрийда қозиликка сайландилар ва 183 ҳижрийда вафот этганлар. То вафотларига қадар шу мансабда турдилар. У кишининг ёзган китобларидан фақатгина “Хирож” рисоласи қолган.
Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний
У киши Муҳаммад Ибн Ҳасан ибн Фарқад Аш-Шайбонийдирлар. Абу Ҳасан аслида Шомдан бўлиб, Ироққа кўчиб келган. У ерда 131 ҳижрийда Восит деган жойда Муҳаммад дунёга келдилар ва Кўфада ўсиб улғайдилар. У ерда ҳадис илмини ўргандилар ва ҳадисларни Масъар, Молик, Авзоъий ва Саурийлардан тингладилар. Абу Ҳанифага шогирд бўлдилар ва фиқҳни у кишидан ўргандилар. Абу Ҳанифа билан кўп вақт бирга бўла олмадилар, чунки Абу Ҳанифа у киши эндигина илм ола бошлаганларида вафот қилдилар. Сўнгра илмни Абу Юсуфдан олдилар. У киши ақл ва заковат соҳиби эдилар. Шунинг учун илмда юқори мартабаларга эришдилар. Ҳаттоки Абу Юсуф ҳаётлик даврларидаёқ Ҳанафий мазҳабидаги кишилар у кишига мурожаат қиладиган бўлишди. Оқибатда икковлари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди. Келишмовчилик Абу Юсуф вафот қилгунларича давом этди.
Муҳаммад Мадинага ҳам борганлар. У ерда Имом Моликдан дарс олганлар. Муваттода уларнинг хос ривоятлари ҳам бор. Бағдодда Шофеъий билан учрашдилар ва у кишининг китобларини ўқидилар. У киши билан кўпгина масалаларда мунозара қилдилар. Шофеъийнинг китобларида ўрталарида бўлиб ўтган қимматли мунозаралар баён қилинган. Имом Муҳаммаднинг Молик билан учрашганлари ва Шофеъий билан бўлиб ўтган мунозаралари у кишининг ижтиҳодларига ва ҳукмларни истинбот қилиб олишларига сезиларли даражада таъсир қилди.
У киши одамлар орасида Аллоҳнинг китобини энг билимдони, араб илмлари ва ҳисоб илмининг моҳири эдилар. Абу Убайд айтадилар: “Мен Аллоҳнинг китоби бўйича Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра билимдонроқ кишини кўрмадим”. Шофеъий айтадилар: “Мен Муҳаммаддан битта туяга юк бўладиган илм олдим ва бу кишичалик енгил ҳаракат қиладиган семиз кишини кўрмадим. У ўз китоблари орқали Абу Ҳанифанинг илмини тарқатган кишидир”. Имом Аҳмадга: “Бу аниқ масалаларни сиз қаердан олдингиз?” – деб сўрашганда, у киши: “Муҳаммаднинг китобларидан”, деб жавоб бердилар.
У кишидан илм олиб фақиҳ бўлиб етишганлардан: Абу Ҳафс Кабир, Абу Сулаймон Жузжоний, Мусо ибн Носир Розий, Муҳаммад ибн Саммоъа, Исо ибн Абон, Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалардир. У кишининг ёзган китоблари жуда кўп бўлиб, уларнинг сони тўққиз юз тўқсонтагача етади ва уларнинг барчаси диний илмлар ҳақидадир. Ҳанафийлар мазҳабда Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларига суянадилар. Ҳорун ар-Рашид у кишини қозиликка тайинлаганлар ва у киши билан Хуросонга бирга сафар ҳам қилганлар. У киши 189 ҳижрийда Рай шаҳрида вафот этганлар ва ўша ерда дафн қилинганлар.
АБУ ҲАНИФАНИНГ ШОГИРДЛАРИНИ У КИШИНИНГ ФИҚҲИГА КЎРСАТГАН ТАЪСИРЛАРИ
Юқорида номлари зикр қилинган кишилар Абу Ҳанифанинг мазҳабларини тарқатган, у кишининг айтган гапларини китобларга битган ва у кишига жуда ҳам кўп кўмак берган кишилардир. Улар фиқҳ масалаларини тузишда ва уларга жавоб беришда катта мавқеъ эгаллаганлар. Улар Абу Ҳанифага нисбатан тақлид қилувчи бўлмаганлар, балки у кишининг ўқувчилари бўлганлар. Шу билан бирга улар мустақил тарзда фатво ёзганлар. Улар Абу Ҳанифа берган фатво билан тўхтаб қолмаганлар, балки баъзи ҳолатларда у кишининг фатволарига хилоф тарзда ҳам фатволар беришган. Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад Ҳижоз имомларидаги баъзи ривоятлардан огоҳ бўлганларидан кейин Абу Ҳанифанинг кўпгина раъйларидан қайтдилар. Улар Абу Ҳанифага эргашган мужтаҳидлардир. Чунки улар ижтиҳодда ва фатво беришда Абу Ҳанифа юрган йўлдан юрдилар ва у кишининг қоидаларига суяндилар.
Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг Абу Ҳанифага бўлган нисбати Шофеъийнинг Моликка ёки Ибн Ҳанбалнинг Шофеъийга бўлган нисбатига ўхшаш эмас. Чунки тўрт имомнинг ҳар бирларини истинбот қилишда ўз йўл йўриқлари бор, бу йўл-йўриқлар бир-биридан фарқ қилади. Бу имомларнинг бирлари иккинчиларининг йўлини тутган эмаслар. Бунга сабаб уларнинг ҳар бирларини асарни ўз ижтиҳодлари ила тушунишларидир. Оқибатда бирлари қиёсни олсалар, иккинчилари истеҳсонни оладилар, учинчилари наздида асар кучлироқ бўлиши мумкин ва ҳаказо.
Аммо, Абу Юсуф ва Муҳаммад эса, Абу Ҳанифанинг йўлларини маҳкам тутганлар. Албатта, баъзи фаръий масалаларда у кишига хилофан фатво берган жойлари ҳам мавжуд.
ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДАГИ ФИҚҲ МАСАЛАЛАРИ
Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳ масалалари уч қисмга бўлинади:
Биринчи қисм – аслий масалалар. Улар ривоятларнинг зоҳири деб номланадиган масалалардир. Булар Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдлари, масалан, Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар ва бошқа кишилардан ривоят қилинган масалалардир. Лекин бу масалаларнинг аксари Абу Ҳанифа ва у кишининг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад ёки иккаларидан бирларининг гапларидан иборатдир. Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бирлари бўлмиш Муҳаммад ибн Ҳасан Аслий масалаларни “Ривоятларнинг зоҳири”, деб номланмиш олтита китобга жам қилганлар.
Иккинчи қисм – нодир масалалар. Улар “Ривоятларнинг зоҳири” китобида келтирилмаган Абу Ҳанифадан ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинган масалаларидир.
Учинчи қисм – Фатволар. Улар мутааххир Ҳанафий мужтаҳидларининг Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалаларда ўз мазҳабларидан келиб чиққан ҳолатда берган фатволаридир. Ҳанафий мазҳаби бўйича танилган биринчи фатво китоби Абу Лайс Самарқандийнинг “Китобун-навозил” китобидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).
وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ
“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).
وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).
Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).
Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ
“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).
Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.
Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.
Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).
Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.
Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.
Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.
Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:
Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.
Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.
Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.
Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси