Ислом динида шариатга зид бўлмаган ҳар қандай касб-ҳунар, ҳар қандай соҳа вакили қадрланади. Жамият ривожи, аҳоли фаровонлиги учун қилинган зарра амал ҳам эътирофсиз, мукофотсиз қолмайди. Балки ҳар қандай яхши амал рағбатлантирилади. Бу ҳақда Қуръони каримда бндай дейилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур…” (Анъом сураси, 160-оят).
Оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ким қайси соҳа ва қайси йўналишда бўлишидан қатъи назар, бир яхши амал қилган кишини ўн баробар мукофот билан тақдирлаши нафақат хизматни тақдирлаш, балки рағбатлантириш ҳамдир. Бундай мисоллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп учрайди.
Мукофоти улуғ ва эътиборга сазовор амаллардан бири бу – Ватанни қўриқлаш, уни турли ғаразли кимсаларнинг юрт ва кишилар хотиржамлигига солмоқчи бўлган рахналаридан огоҳ бўлиб туришдир. Бу ҳақда Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч (тоифа кишиларнинг) кўзлари жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз, (Аллоҳдан) қўрққани туфайли йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар (яъни, номаҳрамларга назар солиш)дан тийилган кўз” (Имом Табароний ривояти).
Бу уч тоифа инсонга Аллоҳ таоло тарафидан энг катта мукофот ва тақдир берилади. Улардан дастлабкиси “Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз…” дея хоҳ чегарада, хоҳ юрт ичида бўлсин Ватанни ва ушбу диёрда яшаётган инсонлар хотиржамлиги йўлида бедор бўлган киши зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳнинг розилиги учун ватан ҳимоясида қўриқчилик қилиш ниҳоятда хайрли амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайигми?” дедилар. Улар: “Албатта, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: “Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб таҳорат олиб, масжидларга узоқ йўлдан бориш ва намоздан сўнг (кейинги) намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун “муробитлик”дир”, дедилар» (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоийлар ривояти).
Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегарани қўриқлаб турган одам “муробит” дейилади. Ҳадисда мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан “муробит” деб аталмоқда. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда.
Демак, “муробит”, яъни, мўминларни ҳимояси учун чегарада турган кишиларнинг хатолари кечирилади ва даражалари кўтарилади. Қолаверса, бу амалнинг қиймати ва фазилати улуғлигидан “Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб таҳорат олиб, масжидларга узоқ йўлдан бориш ва намоздан сўнг (кейинги) намозни интизор бўлиб кутиш”нинг савоби ҳам айнан ушбу амалга бериладиган ажрларга тенглаштирилмоқда.
Ҳар бир мусулмон киши ўзи яшаб турган юрт ҳимояси учун, мўминларнинг хотиржамлиги учун ҳисса қўшиши лозим.
Сўзимиз сўнгида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимиз сарҳадларида йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган аскарларимиз, чегарачиларимиз ва фидойи ўғлоларимизни самимий табриклаймиз. Машаққатли ва шарафли хизматлари учун Аллоҳ таоло уларга битмас ажрлар, мукофотлар ато этсин.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби
Инсон зиммасида бир нечта омонатлар борки, буларни қадрлаш зарур ҳисобланади. Ўз жонига ўзи қасд қилиш эса ана шу омонатга хиёнат қилишдир. Бинобарин, Қурони карим Нисо сураси 29-оятида Ҳақ таоло хитоб қилган: "Бир-бирларингизни ўлдирмангиз".
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўлни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради" (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Мўътабар фатво китобларимиздан “Фатавои Сирожия”да: “Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра қаттиқроқдир!”
Юқорида келтирилган манбалардан кўриниб турибдики динимиз инсон ўз жонига қасд қилишга эмас, балки бу омонатни асрашга қадрлашга чақиради. Лекин, жамиятда баъзи инсонлар борки, ўз жонига қасд қилишга, худкушликка рағбат қиладилар. Аслини олганда ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ берган неъматни мутлақо менсимасликдир. Шу билан бирга бундай ҳолат ўша жамиятга ҳам мусибат ҳисобланади.
Ўзини-ўзи ўлдиришнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ ва каттароқ ҳисобланади. Энди, салгина ҳаёт ташвиши деб, озгина ғам ва алам деб ўзини ўлдираётганларнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ эканлигини билдик. Бироқ, бундан ҳам энг ачинарлиси, бировларнинг ёлғон-яшиқ гапларига учиб, “фатво”ларига алданиб, бегуноҳ мўмин-мусулмонларни ўлдиришга қасд қилиб ўзини ўлдиришнинг гуноҳи бундан неча баробар оғирроқ ҳисобланади. Бу шаҳидлик эмас, бу қаҳрамонлик ҳам эмас, балки худкушликдир.
Уйчи тумани "Девона бобо" жоме масжиди имом-хатиби
Абдуфаттоҳ Мусаханов
Манба: @Softalimotlar