Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июн, 2026   |   19 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:57
Хуфтон
21:33
Bismillah
06 Июн, 2026, 19 Зулҳижжа, 1447

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал

25.02.2021   5314   12 min.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал

У киши Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад аш-Шайбоний ал-Марвазий, сўнгра ал-Боғдодийдирлар. Оналари Марв шаҳридан у кишига ҳомиладорлик вақтларида чиққанлар ва 164 ҳижрий йилда Боғдодда туғилганлар, шу ерда вояга етганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ суннатни жамлашга ва уни ёд олишга бутун вужудлари билан киришдилар, натижада ўз асрининг муҳаддисларининг имомига айландилар. У киши Кўфа, Басра, Макка, Мадина, Шом ва Яманда бўлганлар. Ҳадисларни Ҳошим, Иброҳим ибн Саъд, Суфён ибн Уяйна ва бошқалардан ривоят қилганлар. Фиқҳни Имом Шофеъийдан у киши Боғдодга келган вақтларида олганлар. Шофеъийнинг бағдодлик шогирдлари ичида энг каттаси бўлганлар, сўнгра ўзлари мустақил тарзда мужтаҳид бўлганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўз яқинлари орасида суннати набавияни ёдлаш, уни тўқима ҳадислардан тозалаш ва уларни жамлаш билан кўзга ташландилар. Бунинг далили сифатида қирқ мингдан зиёд ҳадисни ўз ичига олган “Ал-Муснад” китобларини кўришимиз мумкин. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга бошқаларда бўлмаган қувваи ҳофиза берилган эди. Абу Заръа айтадилар: “Аҳмад ибн Ҳанбал вафот қилган куни мен у кишидан қолган китобларини чамалаб кўрсам, роппа-роса ўн икки ҳамл чиқди (бир ҳамл 249,6 кг.), мана шуларнинг ҳаммасини у киши ёддан билар эдилар. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғиллари Абдуллоҳ айтадилар: Отам менга: “Вакиънинг китобидан хоҳлаганингни танлаб ол ва ундаги хоҳлаган ҳадисни сўрагин, мен уни иснодини сенга айтиб бераман, ёки хоҳлаган иснодни сўрагин, мен ундаги ҳадисни айтиб бераман”, дедир эдилар. У киши ўз замонасининг ғоятда тақволи ва зоҳид кишиси эдилар. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Боғдоддан чиқиб кетдим ва ортимда Ибн Ҳанбалдан кўра фақиҳроқ, тақводорроқ, зоҳидроқ ва олимроқ киши қолмади”.

Аҳмад ибн Ҳанбал халифалар Маъмун, Муътасим ва Восиқ замонларида бошларидан кўп машаққатли синовларни ўтказдилар. У кишини Қуръонни махлуқ дейишга мажбурлашди, аммо у киши бундан бош тортдилар. Бу азоблар у кишини қатъиятликларини синдира олмади ва шу сабабли Ислом умматининг буюк йўлбошчисига айландилар. Агар Аҳмад Ибн Ҳанбал бирор киши ҳақида: “Бу жуда ёмон одам десалар, халойиқ у кишини ҳаттоки жанозасига ҳам бормас эди, агар бирор олим ҳақида: “Бу жуда ҳам яхши инсон”, десалар одамлар ҳам у олимни севиб ҳурмат қилишар эди.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўз эътиқодларига содиқ ва собит бўлишлари бошларига тушган ва мусулмонларнинг бошидаги ғам ташвишни бартараф бўлишига сабаб бўлди. Ибн ал-Мадиний айтадилар: “Аллоҳ таоло исломни икки киши билан қувватлантирди: биринчиси, араблар диндан қайтиб муртад бўлган кунда Абу Бакр Сиддиқ билан қувватлантирган бўлса, иккинчиси, Қуръонни махлуқ дейилган мусибатли кунда Аҳмад ибн Ҳанбал билан қувватлантирган.

Куръонни махлуқ демаганликлари учун Аҳмад ибн Ҳанбалга халифа Муътасим томонидан дарра урдирилган. Дарра урган ходим айтади: “Аллоҳга қасамки, Аҳмад ибн Ҳанбални урган даражада агар туяни урганимда у ўлган бўлар эди”. Аҳмад ибн Ҳанбалга дарра урилганидан кейин ўша даврда яшаган тариқат пешволаридан бўлмиш Бишр ал-Ҳофийга: “Сиз  Аҳмад гапирган гапларни гапира оласизми? дейишганда, у: “Йук, мен ундай қилишга қурбим етмайди, Аҳмад ҳозир пайғамбарларнинг мақомида турибди”, - деган.

Бир куни у кишини ёнларига Ал-Марвазий келдилар ва: “Эй устоз! улар Сизни калтаклашга олиб келишди, ахир Аллоҳ таоло Қуръонда “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” деган-ку (яъни, ўзингизни ҳалокатга ташлаб калтак остида қолгандан кўра Қуръонни махлуқ деб қўяқолсангиз бўлмайдими?” - дедилар. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал ал-Марвазифга: “Ташқарига чиқиб  қара”, дедилар.  Ал-Марвазий айтадилар: “Ташқарига чиқиб халифанинг ҳовлисига қарасам, у ерда тумонат одам тўпланган бўлиб, ҳар бирининг қўлида қалам ва қоғоз бор эди. Мен улардан: “Нима қилаяпсизлар?” - деб сўрадим. Улар: “Биз Аҳмадни оғзидан чиқадиган гапни кутиб турибмиз, нима десалар, шуни ёзиб олмоқчимиз, - дейишди. Кейин мен Аҳмадни олдиларига бордим ва бўлиб ўтган гапни айтдим. Шунда менга қараб: “Эй ал-Марвазий, улар залолатдамилар?  Йуқ, ҳеч қачон, мен ўлсам ўламан, лекин уларни залолатга бошламайман”, - дедилар. Ал-Марвазий айтадилар: “Аҳмад Аллоҳни йўлида ўз жонини тиккан кишидир”.

Халифа Ал-Мутаваккил даврида мазкур синовларга барҳам берилди. Халифа томонидан Аҳмад ибн Ҳанбалга иззат-икром кўрсатилди, мол-дунё ҳадя қилинди. Лекин шунга қарамай Аҳмад ибн Ҳанбалга нисбатан Аллоҳ таоло банданинг жисмида ўрнашган, Аллоҳ таоло мужассам зот, Аллоҳ бирор бир жиҳатга мансуб, деган эътиқодни илгари суради каби туҳматлар давом этди. Ҳарфлар ва овозлар қадимдан мавжуддир, деган ақидани ҳам у кишига нисбат беришган. Лекин бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон. Аҳмад ибн Ҳанбал бу масалаларда салаф уламоларининг мазҳабларидан юриб, масалаларни асл моҳиятини Аллоҳнинг ўзига ҳавола қиладилар, уни таъвил қилишдан (яъни, ўзларича маъно беришдан) тийиладилар. Масалан, “Истиво” (яъни қасд қилиш) “яд” (яъни қўл) ва “улув” (яъни олий бўлиш)ларни Аллоҳнинг сифатлари деб билиб, Аллоҳни ҳар қандай айбу-нуқсондан поклаш мақсадида уларнинг кайфиятларини номаълум деб эътиқод қилганлар.

 

ҲАНБАЛИЙ МАЗҲАБИНИНГ ТУЗИЛИШИ

 

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ижтиҳод усуллари Шофеъийнинг ижтиҳод усулларига жуда яқин. Чунки у киши фиқҳни Шофеъийдан олганлар.

Ибн ал-Қайюм ўзларининг “Аъломул муаққеъийн” китобларида айтадиларки: “Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фатволари қуйидаги усулларга асосланган:

  1. Насслар: Қуръон ва ҳадис. Агар Қуръон ёки ҳадис топсалар, ўша ўйича фатво берадилар, унга хилоф булган нарсага ҳам, унга хилоф сўзлаган кишига ҳам қарамайдилар. Шунинг учун Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрат Умарнинг Фотима бинт Қайс ривоят қилган ҳадисга хилоф тарзда гапирган гапларига қарамадилар. Шунингдек бирор амални, раъйни, қиёсни, саҳобийнинг гапини саҳиҳ ҳадисдан олдинга қўймаганлар. Саҳиҳ ҳадисдан олдинга қўйишга лойиқ бўлмаган нарсани ижмоъ деб даъво қилган кишиларни Имом Аҳмад ёлғончи деганлар.
  2. Саҳобаларнинг фатволари. Агар бирор саҳобийнинг фатвосини топсалар ва унга мухолиф тарзда сўз гапирилмаган бўлса, ундан бошқасига ўтмас эдилар, лекин уни ижмоъ деб ҳам атамас эдилар ва бирор бир амални, раъйни ва қиёсни ундан олдинга қўймас эдилар.
  3. Агар саҳобалар ихтилоф қилган бўлсалар, уларнинг гапларида Қуръон ва суннатга энг яқин бўлганини олар эдилар ва уларнинг сўзларидан четга чиқмас эдилар. Агар уларнинг сўзларидан ҳеч бирлариникини Қуръон ва суннатга мувофиқлигини аниқлай олмасалар бирор бир сўзни қатъий айтмай ихтилофни айтиб ўтиш билан кифояланар эдилар.
  4. Агар монеълик пайдо бўлмаса мурсал ва заиф ҳадисларни олганлар. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг наздларидаги “заиф”дан мурод “ботил” ёки “мункар” ёки ҳужжат қилишга ярамайдиган, ровийларнинг орасида муттаҳам бўлган ҳадислар эмас, балки у “саҳиҳ”, “ҳасан” каби истилоҳдаги “заиф” ҳадисларнинг бир туридир. У киши ҳадисларни “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф”ларга ажратмаганлар, балки “саҳиҳ” ва “зaиф”га бўлганлар. У кишининг наздларидаги “заиф”ни ўз тартиби бор. Агар бобда мана шу заифни рад қилувчи бирор бир асарни ёки саҳобийнинг гапини ёки унга хилоф бўлган ижмоъни топа олмасалар қиёсга қараганда мана шу заиф ҳадисга амал қилишни авлороқ билганлар.
  5. Қиёс. Агар бирор ҳадис ёки саҳобийнинг гапи ёки мурсал ёки заиф ҳадис топа олмасалар қиёсга амал қилишни зарур деб билганлар. Агар ҳужжатлар бир-бирига қарама қарши келиб қолса бирор ҳукм чиқармай таваққуф қилар эдилар (ҳукм чиқармас эдилар). Салафлардан бирор бир асар собит бўлмаган масала хусусида фатво беришликдан тийилар эдилар. Муҳаддис бўлган фуқаҳоларгина, шу жумладан Имом Моликнинг шогирдларигина фатво беришликка ҳақли дер эдилар ва уларга далолат ҳам қилар эдилар. Ҳадисдан юз ўгирган кишиларнинг фатволарини қабул қилмас эдилар” (Ибн ал-Қайюмнинг гаплари тугади).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ 241 ҳижрий йилда Бағдодда вафот қилдилар.

 

АҲМАД ИБН ХАНБАЛНИНГ ИЗДОШАРИНИ ОЗЛИГИ ВА УНИНГ САБАБИ

 

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларини ўзига хос жиҳати шуки, асосан ривоятга маҳкам суянади, фатво беришда шариъат нусусларидан (яъни Қуръон ва суннат) ёки саҳобийлардан ворид булган нарсалардан четга чиқмайди. Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида ижтиҳодий масалаларда фикр билдириш ва қиёсга амал қилинганлигини камдан-кам учратиш мумкин. Бу ҳақда юқорида у кишининг мазҳабларини тузилиш усули бобида кўриб ўтдик.

Имом Аҳмад ва у кишидан кейин келган издошларини қиёсга кенг йўл бермаслиги иккинчи томондан уларда нусусларни ва саҳобаларнинг гапларини жамлашликка бўлган қизиқишларини ортишига сабаб бўлди. Бу эса, ўз-ўзидан фиқҳ билан шуғулланувчилар учун кенг йул очиб берди. Бу нарсаларни ҳозирги асримизда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Чунки ҳозирги кунда исломий қонунларни ишлаб чиқувчи кишилар бирор бир масала ҳусусидa нaссга муҳтож бўлиб қолсалар ёки одамларни бирорта ишларини ҳал қилиб беришда қийинчиликка учраб қолсалар, дарҳол Имом Аҳмаднинг мазҳабларига мурожаат қилиб, ундан йўл ахтарадилар, яъни ундаги ривоятлардан фойдаланадилар. Масалан, бир лафз билан уч талоқ айтилганда бир талоқ тушиши борасида фатво бераётган шаръий маҳкамалар, фатво ҳайъатларининг далиллари асосан, Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан бўлмиш Ибн Таймия ва Ибн ал-Қайюмнинг ривоятларига таянадилар.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издошлари тўртинчи асрда Боғдодда жуда ҳам кўп бўлганлар, шунинг оқибатида улар куч-қувватларини ўз мазҳабларини кучайтиришга сарфладилар. Шaриатга  хилоф деб топган ҳар бир ишларида одамларга қарши чиқиб, дағаллик билан муомала қила бошладилар. Диндаги қаттиқкўлликларини қўллашликда омни хосдан ажратмадилар, балки устига устак Боғдоддаги Шофеъий мазҳабидаги кишиларга ҳам қарши чиқишгача бориб етдилар. Уларга азият етказишлиқда хаддан ошишлари натижасида Боғдодда одамларни ҳам, ҳокимларни ҳам дарғазаб қиладиган фитнани юзага келтирдилар. Оқибатда халифалар уларга қарши қўзғалдилар. Уларни тутган йўлларини ёмонладилар. Бошқаларга қарши қилаётган қаттиққулликларидан қайтмаганларига таҳдид қилдилар. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издошлари томонидан содир этилган бундай ҳаракатлар уларнинг жумуд, яъни фикр доиралари тор ва қотиб қолганлигидан далолат берар эди ва бу одамларни ундай кишилардан нафратланишларига сабаб бўлди.

Ўзларини Ҳанбалий мазҳабида эканлигини даъво қиладиган баъзи кишилар томонидан билдириладиган фикрларда муташаддидлик (қаттиқлик) кайфияти сезилиб турганлиги учун мазҳабнинг асл моҳиятини тушуниб етмаган баъзи авом халқнинг назарида ҳозирги кунда ҳам ушбу мазҳабга нисбатан ўзига хос тушунча сақланиб қолган. Аслида эса, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳаблари диндаги енгилликни ва ҳар қандай айбу-нуқсонлардан пок бўлган шариъатнинг ойнаси эканлигини ёрқин мисолидир. Мазҳабнинг имомининг ўзи унинг мазҳабига нисбатан айтилган гапларни ёлғон эканлигига кафилдир.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларига эргашувчиларнинг озлигига яна бир сабаб, Муҳаммад ибн Саъуд даврига қадар бу мазҳабга бирорта ҳам ҳукумат тақлид қилмаган. Айюбийлар ҳукумати Мисрда Шофеъий мазҳабини тарқатишга хизмат қилгани каби, Ҳанбалий мазҳабини ривожланишига бирорта ҳам ҳукумат хисса қўшмаган. Шу тариқа бу мазҳаб Ислом диёрларида жуда ҳам тор доирада, унга эргашувчиларнинг сони озлигича қолаверган. Ниҳоят, Ҳижозда Саудия ҳукумати барпо бўлганидан кейингина баъзи сиёсий омиллар сабаб бу мазҳаб ўша ерда қарор топди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!”

05.06.2026   11206   4 min.
“Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!”

Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.

У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.


Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.

Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.

Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.

Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:

Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.

 

Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:

“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.


Биз учун сабоқ

Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.

Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.


Ижтимоий тармоқлар тузоғи

Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.

Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.

Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.


“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати

Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.

Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.

 

Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?

Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:

Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!

Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.


Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.


Даврон НУРМУҲАММАД