Сабр диннинг ярми, намоз эса унинг устунидир. Кимда ким шу икки асосни маҳкам ушласа, барча яхшиликка эришишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Абу Сулаймон Дороний раҳимаҳуллоҳ: "Энг мушкул, шу билан бирга энг қадрли нарса сабрдир. Унинг икки тури мавжуд. Биринчиси Аллоҳ буюрган амални бажариш йўлида сабр. Иккинчиси Аллоҳ таоло ман қилган ва нафс истаб турган амалдан тийилишда сабр", деганлар.
Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳи: "Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Биз ўз хоҳиш – истакларимизни Роббимизнинг иродасидан устун қўймаслигимиз лозим. Нимаки содир бўлса, барчаси Аллоҳ таолодан эканлигига иқрор бўлиш билан бандалик юзага чиқади. Ҳа, ҳақиқий қул шундай бўлади. У ўз ҳожасининг ҳохишига эътироз билдирмайди".
Абдулқодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳ одамларга юзланиб бундай дедилар: "Ўз ҳолингиздан нолиманг. Ҳамиша cабрли бўлинг, асло Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманг. Зеро, ҳолис Аллоҳ таоло учун қилинган сабр ва бардош албатта мукофотсиз қолмайди. Озгина сабр қилиш, узоқ йиллар унинг роҳатини кўришга сабаб бўлади. Кимки ўзининг қатъийлиги билан машҳур бўлса, билки у қилган сабри билан машҳур бўлган".
Дарҳақиқат, сабр барча яхшиликларнинг калити, яхшиликлар эса бараканинг калитидир. Демак, кимда ким сабрли бўлса, иншааллоҳ барча яхшиликларга эришади.
Даврон НУРМУҲАММАД
1. Бомдод намозининг суннатини енгил ўқиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида азон ва иқомат орасида енгил икки ракат ўқир эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. Биринчи ракатда Кафирун, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдоднинг икки ракатида “Қул йаа айюҳал каафирун” ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқирдилар» (Имом Муслим ривояти).
3. Суннатдан сўнг озгина ёнбошлаш.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозининг суннатидан кейин ўнг тарафлари билан озгина ёнбошлаб ётар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
4. Ёсин сурасини ва Ҳашр сурасининг охирги уч оятини тиловат қилиш.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Ёсин” Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳни ва охират кунини умид қилиб ўқиса, албатта, мағфират қилинади. Уни ўликларингизга ўқинглар», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Ким “Ёсин”ни қироат қилса, Аллоҳ унга бу қироати учун Қуръонни ўн марта қироат қилган(савоби)ни ёзади» дедилар (Имом Термизий, Имом Байҳақий ривояти).
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким субҳ чоғида уч марта “Аъузу бисмиллаҳис самийъил алийм, минаш шайтонир рожийм” деб, Ҳашр сураси охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
5. Бомдод намозидан кейин ўша жойда ўтириш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг намоз ўқиган жойларида то қуёш яхши чиқиб олгунича ўтирар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
6. Қуёш чиққанидан сўнг икки ракат ишроқ (қуёш чиқиши) намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
7.Сўнгра зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД