Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Феврал, 2026   |   13 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:42
Аср
15:57
Шом
17:43
Хуфтон
18:58
Bismillah
01 Феврал, 2026, 13 Шаъбон, 1447

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Бешинчи муъман биҳнинг шарҳи (Ўттиз учинчи мавзу)

18.01.2021   2105   4 min.
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Бешинчи муъман биҳнинг шарҳи (Ўттиз учинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

Бешинчи муъман биҳнинг шарҳи

 

Яна охир кунининг иймони,

Будур, айтай, эшитингиз они.

Бурноғи манзил анда гўрдурур,

Гўр элидин Худой сўрдурур.

Ул сўриқчи икки фариштадур,

Ким, бурун бўлди отлари мазкур.

Дер, Худойинг, пайғамбаринг кимдур?

Динингу роҳу раҳбаринг кимдур?

Гар жавобини басавоб дегай,

На алам кўргайу на ғусса егай.

Қабрини кенг Худой қилғай анга,

Равзан учмоқ сари очилғай анга.

Кеча-кундуз анга аён бўлғай –

Ким, ери равзада қаён бўлғай.

 

Гар жавобини яхши айтмаса,

Тенгри анинг сариға қайтмаса,

Бошиға оҳанин чумоқ егай,

Роҳату айши ал-фироқ, дегай.

Унини топқонида гурз асари,

Эшитур ғайри одамий-парий.

Гар парию башар эшиткайлар,

Ғуссадин  жонларин  эриткайлар.

Қабр ул навъ зўр ила сиққай,

Бир-бирига сўнгакларин тиққай.

Равзан ўлғай анга сақар сариға,

Юз туман ранжу шарар сариға.

Ерини дўзах ичра кўргай ул,

Гаҳ ўту гаҳ ях ичра кўргай ул.

 

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Иймон келтириш шарт бўлган бешинчи нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг бешинчи шарти)

 

Яна охират кунига ишонмоқ шартдир, мен айтайин, сиз буни эшит(иб эслаб қол)инг.

Охиратнинг  биринчи  манзили  қабрдир.  Қабр  аҳлини Аллоҳ таъоло (икки фаришта орқали) сўроқ қилдиради. Сўрайдиган у зотлар эса икки фариштадирки, олдинроқ номлари (Мункар ва Накир деб) зикр қилинди.

 

Улар: “Раббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг қайси?  Йўлинг қайси ва раҳбаринг ким? (Қибланг қаер?)” деб сўрайдилар.  Агар  киши  жавобини  тўғри  айта  олса,  у  на  алам-азоб кўради, на ғам-ғусса чекади.

 

Аллоҳ қабрини унга (кўзи етадиган жойгача) кенг қилиб қўяди ва жаннат сари (жаннатдаги манзилини кўриб туриши учун) унга қабрдан бир дарча очиб қўйилади. Ҳар кеча-кундуз  унга  жаннатдаги  жойи  қаерда  эканлиги  аён  бўлиб туради.

 

Агар  (қабрдаги одам икки фаришта сўроғига) жавобини  яхши  айта  олмаса,  Аллоҳ  у  томонга  қайтмаса, яъни  ундан  юз  ўгирса,  у  бошига  темир  гурзидан  зарбалар  ейди. Раҳмати ва яхши ҳаёти унга ал-фироқ (ал-видо) дейди.  (Чумоқ  – олти қиррали темир гурзи. – “Ғиёс ул-луғот”)

 

Гурзи асари етиб, у доду фарёд қилганида, унинг фиғону ноласини одамзод ва жин қавмидан бошқа барча мавжудоту махлуқот эшитади. Агар уни жин қавми ва одамзод қавми эшитса эди, ғуссадан (қайғудан) жонлари эриб кетар эди.

 

Қабр уни куч билан шу қадар қаттиқ қисадики, ҳар қисганида суякларини бир-бирига киритиб юборади. Унга дўзахдаги жойи томон, юз минг азоб ва олов-аланга томон бир дарча очиб қўйилади. У  дўзах  ичидаги  ўз  жойини  гоҳ  олов,  гоҳ  муз  ичида  кўриб туради.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси яқинлашмоқда...

12.02.2025   33296   5 min.
Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси яқинлашмоқда...

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: ризқлар тақсимланади, қисматлар белгиланади, гуноҳлар мағфират этилади
 

Эслатма! Бу йилги бароат кечаси 2 февраль душанба кунидан 3 февраль сешанбага ўтар кечасига тўғри келмоқда, иншаАЛЛОҲ.

 

Бароат сўзи қандай маънони англатади?

“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.

 

Бароат кечаси қандай кеча?

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида дуолар қабул бўлади

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.

 

Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.

2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.

“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.

3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.

Айниқса,

أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ جَلَّ وَجْهُكَ لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ

“Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.

4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.

Хусусан,

سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حولَ ولا قوةَ إلا بالله العلي العظيم

“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.

5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди), дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

 

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД